Жамият | 09:44 / 10.05.2017
10420
3 дақиқада ўқилади

«Кинематографияни ривожлантириш маркази» илк катта лойиҳасини амалга оширди

Тошкент шаҳрида "Кинематографияни ривожлантириш маркази" ўз фаолиятини бошлагани ҳақида аввал ҳам хабар берган эдик. Марказнинг тантанали очилиш маросими жорий йилнинг 3 май куни бўлиб ўтди.

Ташкилот ўз олдига қўйган мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти талабаси, ёш режиссёр Мухлиса Азизовага қисқа метражли фильмни суратга олишга кўмаклашди.

М.Азизованинг “У” номли қисқа метражли фильми шу йилнинг февраль ойида Тошкент шаҳрида суратга олиниб, унда Раъно Шодиева ва Карим Мирходиев каби таниқли киноактёрлар қатори, россиялик машҳур актёр Дмитрий Дюжев ҳам суратга тушди.

Мазкур фильм 70-Канн Халқаро кинофестивалига тавсия қилиниб, фестивалнинг қисқа метражли фильмлар бурчагида (Short Film Corner) кўплаб профессионал ижодкорларнинг асарлари қатори намойиш қилинадиган бўлди. 

Марказ ташаббуси билан россиялик таниқли кино ва театр актёри, режиссёр, «Бригада», «Остров» каби сериал ва фильмларда бош қаҳрамон образини яратган Дмитрий Дюжев 7 май куни Тошкент шаҳрига учиб келди. Пойтахтда меҳмон бўлган актёр ўша куни "Кинематографияни ривожлантириш маркази"да бўлиб, марказ биноси ва унинг фаолияти билан батафсил танишди.

Актёр 8 май куни соат 11:00 да Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабалари учун мастер-класс ўтказиш, ҳамда «У» қисқа метражли фильмни премьера қилиш учун Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида меҳмон бўлди. Икки соатга яқин талабалар билан фикр алмашди, уларга ўзининг актёрлик маҳорати ва сирларидан сўзлаб берди. 

Актёрнинг пойтахтимизда меҳмон бўлиши муносабати билан "Кинематографияни ривожлантириш марказида" ОАВлари ходимлари учун матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон давлат рус академик драма театрида "У" фильмининг кенг жамоатчилик учун мўлжалланган тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимотдан сўнг Д.Дюжев ўзининг якка ижросидаги «Евгений Онегин» моноспектаклини тақдим қилди.

Мавзуга оид