Ўзбекистон | 17:40 / 09.05.2017
70251
3 дақиқада ўқилади

Жорий йилда ОТМларга қабул бўйича қандай ўзгаришлар бор?

Фото: Xushnudbek.uz

2017 йилдаги қабул комиссиялари иш бошлайдиган вақт яқинлашмоқда. 2017 йил 5 май куни Президент қарори билан қабул квоталари тасдиқлангани жорий йилги қабул мавсумини расман очиб берди. Мазкур қарор асосида бир қанча янгиликлар ва ўзгаришлар киритилди. Xushnudbek.uz сайтида ушбу янгиликлар ҳақида қисқача маълумот берилган.

1. Квоталар 8 минг 409 тага кўпайган ва жами 66 минг 316 нафар талаба қабул қилинади;

2. Навоий давлат кончилик институти ва Тошкент темир йўл муҳандислари институтида махсус сиртқи бўлим очилди. Ўз навбатида Тошкент кимё-технология институти (Қўнғирот бўлими)нинг махсус сиртқи бўлими ёпилди;

3. Жорий йилдан тест синовларидан муваффақиятли ўта олмаган абитуриентлар тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси эвазига талабаликка қабул қилиниши мумкин. Фақат бунинг учун абитуриент камида 68 балл тўплаган бўлиши лозим. Қўшимча қабул бўйича тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси абитуриентлар тўплаган балларга қараб Давлат комиссияси томонидан дифференциялашган тартибда белгиланади. Ҳозирча контрактнинг нархи маълум эмас. Шунингдек, қўшимча контракт ўрни ҳам чекланган бўлади, 68 баллдан оширган барча абитуриентлар ҳам қабул қилинавермайди;

4. Тиббиёт олийгоҳлари эндиликда давлат гранти асосида ҳудудларга тақсимланган квота билан талаба қабул қиладиган бўлди. Қуйидаги манзилда қайси вилоятга нечта ўрин ажратилганини кўришингиз мумкин.

5. Тошкент тиббиёт академиясининг Фарғона филиали ҳамда Тошкент кимё-технология институтининг Қўнғирот бўлими ушбу йилдан бошлаб ёпилди. Улар энди талаба қабул қилмайди;

6. Тошкент давлат стомотология институтининг ҳудудлардаги барча филиаллари, хусусан Андижон, Бухоро, Самарқанд, Нукус филиаллари ёпилди. Бунинг эвазига аввалгидек ҳудудлардаги тиббиёт институтларида “Стоматология” факультетлари қайта ташкил этилди;

7. Тошкент тиббиёт академиясининг Урганч филиалига яна талабалар қабул қилиш бошланди. Ўтган йили ушбу филиал учун квота ажратилмаганди;

8. Термиз шаҳрида Тошкент давлат техника университети ҳамда Тошкент давлат аграр университетининг филиаллари очилди. Энди шу иккала университетда ўқимоқчи бўлган абитуриентлар Термиз шаҳридаги филиалларда ҳам таҳсил олиши мумкин;

9. Наманган муҳандислик-педагогика институтининг номи Наманган муҳандислик-қурилиш институти дея ўзгартирилди.

Эслатма. 2016 йилнинг 16 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасаларига кириш тест синовларига тайёргарлик жараёни оптималлаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинганди.

Шунга кўра, бу йилдан ОТМларга ҳужжатлар 15 июндан 15 июлгача қабул қилинади. Давлат консерваториясида эса қабул комиссияси 15 июндан 10 июлгача ҳужжатларни қабул қилади.

Шунингдек, киритилган ўзгартиришларга кўра, Олий ҳарбий таълим муассасаларига кириш учун тест синовлари 5 июлгача ўтказилади. Бунгача тест синовлари 10 июль санасига ўтказилар эди.

Мавзуга оид