Жаҳон | 10:00 / 09.04.2017
20520
1 дақиқада ўқилади

Трамп Шайрат авиабазасининг учиш йўлакчаси бешикаст қолганига тушунтириш берди

Фото: RIA

АҚШ президенти Дональд Трамп твиттерда ракеталар зарбасига учраган Суриядаги Шайрат авиабазасининг учиш-қўниш йўлакчаси нима учун бешикаст қолганига тушунтириш берди.

"Учиш-қўниш йўлакчаларига зарба берилмаслигининг асосий сабаби, уларни осонлик ва сарф-харажатларсиз таъмирлаш мумкин", деб маълум қилди Трамп.

7 апрелга ўтар кечаси АҚШнинг Ўрта ер денгизидаги "Росс" ва "Портер" эсминецларидан авиабазага 59 та ракета билан зарба берилган. Зарба оқибатида турли маълумотларга кўра, 4 нафардан 10 нафаргача суриялик ҳарбий ҳалок бўлган, 6 та МиГ-23 самолёти, омбор, ошхона, ўқув корпуси ва радиолокацион станция йўқ қилинган.  

Зарбадан бир кун ўтгач, аэродромдан самолётлар учиши қайта йўлга қўйилган.

АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсон аэродромнинг учиш-қўниш йўлакчаси фойдаланиш учун яроқли қолганини айтган, бироқ унинг таъкидлашича, зарбадан мақсад у бўлмаган.  

Мавзуга оид