Ўзбекистон | 11:20 / 07.05.2017
106528
2 дақиқада ўқилади

Камералар орқали энг кўп қоида бузгани аниқланган ҳайдовчилар эълон қилинди

Фото: Kun.uz

Тошкент телеканалининг” Пойтахт-Вазият” дастурида айрим фуқаролар томонидан кўп марталаб йўл ҳаракати қоидабузарликлари содир этиш ҳолатлари ҳақида берилган ахборот ижтимоий тармоқларда қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. 

Теледастурда Тошкентнинг 115та чорраҳасига ўрнатилган камералар ишга тушган 2017 йил 15 март кунидан бошлаб энг кўп қоидабузарликка йўл қўйган 3 нафар ҳайдовчилар ҳақидаги маълумотлар тақдим этилган. 

Унга кўра, “Лада 2107” русумли давлат рақами 01 J278 HA бўлган автомобиль ҳайдовчиси 15 мартдан буён 20 марта чорраҳалардаги камералар эътиборига тушган. У 19 марта белгиланган тезлик меъёрларига риоя қилмаган ва бир марта светофорнинг тақиқловчи чироғида ўтиб кетган. Шу сабабли бу ҳайдовчига 3 145 275 сўм жарима солинади. 

Салбий рейтингнинг иккинчи ўрнида бораётган “Спарк” русумли давлат рақами 01 T 885 TA бўлган автомобиль ҳайдовчиси 21 марта қоидани бузган. Унга нисбатан жарималар миқдори 7 039 425 сўмни ташкил этади. 

Энг кўп қоидабузарлик “ВАЗ 2103” русумли давлат рақами 10 J 506 FA бўлган автомобиль ҳайдовчиси томонидан содир этилган. У 32 марта светофорнинг тақиқловчи ишорасида ҳаракатлангани учун солинган жарима миқдори 9 435 825 сўмни ташкил этган. 

Facebook ижтимоий тармоғининг “Водители Ташкента” гуруҳи аъзолари эса теледастурда эълон қилинган маълумотларга турлича қарашларини билдирмоқдалар. Айримлар 9 млн жарима белгиланган машинанинг ўзи бу қадар турмаслигини киноя қилишган бўлса, бошқалар камералар хорижий давлатларда ишлаб чиқарилган ва ўзига тўқ кишиларга тегишли бўлган ҳамда кўп маротаба қоида бузган автомобилларни кўрмасмикан, дея кесатиқли луқма ташлашган. 

Яна бир фойдаланувчи машина ижарага олинганини тахмин қилса, бошқа бири ҳақли равишда қоидага риоя қилиб юришни тавсия қилади. 

 

Мавзуга оид