Жамият | 22:52 / 24.04.2017
22835
6 дақиқада ўқилади

Грин кард: фирибгарлар домига тушиб қолманг!

Грин кард лотереяси ҳақида эшитмаган, унинг нималигини билмаган одам бўлмаса керак. Ўзига хос бу ўйинда дунё бўйича ҳар йили деярли 10 миллион киши иштирок этмоқда. Улар орасида бир неча юз минг юртдошларимиз ҳам бор. Шуни ҳисобга олиб, Грин кард лотереясида қатнашадиганлар учун айрим тавсиялар билан ўртоқлашмоқчи эдик. Бу йўлда алданиб қолмаслик учун нималарни билиш керак, қандай қоидаларга риоя қилмоқ зарур?

Грин кард лотереясида қатнашиш учун ариза топшириш текин. Фирибгарлар домига тушиб қолмаслик учун аризани ҳар кимнинг ўзи тўлдириши мақсадга мувофиқ. Ариза тўлдиришда воситачи хизматидан фойдаланган тақдирда, рўйхатга олинганлигини тасдиқловчи варақни принтерда чоп этиб беришларини талаб этиш керак.

АҚШ ҳукумати томонидан ушбу мамлакатга бориб яшаш ва ишлаш ҳуқуқини берадиган визалар (ёки Грин кардлар) учун рўйхатга олиш жараёни ҳар йили октябрь ва ноябрь ойининг бошларида давом этади. Бунда ажратилган 50 мингта визани қўлга киритиш учун 190 та давлат фуқаролари мурожаат этиш ҳуқуқига эга бўлишади. Давлатлар сони ҳар йили маълум ўзгаришга учраши мумкин.

Грин кард лотереясида қатнашиш учун ариза топшириш текин. Фақатгина лотереяда ғолиб чиққанлар АҚШ элчихонасига суҳбатга борганда, консуллик кассасига 330 доллар тўлашади. Грин кард лотереяси иштирокчисидан бошқаларнинг ҳақ талаб қилиши фирибгарлик саналади.

Фирибгарлар қўлига тушиб қолмаслик учун воситачилар хизматидан фойдаланмаслик зарурлигини АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасида журналистлар билан бўлган учрашувда Консуллик бўлими раҳбари вазифасини бажарувчи Отто Вестҳассел уқтириб ўтди. 

Лотереяда қатнашиш истаганлар интернетдаги www.dvlottery.state.gov саҳифасига кириб, ариза топширишлари мумкин. Ариза тўлдиришда воситачилар хизматидан фойдаланмоқчи бўлганлар фақат аризани тўлдириб бергани учун ўзаро келишилган ҳолда ҳақ тўлашлари мумкин. Ўртага тушган одам лотерея якунига таъсир этолмайди, кимнидир ғолиб бўлишига ёрдам кўрсатолмайди. Чунки визага мурожаат этувчилар компьютер орқали амалга ошириладиган тасодифий танлов орқали сараланади.

Шуни алоҳида уқтиришни истардикки, АҚШ Давлат департаментининг Консуллик масалалари бюросининг веб-сайтида Грин кард сўровномасини қандай тўлдириш кераклиги ҳақида ўзбек тилида йўриқнома мавжуд.

Ариза топширишда воситачига мурожаат қилганлар албатта рўйхатга олинганлигини тасдиқловчи варақни принтерда чоп этиб беришларини талаб этишлари керак. Ушбу варақда кўрсатилган код орқали ҳар бир шахс май ойининг бошларида интернетдаги юқорида кўрсатилган саҳифага кириб, лотереядаги иштирокининг натижасини билиб олиши мумкин. Акс ҳолда, воситачилар лотереяда ғолиб чиққанлардан катта пул талаб қилишаётганлигини тажриба кўрсатиб турибди.

Лотерея иштирокчиси ғолиблар сафидан ўрин олмаган бўлса ҳам, рўйхатга олинганлигини тасдиқловчи варақни бирданига ташлаб юбормасдан, уни сақлаб туриши лозим. Чунки танловнинг дастлабки босқичида ғолиб чиққанларнинг ҳаммаси ҳам виза соҳиби бўла олмайди. Кимнидир ҳужжатида камчилик бўлиши ёки яна кимнидир маълумоти қўйилган талабга жавоб беролмаслиги мумкин. Шунда бўшаб қолган ўринлар учун ариза топширганлар ўртасида янги танлов ўтказилади.

Айрим йиллари Ўзбекистон бўйича Грин кард лотереяси ғолибларига берилган визаларнинг 60 фоизидан ортиқроғи самарқандликларга насиб этмоқда.

Нима сабабдан Грин кард лотереяси ғолибларининг асосий қисмини Самарқанд вилояти вакиллари ташкил этмоқда? Бу савол мамлакатимизда ва ундан ташқарида ҳам кўпчиликка қизиқиш уйғотмоқда. АҚШ элчихонасида ўтказиладиган матбуот анжуманида ҳар йили журналистлар консулга шу савол билан мурожаат қилишди. Консул бунга жавобан Грин кард холисона лотерея эканлигини таъкидлайди ва Самарқандда “лотереяда иштирок этаётганлар сони кўп бўлиши керак”, дейди.

Дарҳақиқат, ҳеч бир жойда воситачилар иши Самарқанддагидек ташкил этилмаган. Улар идорада ариза топширгани қачон мижоз келаркан деб кутиб ўтирмасдан, ўзлари уйма-уй юриб, ўқув юртларига, корхона-ю ташкилотларга бориб, Грин кард иштирок этувчиларни излашади. Улар шу кунларда ҳатто кўча-ю истироҳат боғларида ўзларининг “бепул” ёрдамларини таклиф қилишмоқда.

Яна бир марта эслатиб ўтамиз. Агар бундай воситачилар хизматидан фойдаланадиган бўлсангиз, у вақтда албатта уларнинг фақат ариза тўлдиргани учун тўлайдиган хақнинг миқдорини аниқлаб олинг. Ё олдиндан тўланг ёки ғолиб бўлганингиздан сўнг тўлашга келишиб шартнома тузинг. Воситачи катта маблағ талаб қилса, лотереяни қўлга киритишга ёрдам бераман деса, бу унинг фирибгарлигидан нишонадир. Бундайлардан узоқроқ юринг. 

Энди Грин кард бўйича айрим статистик маълумотларни келтирсак. Кейинги беш йил мобайнида Ўзбекистон фуқаролари 22588та Грин кардни қўлга киритган. Бу дунё мамлакатлари бўйича учинчи кўрсаткич ҳисобланади. Россияда 46051 киши, Украинада 39886 киши ушбу лотереяда ғолиб деб топилган.

Ўзбекистонни Марказий Осиё мамлакатлари билан солиштирганда, қуйидаги ҳолатни кўрамиз. Ўтган давр мобайнида Америкага Қирғизистондан 3581, Қозоқистондан 6105, Туркманистондан 1150, Тожикистондан 552 киши кетган.

Тошпўлат Раҳматуллаев

 

 

Мавзуга оид