Ўзбекистон | 15:39 / 25.05.2017
31519
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Туркия ўртасида қандай ҳужжатлар имзоланди?

25 май, пайшанба куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича IV Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш Ўзбекистон Республикаси бош вазир ўринбосари Рустам Азимов ва Туркия бош вазир ўринбосари Йилдирим Тугрул Туркеш раислиги остида ўтказилди.

Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши якунларига кўра, қуйидаги ҳужжатлар имзоланди:

1. Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма иқтисодий комиссия тўртинчи йиғилишининг Баённомаси. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси бош вазир ўринбосари Рустам Содиқович Азимов ҳамда Туркия Республикаси бош вазир ўринбосари Йилдирим Тугрул Туркеш томонидан имзоланди;

2. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ва Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазири учрашувлари Баённомаси. Ушбу ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Анвар Қурбонович Шарапов ҳамда Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазири Наби Авжи томонидан имзоланди;

3. Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Туркия Республикаси ҳукумати ўртасида даромад солиқларига нисбатан икки ёқлама солиққа тортишни олдини олиш тўғрисидаги битимга ўзгартириш киритиш бўйича Баённома лойиҳаси парафирланди. Уни Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазири Ғаниев Элёр Мажидович ҳамда Туркия Республикаси Иқтисодиёт вазири Нихат Зейбекчилар имзолашди;

4. Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Туркия Республикаси ҳукумати ўртасида Инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги Битим лойиҳаси парафирланди. Ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси Аҳмадхўжаев Азим Исроилович ва Туркия Республикаси иқтисодиёт вазири Нихат Зейбекчи томонидан имзоланди. 

Мавзуга оид