Жамият | 10:27 / 19.04.2017
14285
2 дақиқада ўқилади

Суриялик фотосуратчи портлаш сабаб яраланган болани қутқариш учун суратга олишни тўхтатди

Суриялик фотосуратчи Абд Алқодир Ҳабак Ҳалаб яқинида террорчиларнинг қочоқлар бўлган автобусга ҳужум қилган жойга жуда яқин ерда бўлган. Бироқ, у суратга олиш жараёнини тўхтатиб, жароҳат олганларга ёрдам кўрсатишга қарор қилди, деб хабар бермоқда CNN.

«Даҳшатли эди – айниқса, болаларнинг йиғлаши ва олдингизда ҳаётдан кўз юмиши. Шунинг учун биз ҳамкасбларимиз билан камераларни ташлаб, яраланганларни қутқаришга қарор қилдик», - дея айтиб ўтди фотосуратчи.

Ҳабакнинг маълум қилишича, у югуриб келган биринчи бола ўлиб бўлган эди. Иккинчи болани эса қўлига олган ва хавфсиз жойга олиб ўтган.

«Бу бола менинг қўлимдан маҳкам ушлаб олди ва кўзларимга қараб турарди», - дея маълум қилди Ҳабак.

Муҳаммад Алғариб томонидан олинган фотосуратда Ҳабакнинг қўлида бола билан тез ёрдам машинасига қараб чопиб кетаётгани тасвирланган.

«Мен у ерда бошқалар ҳаётини сақлаб қолишга ҳаракат қилган ёш журналист бўлганидан фахрланаман», - дея маълум қилди Алғариб.

Ҳабакнинг сўзларига кўра, яраланган болани машина ичида қолдирган. Уни тиббиёт ходимлари қабул қилиб қолганида ҳали нафас олаётганди, бироқ фотосуратчи бола тирик қолганми ёки йўқми, буни билмайди.

Шундан сўнг у яна теракт жойига қайтиб борган, бироқ яна ҳаётдан кўз юмган болага дуч келган. Фотосуратчилардан бири Ҳабак боланинг ёнида тиззалаб ўтирганини тасвирга туширди. 

«Мен ҳиссиётларга тўла эдим. Мен ва ҳамкасбларим гувоҳ бўлганимиз – буни таърифлаб бўлмайди...», - дея айтиб ўтди Ҳабак.

Эслатиб ўтамиз, 15 апрель куни террорчилар ичида қочоқлар бўлган автобуслар колоннасига портловчи қурилма бўлган автомобиль ёрдамида ҳужум қилишди. Сўнгги маълумотларга кўра, теракт туфайли 126 киши ҳалок бўлган. Уларнинг камида 68 нафари – болалар.

Мавзуга оид