Жаҳон | 11:54 / 18.04.2017
53395
2 дақиқада ўқилади

Петербург теракти ташкилотчиси сифатида ушланган Азимов ҳақида янги маълумотлар берилди

Санкт-Петербургдаги теракт ташкилотчилигида гумон қилиниб 17 апрель куни Москва шаҳри яқинида қўлга олинган Аброр Азимов телефонини ёққани туфайли қўлга тушган. Бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбасига асосланган ҳолда Коммерсантъ нашри хабар тарқатди.

Манба маълумотига кўра, қўлга олинган шахс теракт ижрочиси сифатида гумон қилинаётган Акбаржон Жалилов билан алоқада бўлган. Айнан Азимов терактдан олдин Жалилов билан охирги марта қўнғироқлашган шахс эди. 

Гумонланувчи бир неча кундан буён қидирувда эди. У портлашдан сўнг яшаш жойини ўзгартирган ва барча телефонларини ташлаб юборган. 17 апрель куни у янги телефон ва сим-карталар сотиб олган. Сим-карталардан бирини ёқиши билан у ўзининг қаердалигини билдириб қўйган.

Азимовни Москва вилоятининг Одинцово туманидаги темир йўл ёқасида ФХХ ходимлари қўлга олишди. Унинг ёнидан Макаров русумли тўппонча топилган.

Видео: Петербург теракти ташкилотчиси сифатида марказий осиёлик қўлга олинди

Тергов жараёнида аниқланишича, Азимов Аброр Аҳралович 1990 йилда Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида туғилган, 2013 йилнинг 25 майида Қирғизистон фуқаролигидан чиқарилган.

3 апрель куни Санкт-Петербург метросида «Сенная площадь» ва «Технологический институт» бекатлари оралиғида портлаш рўй берди. «Площадь Восстания» бекатида ҳам портловчи қурилма топилди ва зарарсизлантирилди. Теракт оқибатида 15 киши ҳалок бўлиб, 49 киши жароҳатланди.

Тергов қўмитаси ушбу теракт келиб чиқишига кўра қирғизистонлик бўлган 22 ёшли Акбаржон Жалилов томонидан содир этилганини эълон қилди. ОАВ маълумотига кўра, 2015 йилда Жалилов Петербургдаги суши-барда ошпаз бўлиб ишлаган, аммо кейинги йилда уни кўришмаган.

Баъзи манбалар терактдан олдинроқ Жалилов Туркияда 1 йилдан ортиқ муддат яшагани ва кейин депортация қилингани ҳақида ёзганди.

Мавзуга оид