Жамият | 15:21 / 26.04.2017
27603
3 дақиқада ўқилади

Сурункали чарчоқ синдроми сабаби аниқланди

Фото: Mundo Ejecutivo

Сурункали чарчоқ синдроми (СЧС)нинг ривожланишига бактерияларнинг муайян штаммлари сабаб бўлар экан. Уларнинг ичаклардаги аномал катта миқдори инсоннинг  доимий чарчоқни ҳис қилишига олиб келади. Microbiome журналида чоп этилган мақолада шу ҳақида маълум қилинди

"Эҳтимол, сурункали чарчоқ синдроми мия ва ичак ўртасидаги икки томонлама "мулоқот"нинг бузилиши натижасида юзага келувчи сурункали оғриқлар каби шаклланар. Бу муаммоларни юзага келтирадиган бактерияларни кашф қилиб, биз СЧС ташхиси ва уни даволаш усулларини яратишга бир қадам яқинлашдик", - деди Нью-Йоркдаги Колумбия университетидан  Брент Уильямс.

Сўнгги йилларда тиббиёт ходимлари сурункали чарчоқ синдромига йўлиққан беморларнинг сони ошганини қайд этишмоқда. Аксарият беморларда умумий белгилар кузатилмоқда - тез-тез оғриқ туриши, уйқусизлик, чарчоқ ва бош оғриғи. Узоқ изланишларига қарамай, тадқиқотчилар бу синдромнинг сабабини топа олишмаётган эди, кўп шифокорлар унинг психологик характерга эга эканини тахмин қилишаётганди.

Нисбатан яқинда олимлар бу ноодатий касаллик асаб тизимининг доимий "фавқулодда ҳолат" туфайли шикастланиши натижасида ривожланишини аниқлашди. Бунинг натижасида эса организмда, жумладан орқа мияда ҳам  яллиғланиш жараёнлари авж олади.

Уильямс ва унинг ҳамкасблари СЧС'дан азият чекувчи 50 нафар бемор ҳамда 50 нафар соғлом кишилар қонининг кимёвий таркиби ва микрофлора турларини таҳлил қилиб, қайси бактериялар шундай муаммоларни келтириб чиқаришини аниқлашди.

Маълум бўлишича, касалланган ва соғлом кишиларнинг қон таркиби ва микрофлораси бир-биридан анча фарқ қилган, тафовутлар барча беморлар учун тахминан бир хил бўлган ва бу сурункали чарчоқ синдроми ривожланишининг биологик сабабига ишора қилган. 

Микроблар қандай қилиб СЧС ривожланишига таъсир кўрсатиши ҳозирча номаълум, лекин бу В6 витамини ва қатор бошқа муҳим биологик молекулалар синтезидаги бузилишлар билан боғлиқ экани тахмин қилинмоқда, уларнинг манбаи эса одатда ичаклардаги бактериялар ҳисобланади. 

Мавзуга оид