Жаҳон | 17:50 / 25.05.2017
41865
2 дақиқада ўқилади

Ака-ука Азимовларга айблов эълон қилинди

Фото: © РИА Новости

Россия Тергов қўмитаси Санкт-Петербург метросида уюштирилган теракт бўйича Аброр ва Акрам Азимовларга расман айблов эълон қилди. Бу ҳақда айбланувчиларнинг адвокати Дмитрий Динзега асосланган ҳолда РИА Новости хабар тарқатди.

«Уларга РФ ЖКнинг икки моддаси бўйича [205 модда ("Террорчилик акти") ва 222 модда ("Ноқоуний қурол сақлаш")] айблов қўйилди», — деган адвокат.

21 апрель куни Петербургдаги терактга алоқадорликда гумон қилинаётган ака-ука Азимовларнинг Россия фуқаролиги бекор қилингани маълум бўлганди. Бунга уларнинг отаси фуқаролик олиш вақтида ёлғон маълумотлар бергани сабаб эди.

Санкт-Петербург метросининг «Сенная плошад» ва «Технологический институт» бекатлари оралиғидаги портлаш 3 апрель куни юз берган эди. Вагондаги портлаш оқибатида 15 киши ҳалок бўлди.

18 апрель куни Москва шаҳар Басманний туман суди теракт ташкилотчиси деб гумон қилинаётган асли қирғизистонлик Аброр Азимовни ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарди, кўп ўтмай унинг акаси — Акрам Азимов қўлга олинди.

ФСБ маълумотларга кўра, Акрам Азимов Туркиядан пул олиб, террорчиларни молиялаштирган, шунингдек, уларни сохта ҳужжатлар билан таъминлаган.

Мавзуга оид