Ўзбекистон | 15:09 / 26.04.2017
57714
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда пулли автомобиль йўллари қурилиши мумкин

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда 2020 йилга келиб пулли автомобиль йўлларини қуриш режалаштирилмоқда, деб хабар берди Sputnik мухбири ҳукуматдаги манбага таяниб.

Айтилишича, ҳозирда Тошкентдан Самарқанд орқали Бухорога олиб борадиган биринчи пулли автойўл лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Бу ҳозирда мавжуд йўлга параллель алоҳида йўл бўлади.

"Гап шундаки, ҳозирда мамлакатимизда пулли автомобил йўлларидан фойдаланишга оид зарур қонунчилик базаси йўқ. Шунинг учун парламентга киритиш учун тегишли таклиф тайёрлаш орқали аввало мана шу бўшлиқни тўлдириш даркор. Автомобиль йўллари давлат қўмитаси айнан мана шу иш билан шуғулланмоқда. Бироқ қонун лойиҳаси бир ўқишдаёқ қабул қилиниши аниқ эмас", — деган суҳбатдош.

Хабарга кўра, қонун қабул қилинса, лойиҳанинг техник қисмини ишлаб чиқиш керак бўлади. Унга кўра, пулли автойўлга параллель равишда бепул йўл ҳам бўлиши шарт, яъни ҳайдовчилар учун танлаш имконияти бўлиши лозим.

Манбанинг айтишича, пулли йўлларда паст тезликда юриш чекланади, уларда тезлик режими юқори бўлади. Масалан, ҳозирда Тошкент — Самарқанд — Бухоро трассасида соатига 100 километрдан юқори тезликда юриш мумкин бўлмаса, параллель пулли йўлда тезлик соатига 120 километрдан паст бўлмаслиги керак. Тўлов эса дунёнинг бошқа мамлакатларида бўлгани каби йўлга кираверишда ўрнатилган электрон терминаллар орқали қабул қилинади.

Суҳбатдош, шунингдек, республикадаги илк пулли автойўл қурилиши учун айнан ушбу трасса бежизга танланмаганлигини таъкидлади. Ушбу оммабоп туристик йўналиш Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларини бир-бири билан боғлайди, муқобил йўлнинг пайдо бўлиши эса саёҳатчилар учун қўшимча қулайлик яратиши лозим.

“Аслида республикада пулли йўллар барча йўналишларда бўлиши лозим, зеро хорижда жорий этилган бу тажриба ўзини оқлаган”, деган манба.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистондаги автомобиль йўллари тармоғининг узунлиги ҳозирда 184 минг километрни ташкил этади. Ундан 42,6 минг километрдан ортиқроғи умумий фойдаланишдаги автойўллардир.

Мавзуга оид