Жамият | 16:18 / 08.04.2017
42339
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда қизларни Туркияга жўнатмоқчи бўлган она-бола қўлга олинди

Ёши элликка қараб кетаётган, бунинг устига беш нафар фарзанднинг онаси бўлмиш Дилдора Салимова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) жиноий йўл билан моддий бойлик орттириш мақсадида одам савдосидек жирканч ишга қўл урди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

У ўзининг қабиҳ ниятларини амалга оширишга қизи Нозима Салимовани ҳам жалб қилди. Уюшган гуруҳ аъзолари ўртасида вазифалар тақсимланган бўлиб, белгиланган режа бўйича иш олиб борилар эди. Она-бола гуруҳнинг фаол аъзолари сифатида Туркия давлатида яхши маошли иш таклифи билан У.Маликова ва З.Руслоноваларни ўз “тўр”ларига илинтиришди.

Она-бола ҳам икки жабрдийда билан гўзаллик салонида танишишди ва секин-аста қармоққа илинтириш ҳаракатига тушишди. Ўзаро суҳбатларнинг бирида Умринисо Маликова Туркия давлатига бориш нияти борлигини айтиб қолди. Бу она-бола учун айни муддао эди.

-  Мана биз ёрдам берамиз-да! – деди ўзини саховатпеша кўрсатиб Дилдора. – Туркияда танишим бор. Бола боқишга ва уй ишларини бажаришга одам керак, деяётганди. 500-600 “кўки”да тўлашаркан. Болага қараш қўлингиздан келадими?

-  Ҳа, келади. Меҳнатдан қочмайман, опа.

-  Унда мен гаплашиб кўраман.

-  Раҳмат Дилдора опа, бу яхшилигингизни ҳеч қачон унутмайман. 

-  Нималар деяпсиз, синглим. Ахир биз бир оиладек бўлиб қолдик-ку, - дейди Дилдора айёрона илжайиб.

Д.Салимова бир вақтнинг ўзида бошқа бир қизни ҳам авраб, розилигини олиб бўлган эди. Кўп ўтмай қизларнинг суратини интернет орқали гуруҳ раҳбарига юбориб, ундан авиачипта ва бошқа харажатлар учун 7 миллион сўмга яқин пул олишди. Бу маблағлар билан шаҳвоний мақсадларда фойдаланиш учун ўлжага айланган қизларни Истанбулга жўнатиш ҳаракатларини амалга оширишди. Режалари кўнгилдагидек амалга ошиши учун ҳатто У.Маликовани Н.Салимовага тегишли хонадонда зўрлик йўли билан сақлаб туришдан ҳам топ тортишмади.

Барча ҳужжатлар тайёр бўлганидан сўнг, ўтган йилнинг февраль ойида она-бола қизларни сафарга кузатиш учун Тошкент халқаро аэропортига келишди. Аэропортда уларнинг “қиссаси”га якун ясалди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан қўлга олинган она-бола одамфурушларга суд ўзининг одил ҳукмини ўқиди. 

Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди томонидан Д.Салимова 8 йил, Н.Салимова эса 5 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.

 

Мавзуга оид