Жаҳон | 19:35 / 20.05.2017
6271
2 дақиқада ўқилади

Туркия Сурия ва Ироқда янги операцияларга тайёргарлик кўрмоқда

Фото: aa.com.tr

Туркия қуролли кучлари бош штаби минтақада Сурия ва Ироқдаги курд қуролли тузилмаларининг ҳужум қилишлари мумкинлигига қарши қаратилган аксилтеррорчилик операциялари режасини тузиб чиқди. Бу ҳақда Anadolu ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

Анқарадаги ҳарбий манбаларнинг маълум қилишича, режада "Курдистон ишчи партиясининг Сурия ва Ироқдаги бўлимлари (YPG ва PYD) жангариларининг исталган ҳужумларига қатъий қаршилик кўрсатиш" кўзда тутилган. Туркиянинг режаси доирасида жалб қилиниши назарда тутилаётган ҳарбий базаларда қўшни давлатлардаги операцияларга тайёргарлик якунланган. Ўқ-дори ва қурол-аслаҳа омборлари тўлдирилган, чегара ҳудудларига қўшимча ҳарбий техника келтирилган.      

Шу билан бирга Туркиянинг Ироқ ва Сурия билан чегарадош ҳудудларида логистик қўллаб-қувватлаш инфратузилмаси яратилган. Бир қатор ҳарбий қисмлар чегарага жойлаштирилган.

Туркия разведка хизмати Ироқ ва Суриянинг PYD ва YPG кучлари томондан назорат қилинувчи ҳудудлар рўпарасидаги чегараолди полосасида кунбўйи кузатув олиб бормоқда. Кузатувлар Хатай (Суриянинг Африни билан чегарадош), Шонлиурфа (Суриянинг Тел-Ободи тўғрисида жойлашган), Мардин (Суриянинг Қамишлиси билан чегарадош) вилоятлари ҳамда Ироқ билан бутун чегара бўйлаб олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, мухолиф Сурия озодлик армияси отрядлари Туркиянинг "Фрот қалқони" операцияси якунлангандан кейин Туркия қуролли кучлари кўмагида ташкил этилган жадал ҳарбий тайёргарлик дастурига жалб этилганлар. Ушбу дастур 2017 йил 29 март куни Сурия-Туркия чегараси яқинида ташкил этилган машғулот лагерларида бошланган. Дастур иштирокчилари турли қуролларга эгалик қилиш малакаларига ўргатиладилар. Шунингдек, жисмоний тайёргарликка катта эътибор қаратилади.  

Мавзуга оид