Жамият | 23:47 / 24.05.2017
8724
2 дақиқада ўқилади

Дубай полицияси ташландиқ қудуқдан туяни чиқариб олишга муваффақ бўлди

Фото: Supplied

Дубай полицияси Ал-Лисалий туманидаги ташландиқ қудуққа тушиб кетган туяни қутқарди. Бу ҳақида полиция берган маълумотга асосланиб, Gulf News хабар берди

Дубай полициясининг қидирув-қутқарув бўлими директор ўринбосари, полковник Аҳмад Атиқ Бурқибаҳнинг сўзларига кўра, сешанба куни уларга қудуқдаги туя ҳақида хабар берилган. 

"Воқеа жойига етиб борганимизда кичик ташландик қудуққа тушиб қолган туяни кўрдик. Қудуқ бир неча йиллардан буён яроқсиз аҳволда. Унинг ичидаги сув ифлос ва заҳарли ҳисобланади. Қудуқнинг қопқоғи сингани туфайли унинг юзаси очиқ бўлган. Бу тор қудуққа туянинг қандай қилиб тушиб қолгани ҳозирча номаълум", - деди полковник.

Унинг айтишича, қудуқдан туянинг фақат бўйни ва боши кўриниб турган, қолган қисми сувда бўлган. "Қудуқ оғзи тор бўлгани учун уни чиқариб олиш осон бўлмади. Биз қудуқ оғзини кенгайтириш учун махсус ускунадан фойдаландик. Туяга зиён етказмаслик учун эҳтиёткорлик билан уни чиқариб олдик", - қўшимча қилди у.

"Туяни қутқариш операцияси уч соат давом этди. Жонивор қутқарилгач, бемалол юриб кетди. Жамоанинг барча аъзолари жониворнинг эсон-омон қутқарилганидан бахтиёр", - дейди полковник Бурқибаҳ. 

Қутқарув гуруҳига лейтенант Али Ҳасан Канон бошчилик қилди. 

Мавзуга оид