Жамият | 17:39 / 08.05.2017
15684
2 дақиқада ўқилади

Кун.uz ташрифи: Чортоқлик уруш фахрийси ўз кечинмаларини ҳикоя қилди

Фото: Kun.uz

Кун.uz ижодий жамоаси Наманганга ташриф буюрар экан, сафар давомида вилоятнинг Чортоқ туманида истиқомат қилувчи айрим фуқаролар шахсий томорқа ва оилавий тадбиркорликдан унумли фойдаланиши ҳақида илиқ гаплар эшитдик ва ўша манзил томон йўл олдик.

Буни қарангки, биз ташриф буюрган хонадонлардан бирида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Юсуф ота Солиевни учратдик. Бу ҳокисор инсон билан бўлиб ўтган суҳбат бизда илиқ таассурот қолдирди. Бобо уруш хотираларини ёдга олар экан, шундай дейди:

“Мени 1943 йилда урушга чақиришди. Ўшанда 15 ёшда эдим. Барча билан хайрлашиб урушга жўнадим. Собиқ Чехославакия, Руминия, Венгрия, Австрияда урушда қатнашдим ва ниҳоят Берлингача бордим. Уруш тугагач, яна уч йил ўша ерларда хизмат қилдим. Сўнгра бизга жавоб беришди. Уйга қаётаётган вақт Узоқ Шарқда японлар билан уруш бошланди, деб бизни яна ўша ерга олиб кетишди. Аммо ярим йўлда уруш тамом бўлгани ҳақидаги хабарни эшитиб, жуда хурсанд бўлган эдик”.

Юсуф ота хотираларини эслар экан кўзига ёш қалқди. Ота жуда камсуқум ва ҳазилкаш. Унинг ёши 91 да. Узоқ умр кўриш сири ҳақида сўраганимизда ота шундай жавоб қилдилар:

“Уруш вақтида ёш бўлганмизми ёки бошқа сабабданми спиртли ичимликлар истеъмол қилардик. Аммо уруш тугагач, уйга қайтдим ва шу ёшгача бу одатни ташладим. Чунки бу иллатни инсон саломатлигига зиёнини тушуниб етганман”.

Юсуф ота Солиев ўз ниятларини билдирар экан бу юртда доим омонлик бўлишини, ёшлар сира уруш кўрмаслигини ва тинчлик-хотиржамлигимиз бардавом бўлишини истаб дуога қўл очдилар.

Мавзуга оид