Спорт | 21:31 / 21.04.2017
21866
7 дақиқада ўқилади

Испанча финалсиз ЕЧЛ. Қуръа совға қилган жиҳатлар

Европа чемпионлар лигасининг 1/2 финалига қуръа ташланди. Унга кўра, Мадриднинг икки жамоаси шу босқичда ўзаро тўқнаш келадиган бўлди. «Монако» ва «Ювентус» эса иккинчи финалчи номини аниқлаб бериши керак бўлади. Tribuna.Uz қуръа натижаларини таҳлил қилиб кўради.

«Реал» – «Атлетико»
Етар, Европа клублари мусобақасининг финалларини Испания чемпионатига айлантириб юбориш учун бу йил имконият йўқ – «Реал» ва «Атлетико» бироз олдинроқ ғолиблик масаласига ойдинлик киритиб олишига тўғри келади. Диего Симеоне учун Мадрид дербисининг энг муҳим икки учрашуви фақат ёмон хотиралар билан қолган. Серхио Рамоснинг сўнгги сонияларда киритган голи ва иккинчисидаги биргина 11 метрлик жарима зарбаси ўйин тақдирини ҳал қилган тўқнашувлар. «Реал»дан ЕЧЛда қабул қилиб олинадиган яна бир мағлубиятга Симеоне чидай олмаса керак. Диего ЕЧЛ финалида кетма-кет икки мағлубият унинг учун қаттиқ зарба бўлгани, фақатгина чемпионлар лигаси унга мотивация бериб турганини жуда кўп маротаба таъкидлаб келади. Навбатдаги мағлубият унинг Мадриддаги сабр косасини тўлдириб юборса керак.

«Бавария» «Реал» учун ўзининг кучига муносиб баҳо бера олиш имконини яратди. Айнан мюнхенликлар Зидан жамоасига қулай бўлиб чиқди. «Реал» тезкор қарши ҳужумлар эвазига рақибни шошириб қўйди. Албатта, афсус билан айтиш мумкин, бу учрашув кўпроқ Виктор Кашшаининг ҳакамлиги билан эсланади. Аммо ҳакамлик қанчалик қўпол хатолар билан кўринган бўлмасин, «Реал» қарама-қаршиликларда кейинги босқичга чиқишга ҳақлидек таассурот уйғотганди. «Атлетико» бу борада айнан ўта ноқулай рақиблар сирасига киради. Зидан жамоаси иккинчи рақамда ўйнашни қанчалик яхши кўрса, «матрасчилар» бу ишнинг ҳадисини олишган ва ҳамшаҳарларига бундай ўйин кўрсатишга бермаслиги аниқ. Ҳозирги «Атлетико» тўпни нисбатан яхши назорат қилади. Аммо муҳим ўйинларда жамоа ўтган мавсумда бўлгани каби «Барселона» ва «Бавария»ни мусобақадан чиқариб юборган ультраҳимоявий ўйин услубига таяниб ўйнашини кутиш мумкин.

Бу қарама-қаршиликда яна бир факторни ҳисобга олиш керак – чемпионлик пойгаси. «Реал» ла-лига «олтин»лари учун «Барселона» билан жиддий кураш олиб бормоқда, «Атлетико» куздаги натижалари эвазига аллақачон бу курашдан чиқиб кетган. Еврокубокдаги ғалаба – Диего Симеоне жамоасининг бу мавсумдаги ягона мақсади саналади.

Тарих
Еврокубокларда икки жамоа ўртасидаги тўқнашувлар тарихи титкиланса биринчи наватда дарҳол икки финал учрашуви ёдимизга тушади. Аммо жамоалар бундан ташқари 2014/2015 йилги мавсумда ЕЧЛ чорак финалида ҳам ўзаро рўбарў келишган. «Висенте Кальдерон»да ҳисоб очилмаган бўлса, «Бернабэу»да ягона гол ўйин тақдирини мезбонлар фойдасига ҳал қилганди. Умумий еврокубоклар статистикаси «Атлетико» учун қуйидагича: «Реал»га қарши еврокубок плей-оффларида 4та тўқнашув (1959-йилда ҳам учталик ўйинда «Реал» ғолиб чиққан) барчасида «қаймоқранглилар» учун керакли натижа билан тугаган.

Рақамлар
«Атлетико» ЕЧЛ плей-оффида кетма-кет 10 учрашувдирки тўп ўтказиб юбормаяпти. Диего Симеоне жамоаси сўнгги марта 2014 йилнинг мартида «Милан»дан (Кака гол урганди) гол ўтказганидан буён ўз уйида фақат ва фақат қуруқ серия ўтказмоқда. Аммо «Реал» кетма-кет 55 учрашувдан буён гол уришнинг уддасидан чиқиб келмоқда. Агар бу статистикани бўлажак ўйингача сақлаб қолса, қайсидир узоқ давом этган сериянинг тугашига гувоҳ бўламиз.

«Монако» – «Ювентус»
«Монако» – еврокубокларнинг, айтиш мумкин бўлса, энг романтик жамоаси бўлиб қолмоқда: Франциянинг ва Европанинг турли бурчагидан йиғилган ёш иқтидорлар катта жамоалар учун ҳақиқий бошоғриғи бўлмоқда. Қарши ҳужумга шиддат билан ўтадиган, юқори прессинг кўрсатадиган оладиган тезкор футболчилардан иборат жамоа 13 йиллик танаффусдан кейин евромайдонлардаги энг нуфузли соврин учун кураш олиб бормоқда. Фақат Мбаппе эмас, Фабиньо, Лемар ва Бернарду Силва каби ёш футболчилар ёнига Фалькаодек тажриба билан йўғрилган жамоа жуда яхши футболчи намойиш этмоқда. .

«Ювентус»га қарши  жамоанинг 90 дақиқа мобайнида тўпни назорат қилиб туришига ишонч бўлмасада, катта эҳтимол билан жамоа нисбатан ҳужумкорроқ футбол кўрсатишини кутиш мумки.

Тарих
2015 йилги мавсумда «Ювентус» ва «Монако» Чемпионлар лигасининг чорак финалида ўзаро тўқнаш келишганди. «Монако» ва Леонарду Жардим ўша пайтлари ўта яхши кўрадиган ўйин услуби эвазига тактикага мос натижа қайд этилган, бироқ бу «Монако» фойдасига ишламаган – Туринда 1:0, Монакода 0:0. 1998 йилда бўлиб ўтган тўқнашув ҳам чорак финалга тўғри келганди. Ўшанда Туринда 4:1, Монакода эса 3:2 ҳисобида мезбонлар ғалаба қозонган. Тарих кўрсатиб турибдики, икки тўқнашувда ҳам «Ювентус»нинг қўли баланд келган.

Рақам
«Ювентус»нинг ярим финалга чиқиши 2006/07 йилги мавсумдан бошлаб, итальян жамоалари учун тўртинчи натижа саналади. Бунгача бўлган учта ярим финал италияликлар учун омадли келган «Милан» «Манчестер Юнайтед»ни (2007), Моуриньонинг «Интер»и Гвардиола «Барселона»сини (2010), «Ювентус» эса икки йил олдин «Реал»ни ортда қолдириб финалга чиққан. Ҳозирча барча кўрсаткичлар уларнинг фойдасига ишламоқда.

Мавзуга оид