Жаҳон | 12:12 / 19.04.2017
26364
4 дақиқада ўқилади

Шимолий Корея махсус операцияларни бажарувчи янги қўшинларини расман намойиш қилди

Жанубий Кореянинг "Рёнхап" ахборот агентлиги 17 апрелда Шимолий Корея қуролли кучларнинг янги тури – сон жиҳатдан Шимолий Корея ҳарбий-ҳаво ва ҳарбий-денгиз кучларидан қолишмайдиган махсус тактик қўшинларни яратганини маълум қилди. Пхеньянда 15 апрелда ўтган ҳарбий парадда ушбу қўшинлар ҳарбийлари юзларига қора бўёқ суртилган ва бошларида тунги кўриш мосламалари бўлган шлемларда юриб ўтишган.

"Рёнхап" мутахассисларининг фикрича, янги қўшинларнинг вазифаси Шимолий Корея раҳбариятини йўқ қилишга қаратилган АҚШ ва Жанубий Корея махсус кучларига қарши туришдан иборат. Ушбу қўшинлар парад қаторида ҳам Вашингтонда шунчалик катта таассурот қолдирдики, Пентагон Корея яриморолига бирданига 3 та авиаташувчи кема юборишга қарор қилган ва бундай ҳолат биринчи марта юз берди. 25 апрелда "Карл Винсон" атом кемаси, кейинроқ эса "Рональд Рейган" (CVN 76) ва "Нимиц" (CVN 68) кемалари Япон денгизига кириб келади.

АҚШ вице-президенти Майк Пенс Корея яриморолини ажратиб турувчи қуролсизлаштирилган ҳудудга келганда Вашингтоннинг Шимолий Кореяга нисбатан тоқати тугагани айтганди. 

Корея яриморолида юқори даражадаги таранг вазият сақланиб қолмоқда. Америкаликлар ва унинг минтақадаги иттифоқдошлари Шимолий Корея муаммосини ҳарбий йўл билан ҳал қилиш фикридан қайтмаяптилар. Пхеньян ҳам АҚШнинг зарбасини кутиб ўтириш ниятида эмас ва махсус кучларнинг пайдо бўлиши мутлақ асослангандир. 

Дунёнинг кўплаб армияларида махсус вазиятларни бажарувчи разведка ва диверсион бўлинмалар мавжуд ва Шимолий Корея ҳам бундан истисно эмас.

Шимолий Корея махсус қўшинларининг яратилиши Пхеньяннинг катта кўламли лойиҳаси бўлиб, ўзга давлат ҳудудида катта кучлар ва махсус воситаларни умуман ўзгача технологиялар бўйича қўллашга мўлжалланган. Яъни АҚШ тажовуз қилса, Шимолий Корея қўшинлари ўз ватанидаги окопларда беркиниб ўтирмай, симметрик тарзда жавоб бериш, рақибнинг ҳудудидаги муҳим объектларни йўқ қилиш ниятида.  

Вашингтон ва Сеул Шимолий Корея томондан зарба берилиши мумкинлигини важ қилиб, Жанубий Кореяда, Сеулдан 300 км узоқликда THAAD ракеталар ҳужумига қарши мудофаа тизимини жойлаштирмоқда. 9 тагача гусеницали мобиль қурилма ва 72 та уриб туширувчи ракетадан иборат бўлган THAAD батареяси авваламбор Пхеньянни, қолаверса Россия ва Хитойни ҳам хавотирлантирмоқда. Бир қараганда, ракеталар унча кўп эмасга ўхшайди, унинг таъсир қилиш доираси 200 км дан ошмайди, бироқ бу тизим Шимолий Кореянинг Пентагоннинг Жанубий Кореядаги объектларига жавоб зарбаси самарасини камайтириши мумкин. THAAD тизими шунингдек кемаларга, авиацияга нишон координаталарини бериши мумкин ва моҳиятан, глобал РҚМ тизимининг бир қисми ҳисобланади. Шубҳасиз, бу тизим қаттиқ қўриқланади.

Голливуднинг Япон денгизида "Айова" кемасининг террорчилар томондан босиб олиниши ҳақидаги фильми ҳам АҚШ кемаларидан бирининг Шимолий Корея махсус қўшинлари томонидан ҳақиқатда босиб олиниши олдида ип эшолмай қолиши мумкин. Чунки АҚШнинг ҳарбий кемалари экипажлари яхши қуролланган ва тайёрланган "қора ниндзялар" билан қўл жангига кириша олиши даргумондек туюлади.

Мавзуга оид