Спорт | 14:46 / 19.04.2017
18169
4 дақиқада ўқилади

«Тақиқлар бизни қийнаб қўймоқда» — Одил Аҳмедов Хитой футболи ҳақида

Одил Аҳмедовнинг «Футбол» ҳафтаномасига берган интервьюсининг икки қисми билан таништириб ўтдик. Tribuna.Uz интервьюнинг учинчи қисмини эътиборингизга ҳавола этади. Унда Аҳмедов Хитой футболи, у ердаги тақиқлар ва мураккабликлар ҳақида гапириб ўтган.

— Сиз «Пахтакор» асосий таркибида Валерий Непомняший мураббийлигида ўйнаб кетгансиз шекилли?
— Ҳа, айнан у мени асосий таркибга киритганди. Унгача ўринбосарлар сафида тўп сурардим. У ўта ақлли мураббий. Уни ҳеч қачон футболчиларни сўкканини ёки уларга бақирганини эшитмаганман. Босиқлик билан тушунтиради – ҳамма эшитарди. Авторитет.

— Непомняший сизнинг «Шангҳай»га трансфер қилинишингизга шундай муносабат билдирганди: «Афсуски, Одил Хитойга кетди, Европага эмас. У кўпроғига лойиқ».
— Агар «Краснодар»да Валерий Кузьмич бош мураббий бўлганида ҳеч қаерга кетмасдим. Ўйлашимча, энди Европа ҳақида гапиришдан фойда йўқ. Яқинда 30 ёшга тўламан, исталган Европа клуби ёш футболчиларни қўлга киритишни истайди. Икки-уч йилдан сўнг хориждаги фаолиятимни якунлаб уйга қайтаман. Болалар катта бўлмоқда, улар Ўзбекистонда ўқишларини истайман. Ота-онамни ҳам сўнгги йилларда жуда кам кўраяпман.

— Хитой чемпионатининг дастлабки учта туридан иккитасида сиз қайдномада ҳам йўқ эдингиз. Бу нимани англатади?
— Барчаси лимит туфайли. Суперлигадаги ўйинлар қайдномасига фақатгина уч нафар легионерни қўшиш мумкин. Қолганлар ҳатто захирада бўлиши ҳам мумкин эмас. Шу сабаб мураббий таркибни алмаштириб туришга мажбур. Битта ўйинда дам оламан – бошқасида ўйнайман.

— Агар олдиндан буни билганингизда Хитойга борармидингиз?
— Агар Боаш олдинроқ лимит ҳақида билганида яна битта легионер таклиф этмаган бўларди. Қарор жамоамизда беш нафар легионер бўлган пайтда қабул қилинди (Аҳмедовдан ташқари «Шангҳай»да Оскар, Ҳалк, Элкесон ва Рикарду Карвалью каби легионерлар мавжуд). Нима ҳам қила олардик… Буни мен, ёки мураббий эмас, Хитой федерацияси ўйлаб топди. ОЧЛда эса «3+1» лимити бор. Майдонга тўрт легионерни тушириш мумкин, улардан бири осиёлик бўлиши керак. Ҳозирги вақтда осиёлик футболчи айнан менман.

— Виллаш-Боаш нима демоқда?
— «Таркибда ротация қилишга мажбурман». Агар барчаси унга боғлиқ бўлганида ҳамма легионерлар ўйнашини айтмоқда. У тўғри тушунтирди — мен тўғри тушундим. Агар чемпионат бошланиши арафасида регламент ўзгариб кетса, нима ҳам қилиш мумкин? Унинг бу масала бўйича қийналаётгани кўриниб турибди, сабаби айнан у бизни жамоага таклиф қилган. Шахсан менга Боаш декабрь ойида қўнғироқ қилганди. Лиганинг келажаги ва бу ердаги ажойиб мухлислар ҳақида гапириб берганди ўшанда.

— Ростданми?
— Аҳа. Бу ерда мухлислар шунчаки супер. Бу шаҳарга биринчи марта келганимда, мени аэропортда гуллар билан кутиб олишганди. Бунақаси ҳеч қачон бўлмаган! Одамлар футболга чин юракдан мухлислик қилиши кўриниб турибди. Ютқизасанми, ютасанми — уларга фарқи йўқ. Ҳар қандай ҳолатда ҳам қўллаб-қувватлашдан тўхташмайди. Мисол учун Ҳалкни бу ерда Россиядагидан кўра кўпроқ яхши кўришади, бу аниқ. Одамлар уни кўриб қолишганида ақлдан оза бошлашади – бақиришади, олқишлашади. Бунақаси келганимиздан буён такрорланмоқда.

— Аммо шунга қарамай, видеошарҳлардан кўрганимизда, трибуналар бўм-бўш эканини кўрамиз.
— Йўқ, буни тасдиқламайман. Бизда уй учрашувларига 25–30 мингдан кам мухлис тушмайди.

Мавзуга оид