Ўзбекистонга бриллиантни юпқага ўралган ҳолда олиб кирмоқчи бўлган шахс аниқланди
Юпқа ва конфет орасидаги бриллиант кўзли заргарлик буюмлари, чой қутисига жойлаштирилган тилла тақинчоқлар. Уларни ноқонуний олиб ўтиш учун қўлланилган бу усуллар Ўзбекистон божхоначиларини чалғита олмади, деб хабар бермоқда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати.
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида божхоначилар мазкур тартибларни бузишга уринган хорижий фуқаро А.Закаряннинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига чек қўйишди.
“Москва-Тошкент” рейси бўйича Ўзбекистонга кириб келган ушбу шахс божхоначиларнинг кўзини шамғалат қилиш мақсадида 87 гр. оғирликдаги қимматбаҳо бриллиант тошлари билан безатилган тилла тақинчоқларни турли конфетлар ва юпқа, яъни лавашлар орасига бекитишга уринган.
Аммо, унинг қиймати 9 млн. сўмдан ортиқ бўлган ушбу заргарлик буюмларини олиб ўтишга оид қинғир режаси наф бермади.
Самарқанд халқаро аэропортида ҳам салкам 300 гр. оғирликдаги тилла тақинчоқларнинг яширин равишда Ўзбекистонга олиб киришга бўлган навбатдаги уриниш фош қилинди.
Қозондан учиб келган фуқаро А.Бурҳонов божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида ҳамда йўловчи божхона декларациясида маълум қилмасдан туриб, қиймати 38 млн. сўмдан ортиқ бўлган 45 дона заргарлик буюмларини чой қутисига яширганча, олиб киришга уринган экан.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг ўтган 4 ойи давомида Ўзбекистон божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 50 дан ортиқ қонунбузарлик ҳолатларида қиймати салкам 3,5 млрд. сўмлик 23 кг.дан ортиқ оғирликдаги тилла ва заргарлик буюмларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.
Мавзуга оид
19:30 / 31.01.2023
Имтиёз, қулайлик ва йўқолаётган бюрократия – божхона тизимида нималар ўзгарди?
23:41 / 11.01.2023
Заргарлик буюмларини Ўзбекистондан олиб чиқиш бўйича енгиллик берилди
07:32 / 07.01.2023
Ўзбекистонга олиб кириладиган товарлар учун божхона тўловларини аниқлаш тартиби ўзгаради
08:28 / 28.12.2022