Жаҳон | 08:03 / 14.04.2017
8775
2 дақиқада ўқилади

АҚШда 11 сентябрь терактлари туфайли Саудия компанияларини судга беришди

Фото: Reuters

АҚШнинг йигирмадан ортиқ суғурта ташкилоти Саудия Арабистонининг Осама бин Лодин оиласи билан алоқадор бўлган икки банк ва қатор компанияларини судга берди. Улар 2001 йилнинг 11 сентябрь кунги ҳужумлар туфайли 4,2 миллиард доллар талаб қилишмоқда, деб хабар беради Рейтер агентлиги.

Бу ташкилотлар терактларни “қўллаб-қувватлаш ва унга ундаш”ни “Ал-Қоидага кўмак кўрсатувчи қатор ҳаракатлар” орқали амалга оширганликда айбланмоқда.

Аввалроқ Қўшма Штатларда 2001 йилнинг 11 сентябрь куни юз берган теракт қурбонлари қариндошлари Саудия Арабистонини судга беришганди. Улар мамлакатни “Ал-Қоида” террорчилик гуруҳини молиялаштириш ва бошқа йўллар билан қўллаб-қувватлашда айблашмоқда. Даъво аризаси судга 800 киши номидан юборилган.

2001 йилнинг ўн биринчи сентябрь куни “Ал-Қоида” террорчилари бир неча йўловчи самолётини эгаллаб олиб, уларни Пентагон ва Нью-Йоркдаги Бутунжаҳон савдо маркази биносига қараб йўналтиришди, ҳужум оқибатида 3 минг киши қурбон бўлди.

Мавзуга оид