Спорт | 17:26 / 12.04.2017
38005
7 дақиқада ўқилади

Коинотдан ерга йўл. «Барселона» эрасининг қулаётганига беш сабаб

«Барса»нинг Европа чемпионлар лигасидаги навбатдаги йирик ҳисобдаги мағлубиятидан кейин батамом тушунарли бўлдики, Европада ҳукмронлик қилган Каталония эпоси ниҳоясига етди. Жамоа энди 2008-2011, 2015 йилдаги «Барселона» бўла олмаслигига бешта сабаб кўрсатиб ўтилган. Бу ҳақда Tribuna.Uz ёзмоқда.

Месси энди асосий фигура эмас

«Барселона»нинг Туринга ташрифидан олдинги сўнгги учрашувида энг яхши футболчи Лионель Месси бўлганди. «Малага»дан учралган мағлубиятни ҳисобга олмаганда, энг яхши, албатта.

Сўнгги ўйинлар кўрсатиб қўйдики, «Барселона» — ортиқ Месси жамоаси эмас. Аниқроғи энди у фақат Мессидан иборат эмас. Жамоанинг «ПСЖ»га қарши мавсумдаги энг ёрқин ўйинида ҳам бош ролни аргентиналик футболчи эмас, Неймар бажариб бергани кўзга ташланди.

Лео сўнгги пайтларда кетма-кет муаммолар гирдобига ўралашиб қолди: солиқлардан бўйин товлаш, терма жамоа ўйинларидан четлатилиши, энди эса — ёзги трансферлар вақтидаги у тузган «қора рўйхат». Кўринишидан Мессиниг ўзи ҳам бу ерда нима тўғрилигию, нима нотўғри эканини тушунмай қолди. Аммо битта ҳақиқат борки, буни инкор этиб бўлмайди: энди Лео бир ўзи бутун «Барса»ни елкасига олиб кўтариб юра олмайди.

Қариётган етакчилар ва умидсиз авлод

Бу иккинчи муаммо: Месси ўша эски «Барса»ни, марказда Хави-Иньеста ҳукмронлигида тўпни назорат қиладиган жамоани соғингани кўриниб турибди. Биринчи шерик аллақачон жамоадан кетиб бўлган, иккинчиси эса қаригани сезилиб турибди. Андрес ўзининг ақлли ўйнини йўқотмаган бўлиши мумкин, лекин кутилмаган қарорлар учун тезкорлик, куч жиҳатдан олдинги даражада эмаслиги яққол кўриниб қолмоқда.

Уларнинг ўрнида эса бош яратувчи сифатида деярли ҳеч нарса ярата олмаётган Иван Ракитич, ўта нобарқарор Серхи Роберто бор. Орқа чизиқда эса жамоа либосини кийиб юриши ҳам кўпчиликни ҳайрон қолдираётган Матьё ва ҳар доим ҳам қутқариб қолиши имконсиз бўлган тер Штегенга жамоанинг куни қолмоқда. 

Умтити, Гомеш (ҳаттоки), ўша Роберто ёки тер Штеген — агар вақт берилса — «Барса»нинг  юлдузларига айланар, балки. Аммо буларнинг барчаси келажак учун умид холос.

Сийқаси чиққан тактик чизмалар

Луис Энрике мавсум сўнггигача «Барселона»да ишини якунлаб қўяди. Лучонинг ўзи бу ҳақда мартдаёқ хабар берганди. Кўриниб турибдики мураббий ва жамоа бир-биридан чарчаган. Кечаги ўйинда ҳам Энрике Аллегрининг «Юве»си қўллаган оддий, тушунарли тактикасига қарши ҳам бирор чора кўришни уддасидан чиқа олгани йўқ. «Барса» бош мураббийи Кьеллини-Бонуччидан иборат салкам гигант ҳимоячиларга қарши ҳар сафар марказдан ёриб киришга ҳаракат қилиб кўраверди. Жамоа бутун Европа ўқиб, сийқасини чиқариб юборган тактик тики-така орқали бу ишни амалга оширишга уриниб кўрди. Тасаввур қилинг, бу ҳимояни у Лукаку ёки Ибрасифат таран футболчилар билан эмас, Неймар ва Иньеста орқали амалга оширмоқчи бўлди.

Кечаги ўйин ҳақидаги қисқа блокни давом эттирадиган бўлсак, Энрикенинг яна бир хатоси шунда эдики у Маскеранони роппа-роса 10 йил олдинги позицияси — таянч зонасига қайтармоқчи бўлди. Бунинг натижасида Матьё (бутун бошли ҳимояга шу биргина исм билан таъриф бериш мумкин) тўп сураётган ҳимояда Олий лига жамоалари қилмайдиган хатоларни ҳам қилишга улгурди. Тезкор Куадрадонинг биргина ўзи ўнг қанотдан марказга кириб боришда бутун бошли «Барса» ҳимоясини бир неча марта ёриб ўтди. Биринчи гол киритилган вазиятда ҳам айнан Куадрадо жарима майдончасида гектар бўш зонага эга Дибалага тўпни етказиб берди. Бу хатони Энрике 46-дақиқага келиб тўғрилади, лекин кеч бўлганди — «Барселона» бу пайтга келиб 0:2 ҳисобида ютқазиб тугранди.

Катта ўйинлардаги кичик натижалар

«ПСЖ»га қарши ўйинни бир четга суриб қўямиз. Бунақаси илгари ҳеч қачон бўлмаган ва бундан кейин ҳам бўлмайди.

«Барса» тенг кучли рақибларга қарши ўйинларда ўзининг максимал кучини кўрсатиб ғалаба қозонмай қўйганига анча бўлди. Бунақаси чемпионатнинг биринчи даврасидаги «класико»да ҳам, «Атлетико»га қарши ўйинда ҳам кўриниб қолди. Шунингдек, Париждаги ва мана энди Туриндаги учрашувлар ҳам бунга мисол. Кўриниб тургандики, бугунги «Барселона»ни кимдир аниқ тўхтатади. Яна бир бор такрорлаш мумкин: «ПСЖ»га қарши 6:1 — бу мавсумдаги «Барселона» учун истисно. Лекин ҳаттоки ўша учрашувда ҳам Кавани ёки Ди Мария иккинчи голни киритганда, биз ҳозир бутунлай бошқа қаҳрамонларни гаплашиб ўтирган бўлишимиз аниқ эди.

Чемпионатнинг энг мураккаб даврига Энрике жамоаси янада оғир аҳволда етиб келди. Жамоа битта кўп ўйин билан ҳам асосий рақибдан уч очкога ортда қолмоқда. «Класико» сўнгги пайтлардаги жамоа етакчиси Неймарсиз ўтади ва, «Юве»га қарши жавоб учрашуви олдидан 0:3 ҳисобидаги фарқ. Ҳа — айнан ҳозирги «Барселона» сўнгги йилларда энг сочилиб кетган «Барселона» кўринишида бўлиб турибди.

Йўқолиб қолган барқарорлик

Оддий статистика: «Барса» меҳмонда ўтказган сўнгги олти ўйиннинг тўрттасида имкониятни бой берган. Агар «ПСЖ» ёки «Юве»дан учралган мағлубиятларга қандайдир баҳона-сабаб (лекин каталонияликлар бунақа мағлубиятларни ҳам кўрмай қўйганига анча бўлганди) топиш мумкиндир, аммо «Депортиво» ва «Малага»га қарши ўйинларни қандай тушуниш мумкин? 

«Барса» ўзига муаммо яратиб, худди барон Мюнгҳаузенга ўхшаб ўзини сочидан ўзи тортиб ботқоқдан чиққан қаҳрамонга ўхшаб кўринмоқда. Парижликлар билан бу жиҳат ўхшади. Аммо Итальянча футболнинг энг ёрқин намунаси бўлган, ўта тартибли «Ювентус»га қарши ҳам мўъжиза кутишимиз мумкинми? Ишониш жуда қийин. Жуда.

Мавзуга оид