Трамп ва Си Цзиньпин учрашуви якунлари сарҳисоб қилинди. Шимолий Корея бўйича қандай фикрга келинди?
АҚШ президенти Дональд Трамп ва Хитой халқ республикаси раиси Си Цзиньпин икки давлат ўртасидаги музокараларнинг янги шаклига ўтиш учун асос қўйишди. Бу ҳақда ТАССнинг маълум қилишича, давлат котиби Рекс Тиллерсон журналистларга айтиб ўтган.
«Уларнинг учрашувлари ижобий кайфиятда ва сермаҳсул ўтди», - дея таъкидлаб ўтди Тиллерсон. Унинг қўшимча қилишича, икки давлат раҳбари ўртасидаги ўзаро тушуниш юқори даражадаги делегацияларнинг кейинги учрашувлари учун асос бўлиб хизмат қилади.
Трамп «Хитой америкалик ишчилар учун бир хилдаги шароит яратиш бўйича аниқ қадамларни қўйиши кераклиги ҳақида фикр билдирган», шунингдек «бозорларга эркин кириш таъминланиши кераклигини яна бир бор таъкидлаб ўтди».
Бундан ташқари, АҚШ ва Хитой Корея ярим оролида ядро қуролини йўқ қилиш бўйича якдил фикрда эканликларини тасдиқлашган. Пекин ва Вашингтон «КХДРни муаммони тинч йўл билан ҳал қилишга ишонтириш мақсадида ҳамкорликни кенгайтириш ва халқаро жамоатчилик билан ишлашга келишиб олдилар».
Си Цзиньпин АҚШга 6-7 апрель кунлари расмий ташриф билан келди. Давлат раҳбарлари музокаралари Флорида штатидаги «Мар-а-Лаго» қароргоҳида ёпиқ эшиклар ортида ўтди. Муҳокамалар марказида савдо сиёсати, КХДР ядро дастури билан боғлиқ вазият, шунингдек қатор минтақавий масалалар бўлди.