Ўзбекистон | 17:20 / 12.04.2017
187055
11 дақиқада ўқилади

«Фавқулодда ҳолат». Ҳукуматга 10 кун муҳлат берилди

11 апрель куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу сафарги видеоселектор ўта танқидий руҳда ўтган.

«Кун.uz» манбасининг маълум қилишича, Шавкат Мирзиёев мамлакатда ижобий маънода «фавқулодда ҳолат» эълон қилган. Дунё иқтисодиётидаги ноаниқлар, нарх-навони прогноз қилиб бўлмаётгани халқ хўжалигига эътиборни кучайтириш, 24 соат ишлашни тақозо қилаётгани ҳақида гапирган. Мажлисда бош вазир ўринбосари, Макроиқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартиришлар, хорижий инвестицияларни жалб этиш комплексининг раҳбари Рустам Азимов сўзга чиқиб, дунё бозори конъюктураси ҳақида атрофлича тушунтириб берган ва президент томонидан таклиф қилинган чоралар зарурлигига далиллар келтирган.

Видеоселектор. Мажлисда муҳокама қилинган муҳим масалалар

Президент мажлисда деярли барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви раҳбарларини жиддий огоҳлантирган, баъзи амалдорлар ишдан бўшатилган.

Халқ таълими вазирлиги - У.И.Иноятов, Давлат рақобат қўмитаси - Д.А.Ҳидоятов, «Ўзфармсаноат» АК - М.М.Дўстмурадов, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази директори У.З. Салимов ва бошқа бир қатор бошқарув органлари раҳбарлари белгиланган талаблар ва Вазирлар Маҳкамасининг регламентини қўпол равишда бузилишига йўл қўйгани айтилган.

Вазирликлар, идоралар ва ҳокимликларнинг айрим раҳбарлари юритаётган иш услуби қоғозбозлик келтириб чиқараётгани таъкидланган. Марказий иқтисодий, молия ва банк органлари аппаратларида бюрократизм ҳолатларига барҳам берилмагани, хулосалар чўзилиб тайёрланиши оқибатида устувор вазифаларни амалий ва самарали ҳал этиш барбод қилинаётгани қайд этилган.

«Ушбу жиддий камчиликларни бартараф этиш учун Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Э.М.Ғаниев ва унинг ўринбосари Ш.А.Тўлаганов, шунингдек вазирлик аппаратининг бош бошқармалари ва бошқармалари раҳбарлари амалий чора-тадбирлар кўрмаяпти. Иқтисодиёт вазирлиги (Г.К.Саидова) ва Молия вазирлиги (Б.А.Хўжаев) томонидан Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, «Давархитектқурилиш» қўмитаси тизимини, республика соғлиқни сақлаш, олий таълим ва коммунал хизмат кўрсатиш соҳаларини ислоҳ қилиш бўйича ҳужжатлар туркуми пухта экспертизадан ўтказилиши таъминланмаган», деган президент.

Ички ишлар вазирлигининг (А.А.Азизов) марказий аппаратида ва унинг ҳудудий бўлимларида, айниқса, туман ва шаҳар бўғинида ижро интизоми тизимини жиддий равишда мустаҳкамлаш талаб этилиши қайд этилган.

«Вазирликнинг бутун тизимини ва айниқса туман бўғинини тубдан қайта ташкил этиш, шунингдек, профилактика инспекторлари иши самарадорлигини ошириш бўйича топшириқ асоссиз равишда сусткашлик билан бажарилмоқда. Ижро интизомининг пастлиги ҳолатлари ва мисоллари бошқа бир қатор ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида ҳам охирига қадар бартараф этилмаган», деган президент.

Давлат раҳбари Қашқадарё, Сурхондарё ва Хоразм вилоятлари ҳокимлари - З.Ш.Рўзиев, Э.О.Турдимов ва П.Р.Бобожонов томонидан назорат сусайтириб юборилгани, шунингдек, ҳукумат қарорлари лойиҳаларини вазирликлар ва идораларда пухта ишлаш ва экспертизадан ўтказиш муддатлари чўзилиб кетгани туфайли 2017 йилда ушбу ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни ўрганиш давомида берилган айрим топшириқларнинг ижроси кечиктириб юборилган ва тўлиқ ҳажмда бажарилмаган. Кўрсатиб ўтилган камчиликлар Тошкент шаҳри ҳокими Р.Ж.Усмоновга ҳам хос бўлган.

Ижро интизомини мустаҳкамлаш, Ўзбекистон президенти ҳужжатлари ва ҳукумат қарорлари лойиҳаларини ҳар томонлама иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказишни ташкил этиш, шунингдек, уларнинг ўз вақтида ва сўзсиз амалга оширилишини таъминлаш муаммолари Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи аппаратида талабчанлик етарли эмаслиги оқибатида юзага келаётгани қайд этилган.

Бошқарув органлари айрим раҳбарларининг, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимларининг шахсий масъулиятсизлигининг кўрсатиб ўтилган ҳолатлари, қабул қилинган қонунлар, Ўзбекистон республикаси президенти фармонлари, қарорлари, ёзма ва оғзаки топшириқлари, шунингдек ҳукумат қарорлари сўзсиз ва ўз вақтида ижро этилишига нисбатан юзаки муносабатда бўлиш, уларнинг мониторингини олиб боришнинг амалий тизими мавжуд эмаслиги муайян даражада мамлакатни изчил ривожлантиришнинг, унинг иқтисодиётини мустаҳкамлашнинг, аҳолининг моддий фаровонлигини ошириш ва жамиятда барқарорликни таъминлашнинг жорий ва истиқболдаги кўп қиррали вазифалари ўз вақтида ва самаралари амалга оширилишига салбий таъсир кўрсатаётгани келтириб ўтилган.

Кўрсатиб ўтилган ва бошқа камчиликларни кечиктирмасдан ва тезкор бартараф этиш, Ўзбекистон Республикаси президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини ташкил этиш ва мониторинг олиб боришнинг амалий тизимини яратиш, масъулиятсизликнинг, ўзининг тўғридан-тўғри функционал вазифаларини бажаришга юзаки муносабатда бўлишнинг ҳар қандай ҳолатларига йўл қўймаслик ва олдинга қўйилган мақсадлар ва вазифаларга эришиш сўзсиз таъминланиши учун мансабдор шахслар барча тоифаларининг шахсий жавобгарлигини белгилаш ва чораларни кучайтириш мақсадида мансабдор шахсларнинг ва улар раҳбарлик қилаётган вазирликлар, давлат қўмиталари, хўжалик бирлашмалари аппаратлари ходимлари ва барча даражалардаги ҳокимлар шахсий масъулиятсизлигининг ҳар қандай ҳолатлари мавжуд бўлиши, улар томонидан ва энг аввало қабул қилинган қонунларни, Ўзбекистон Республикаси президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари ҳамда топшириқлари, шунингдек, ҳукумат қарорларини амалга ошириш бўйича ижро интизомини сусайтирилишига тоқат қилинмайдиган ва йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат деб ҳисобланади.

2017 йил 26 мартда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раёсати томонидан Ўзбекистон Республикаси президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари ўз вақтида ва сифатсиз бажарилгани учун Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири - Э.М.Ғаниевга, Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарлари - А.К.Шодмонов, Б.А.Отахонов, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.К.Шароповга, «Ўзфармсаноат» компанияси раиси - М.М.Дўстмуродовга ва «Ўзбекэнерго» АЖ раиси - Ф.И.Саломовга, Навоий вилояти ҳокими - К.Б.Турсуновга, Наманган вилояти ҳокими - Х.Х.Бозоровга ҳамда Вазирлар Маҳкамаси департаментлари раҳбарлари Б.К.Юсупалиев, Д.Х.Набиев, И.Р.Маҳкамовга интизомий чора белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Б.Х. Абдусаматовни ҳайфсан шаклида интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига таклиф юборилган.

Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппаратининг Назорат бўлими мудири Ф.Х. Ғайбуллаевни лавозимидан озод этиш қарори қабул қилинган.

Қўмита ва унинг таркибий бўлинмалари фаолиятида самарали натижаларга эришилмагани, Вазирлар Маҳакамасининг 2017 йил 14 январдаги мажлисида берилган топшириқларнинг ижроси юзасидан амалий комплекс чора-тадбирлар кўрилмагани ҳамда Ўзбекистон Республикаси президенти фармони лойиҳасини пухта ишлаб чиқишдаги шахсий интизомсизлиги учун Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Д.Ҳидоятов лавозимдан олинган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси Б.И. Зокиров ва унинг биринчи ўринбосари А.Р.Тўхтаев ҳам ҳайфсан олган.

Шунингдек, 2017-2021 йиллар даврида республика олий таълим тизимини комплекс ривожлантириш дастурини ишлаб чиқишнинг белгиланган муддатлари қўпол равишда бузилгани ва пухта ишлаб чиқилмагани учун Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири Р.С.Қосимовга ҳайфсан эълон қилинган.

Тошкент шаҳри ҳокими Р.Ж.Усмоновга Ўзбекистон Республикаси президентининг ва республика ҳукуматининг айрим топшириқлари ўз вақтида бажарилмагани ва сифати даражаси пастлиги, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси регламенти талаблари бузилишига йўл қўйиб бўлмаслиги, ҳукумат қарорлари лойиҳаларини экспертизадан ўтказмасдан ва тегишли вазирликлар ва идоралар, энг аввало, ваколатли органлар билан келишмасдан киритишнинг бир қатор ҳолатларини қатъий кўрсатиб ўтиш кўрсатма қилинган.

Бош вазир А.Н.Арипов, бош вазирнинг биринчи ўринбосари О.Ж.Раматов, бош вазир ўринбосарлари Р.С.Азимов, Ғ.И.Ибрагимов, З.Т.Мирзаев, Т.К.Норбоева ва У.У.Рўзиқуловга 10 кун муддатда ижро интизоми пастлигининг кўрсатиб ўтилган камчиликларини бартараф этиш ва бундан буён уларга йўл қўймасликнинг амалий чора-тадбирлари 2017 йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича вазирликлар, давлат қўмиталари ва хўжалик бирлашмаларининг коллегиал органларида, Вазирлар Маҳкамаси комплекслари ва республика ҳукуматининг мажлисларида муҳокама қилиниши ва тасдиқланишини таъминлаш кўрсатма қилинган.

Бош вазирнинг биринчи ўринбосари А.Раматовга ўз комплекси таркибига кирувчи вазирликлар ва идоралар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз вақтида ва пухта тайёрлашда тизимли бузилишлар мавжудлигига, уларнинг раҳбарларига нисбатан талабчанлик йўқлигига эътибор қаратиш кўрсатма қилинган.

Рустам Азимов комплексида эса ўз вақтида бажарилмаган топшириқлар сони ўсаётгани кузатилаётгани қайд этилган. Унга ҳудудларда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, маҳаллий бюджетларнинг даромад қисмини кенгайтириш ва солиқ маъмурчилиги самарадорлигини оширишга, ушбу вазифаларни амалга оширишда вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликларининг иқтисодиёт ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосарларининг ишлари ўта етарли эмаслигига эътибор қаратиш вазифаси топширилган.

Бош вазир ўринбосари, Геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефт-кимё ва металлургия саноати масалалари комплекси раҳбари И.Ғ.Ибрагимовга йирик, энг аввало, нефть-газ тармоғидаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳужжатлар лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш, шунингдек, асбоб-ускуналар, материаллар ва хом ашёни импорт қилиш билан боғлиқ лойиҳаларни оптималлаштириш зарурлигига эътибор қаратиш вазифа қилинган.

Шунингдек, У.У.Рўзиқулов Вазирлар Маҳкамасининг ҳар бир комплекси бўйича экспортнинг ҳолати батафсил таҳлил қилинишига, шунингдек, республиканинг 66 фоиз ихтисослаштирилган қишлоқ хўжалик туманлари бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратиши кераклиги айтилган. Иқтисодиёт тармоқлари ва республика ҳудудларининг экспорт салоҳиятини ривожлантириш масалалари ахборот-таҳлил департаменти қадрларини шакллантиришда сусткашликка йўл қўйилаётгани қайд этилган.

Видеоселектор якунлари. Яна бир «тўртлик» ишдан кетди

 

 

Мавзуга оид