Фан-техника | 11:17 / 27.04.2017
162865
5 дақиқада ўқилади

Янги Chevrolet Malibu: тажовузкор, қулай, замонавий ва ишончли автомобиль

GM-Uzbekistan Chevrolet Malibu седанининг тўққизинчи авлодини ишлаб чиқарилишини эълон қилди. Айримлар ишлаб чиқариладиган ушбу янги автомобиль Chevrolet Impala номи остида машҳур автомобилнинг номи ўзгартирилган варианти, деган хато фикрга ҳам боришди. Йўқ, Malibu сериясидаги ушбу автомобиль тўққизинчи авлод вакили ва мутлақо янги ҳисобланади.

Ташқи кўриниши

Chevrolet Malibu’нинг янги авлоди устида иш олиб борган дизайнерлар унинг ташқи кўриниши янада тажовузкорлик жо этишига ҳаракат қилишган. Янги автомобиль эски авлодларидан мутлақо бошқача ташқи кўринишга эга эканлиги билан фарқланади. Синиқ ва эгри чизиқлар седанга динамиклик бахш этади ва уни янада чиройли кўринишга эга бўлиши учун хизмат қилади. Malibu’нинг ўзига хос, тезда таниб олинувчи қўш радиатор панжараси янада ингичка ёруғлик диодли оптика билан жиҳозланган.

Кузовнинг ён томонларидаги рельефли бўртмалар гарчи Impala седаниникига ўхшаш бўлса-да, кузовнинг жуда кўп элементлари афсонавий Camaro’дан ўзлаштирилган, бироқ бу фақат бир қараганда илғаш мумкин бўлган нарсалар. Бу ҳолатда, кузовнинг алоҳида деталлари қайта ишланиши натижасида жуда юқори аэродинамик кўрсаткичларга эга бўлинган. Автомобиль Ўзбекистон бозорида 4 рангда (марваридранг оқ, тутунсимон оқ, тўқ кулранг ва қора) ишлаб чиқарилади.

Ички кўриниши

Интерьер дизайнида юқори сифатли материаллардан фойдаланилган, унинг ҳисобига салон олдинги авлодларникидан кўра улуғвор кўриниш касб этган. Марказий консолдаги тугмаларнинг минимал ва қулай жойлашуви билан бир қаторда седан янги асбоблар панели ва рул чамбарагига эга бўлган.

Марказий консол ўртасида MyLink кўнгилочар-ахборот мажмуасининг диагонали 7.0 дюйм бўлган Touch Screen дисплейи ўрнатилган.

Ҳайдовчи ёнлари қулайлаштирилган кенг ўриндиққа ўтиради. Рул чамбараги анча олдинга чиқарилган, унинг ортида эса аналог датчикли борт компьютери жойлаштирилган. Орқа ўриндиқда ўтирадиган йўловчилар 33 мм қўшимча жойга эга бўлишган ва энди шовқиндан ҳимоя тизимидан тўлақонли завқ олишлари мумкин.

Хавфсизликни таъминлаш жиҳатидан Malibu харидорларнинг асло хафсаласини пир қилмайди. Машина тўпламидан 8 та хавфсизлик ёстиқчаси, телескопик рул колонкаси ўрин олган. Хавфсизлик тизими, шунингдек, қияликдан тушишда автоматик тормозланиш, тезликнинг автоматик назорати, трэкшн-контроль — жойида чарх уришни назорат қилиш ва олдинги ҳамда орқадаги датчиклар ёрдамида машинани йўл четига жойлаштириш (парковка) ни ўз назоратига олади.

Техник тавсифлари ва нархи

Автомобиль қуйидаги қулайликлар ва техник тавсифларга эга:

Иқлимни назорат қилиш, олдинги ўриндиқларнинг иситилиши, интерьернинг (қора тусли) чарм билан қопланганлиги, ксенон чироқлар, ёруғлик диодли кундузи ўчмайдиган чироқлар, олдинги чироқларни автоматик созлаш тизими, туманга қарши орқа чироқлар, сенсор дисплейли мультимедиа тизими, двигателни узоқдан ўт олдириш имконияти, саёҳат давомида тезликни автоматик бошқариш тизими (узоқ йўл босганда асқотади), ҳаво намлигини ўлчаб борувчи датчик, иситилувчи рул чамбараги, олдинги чироқларни автоматик бошқариш тизими (туннелларни сезувчи датчик), двигателни ўт олдириш тугмаси, олдиндаги ва орқадаги йўл четига жойлаштириш (парковка) датчиклари, шовқинни назорат қилиш тизими.

Автомобиль нархи миллий валютамизда 210 млн. сўм атрофида баҳоланмоқда. Халқаро пластик карточкага АҚШ долларига харид қилмоқчи бўлганлар давлат курсида 110 млн. 852 минг сўм миқдорида тенг доллар тўлашади.

Техник кўрсаткичлари:

Двигатель:

Цилиндрлар сони — 4, бир қатор

Ишчи ҳажми, куб см — 2490

Максимал қуввати кВт/от кучи — 186, дақиқасига 5300 айланишда

Айлантирувчи момент, Н*м — 249, дақиқасига 4400 айланишда

Трансмиссия

Ҳаракатлантирувчи тури — олдинги

Трансмиссия тури — 6 босқичли автоматик узатмалар қутиси

Осмалар тури

Олдинги — Макферсон

Орқадаги — Тўрт ричагли осма

Тормозланиш тизими

Олдинги/орқа тормозлар — дискли/дискли

Ўлчамлари

Узунлиги, мм — 4923

Кенглиги, мм — 1854

Баландлиги, мм — 1470

Ғилдираклар базаси, мм — 2829

Қайрилиб олиш учун минимал радиус, м — 5,4

Ички ўлчамлари

Юкхона бўлмаси ҳажми, л — 447

Массаси

Юришга шай массаси, кг — 1471

Максимал рухсат этилган масса, кг — 2100

Динамикаси

Максимал тезлиги, км/соат — 220

0–100 км/соатга эришиш, сония — 8,0

Ёқилғи сарфи

Шаҳар циклида, л — 11,1

Аралаш циклда, л — 8,1

Ёқилғи тури ва русуми — АИ-91

Ёқилғи баки сиғими, л — 60

Мавзуга оид