Ўзбекистон | 22:36 / 06.05.2017
70551
2 дақиқада ўқилади

Видео: Шавкат Мирзиёев кутилмаганда оилавий поликлиникага ташриф буюрди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Яшнобод туманига ташрифи чоғида кутилмаганда 32 оилавий поликлиникага кирди.

Давлатимиз раҳбари поликлиниканинг иш тартиби билан қизиқди. Муассасанинг самарадорлигини ошириш, уйларга чиқиб, аҳолига патронаж хизмати кўрсатишни янада кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Мавжуд муаммоларни қисқа муддатда бартараф этиш, поликлиникани таъмирлаш ва аҳоли учун қулайликларни ошириш, мобил тиббий ёрдам қамровини кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берди.

2017 йилнинг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилинганида ҳам катта маъно мужассам. Зеро, инсон манфаатлари деганда, аввало инсоннинг саломатлиги, замонавий тиббий хизматдан тўлақонли фойдаланиши ҳам назарда тутилади. Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди учрашувларида халқнинг ичига кириб, уларнинг дарди, муаммолари, таклифларини эшитиш лозимлигини алоҳида қайд этганди.

Президентимиз соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари билан бир неча маротаба учрашиб, бирламчи тиббиёт муассасалари, оилавий поликлиникалар, патронаж хизмати, тез тиббий ёрдам тизимининг фаолиятини такомиллаштириш бўйича ўзининг тавсияларини берди. Соҳа ривожи йўлида бир нечта фармон ва қарорлар қабул қилинди, уларнинг ижроси изчиллик билан таъминланмоқда.

Яшнобод туманидаги 32 оилавий поликлиника Асалобод, Маърифат, Ширинобод, Жўрабек, Яссавий, Бойсун маҳаллаларидаги 27 минг 285 аҳолига тиббий хизмат кўрсатмоқда. Болалар ва туғиш ёшидаги аёллар, кексалар чуқурлаштирилган кўрикдан ўтказилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан пойтахтимиздаги ҳар бир поликлиникага тез тиббий ёрдам машиналари ажратилди. 32 оилавий поликлиникада ҳам тез тиббий ёрдам пункти фаолияти йўлга қўйилмоқда.

Президентимиз поликлиника жойлашган маҳалладаги одамлар билан мулоқот қилди.

Мавзуга оид