Жамият | 13:24 / 26.04.2017
13790
4 дақиқада ўқилади

Самарқандда оғуфурушлар қўлга олинди

Турмуш ўртоғининг вафотидан сўнг рўзғор тебратиш-у оила ташвиши Санобарнинг бир ўзига қолди. Шундай бўлса-да, ҳалол меҳнат эвазига борига қаноат қилиб яшаса, қора қозони қайнаб турса, тани-жони соғ бўлса, шунинг ўзи етарли эмасми?! Бўларди... Аммо... У муқаддам жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судининг ҳукмига кўра 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди. Бироқ, у бундан тўғри хулоса чиқармай, яна эски одатини бошлаб юборди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Кейинги пайтларда унинг мазаси бўлмай юрган эди. Нима қиларини билмай, поччаси Султонмуроднинг ёнига даволаниши учун пул сўраб борди.

Шуҳрат эса асли ургутлик. Бир куни унга самарқандлик таниши Абдумалик қўнғироқ қилиб қолди. Салом-алик қилишгач, Абдумалик мақсадга кўчди.

-  Озгина дори керак бўлаяпти. Агар иложи бўлса топиб берсангиз, пули нақд, - деди.

-  Суриштириб кўрай-чи, кейин қўнғироқлашармиз, - деди Шуҳрат танишининг илтимосини ерда қолдирмасдан.

Шу сабаб бўлиб, Шуҳрат тоғасининг куёви Тўлқинга телефон қилди ва бу ҳақда айтган эди, Тўлқин топиб, жавобини айтишни ваъда қилди.

“Дори”ни излашга тушган Тўлқин қариндоши Маъруфдан бу ҳақда илтимос қилди. Маъруф ўша куннинг ўзидаёқ 24 грамм “опий” гиёҳвандлик моддасини олиб келиб, Тўлқиннинг уйига ташлаб кетди. Тўлқин бу ҳақда Шуҳратга хабар қилди. Эртаси куни Шуҳрат келиб, “дори”ни олди-да, Абдумаликка олиб бориб берди.

Орадан бир неча кун ўтиб, Абдумалик Шуҳратдан яна “дори” топиб беришини сўради ва унга пулини бериб кетди. Ўз ўрнида Шуҳрат яна ўша илтимос билан Тўлқинга мурожаат қилди. Тўлқин эса ўзига аввалдан таниш бўлган Рамизга айтди. Моддий манфаатни кўзлаган Рамиз ҳам илтимос ерда қолдирмади. У янгаси Башоратнинг олдига бориб, бир танишига 400 грамм “опий” гиёҳвандлик моддаси керак бўлаётганини, пули нақдлигини айтди. Башорат бунақа савдонинг устаси фаранг бўлиб кетганлиги учун, йўқ демади. Рамизнинг олдида таниши Султонмуродга қўнғироқ қилиб, “дори” кераклигини айтди. Суҳбат асносида улар нархини ҳам келишиб олишди ва учрашув жойини белгилашди.

Санобар поччасидан даволаниши учун 300 минг сўм қарз сўраб борганди. Султонмурод бу вазиятдан оқилона фойдаланиб қолишни ўйлади. Шу сабабли қайнисинглисига шартини айтди.

-   Битта хизмат бор. Рози бўлсанг, эвазига 50 АҚШ доллари бераман.

-  Қанақа хизмат, қўлимдан келармикан?

-  Башорат исмли аёл “дори” топиб беришни сўраганди. Шуни унга етказиб берасан, - деди Султонмурод.

Санобар бу иш билан аввал ҳам шуғуллангани учун эътирозсиз рози бўлди.

-  Қаерга олиб бориш керак? – сўради пулининг дарагини эшитгач.

-  Шифохонанинг олдида сени кутиб туради, - деди поччаси учрашув жойини аввалдан белгилаб қўйганлигини айтиб.

Санобар Башоратга “дори”ни етказди. Бу орада Рамиз Тўлқинга қўнғироқ қилиб:

-  Пулларни олиб келаверинг. Сизни уйимда кутаман, - деди.

Бироқ жиноятчиларнинг олди-сотдиси охиригача етмай қолди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари уларни бирма-бир қўлга олди.

Суд ҳукми билан Санобар Раҳимова, Рамиз Нурматов ва Шуҳрат Йўлдошевларнинг ҳар бири 8 йилдан, Тўлқин Нурматов эса 11 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Мавзуга оид