Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЎзМУ томонидан қатор фанлар бўйича олимпиада ўтказилмоқда
Ҳар бир ўқувчининг иқтидори, фанларга, касб-ҳунарга бўлган қизиқишларини ўрганиш энг долзарб масалалардан биридир. Шу боис Ўзбекистон умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида таълим олаётган иқтидорли ўғил-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ва Ўзбекистон Республикаси истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси ҳамкорликда қатор вилоятлар кесимида шу йил апрель-май ойлари давомида математика, физика, биология ва кимё фанларидан университет олимпиадалари ўтказилмоқда. Бу ҳақда ЎзМУ газетаси мухбири Улуғбек Усмонов Кун.uz’га хабар бермоқда.
Шу йил 8 апрель куни Самарқанд давлат университетида бошланган мазкур олимпиадада Самарқанд, Навоий, Бухоро вилоятлари, 15 апрель куни Қарши давлат университетида Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари, 22 апрель куни Қўқон давлат педагогика институтида Наманган, Андижон, Фарғона вилоятлари умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари иштирок этишди.
29 апрель куни Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида юксак савияда ўтказилган олимпиадада Тошкент шаҳри, Тошкент, Сирдарё, Жиззах вилоятлари умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари иштирок этишди.
– Шу аснода Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ва Ўзбекистондаги умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик кенг йўлга қўйилади, – дейди ЎзМУ проректори Давлатбой Жумабоев. – Университет олимпиадаларида умумтаълим мактабларидан иштирок этган ўқувчилардан ҳудудлар бўйича 1-, 2-, 3-ўринларга сазовор бўлган истеъдодли ўқувчилар ЎзМУ қошидаги Сағди Сирожиддинов номидаги академик лицейга имтиёзли равишда ўқишга қабул қилинадилар. Шунингдек, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларидан ҳудудлар бўйича 1-, 2-, 3-ўринларга муносиб кўрилганлар Ўзбекистон Республикаси истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси томонидан махсус совғалар билан тақдирланадилар. Мазкур олимпиада ғолиблари ЎзМУ томонидан ташкил этиладиган ёзги мактаб ўқув-семинарларига таклиф этиладилар.
Университет олимпиадаси 6 май куни Урганч давлат университетида давом эттирилиши режалаштирилган. Унда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари иштирок этадилар.
Мавзуга оид
17:20 / 30.04.2025
ЎзМУдаги халқаро конференцияда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши муҳокама қилинди
20:59 / 16.04.2025
Ҳар йили декабрда «Президент Олимпиадаси» ўтказилади
16:56 / 11.11.2024
Тошкентлик ўқитувчи олимпиадада муваффақиятли қатнашган ўқувчилари учун 1 миллиард сўм мукофот пули олди
18:03 / 09.09.2024