Жамият | 20:29 / 25.04.2017
14289
3 дақиқада ўқилади

Нима учун Антарктида улкан ёриқлар билан қопланмоқда?

Фото : NSIDC/Ted Scambos

Антарктикадаги музликларнинг бундай тез эриши ва уларда улкан ёриқларнинг пайдо бўлишига кучли иссиқ шамоллар сабаб бўлди. Европанинг Ер ҳақидаги илм-фан иттифоқи конференциясида қатнашган олимларнинг фикрича, бу шамоллар ёз ва баҳор мавсумларида музликлар юзасини доимий илитади. 

"Биз бунга қадар ҳам Антарктида музликларининг кўпична ёзда эришини билар эдик. Биз фён-шамолларнинг (тоғли жойларда эсадиган иссиқ қуруқ шамол) сентябрь ойидаёқ, Антарктикада ёз бошланишига уч ой қолганда эсишини аниқладик, музликлар шу пайтдан бошлаб эрий бошлайди. Энди эса биз бу шамолларнинг деярли мунтазам эсишидан бохабар бўлдик, бу уларнинг муз қалқонлар ҳолатига қанчалик таъсир кўрсатишини баҳолашда ёрдам беради", - деди Британиянинг Антарктика экспедицияси аъзоси Женни Тертон.

Фён-шамоллар кўпинча тоғларда учрайди. Улар иссиқ ва қуруқ ҳаво оқимидан иборат бўлиб, тоғларнинг тепасидан пастки қисми томон ҳаракатланади. Шу шамоллар туфайли тоғлар иқлими кўпинча кутилганидан-да юмшоқ бўлади. Бироқ улар баъзи ҳолатларда қор ва музлар эришини тезлаштириб, кўчкилар ҳамда сув тошқинларини ҳам келтириб чиқарар экан. 

Тертон ва унинг ҳамкасблари фёнлар - Антарктикадаги иқлимнинг бош "дирижёрлари"дан бири эканини аниқлашди. Улар бундай шамолларнинг Ларсен музлиги (Антарктида муз қалқонининг энг заиф нуқталаридан бири) ҳудудида қанчалик тез пайдо бўлишини ўрганишди. Ушбу муз массивнинг икки йирик бўлаги 1995 ва 2002 йилларда музликлардан денгизга ажралиб чиққан.

Об-ҳаво станцияларининг сўнгги беш йилдаги Ларсен музлигини кузатиш бўйича таҳлилий маълумотларининг кўрсатишича, фёнлар кўпинча ёзги ва баҳорги мавсумларда кутилмаганда эсар экан. Улар материкка олимлар тахмин қилганидан-да чуқур кириб борар экан.

Тадқиқот муаллифларининг фикрича, фёнлар, шунингдек эриган сувларнинг кўл ва ирмоқлари музликларнинг юқори қисмида кўплаб улкан ёриқларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлиши мумкин. 

Мавзуга оид