Жамият | 21:20 / 26.05.2017
21433
2 дақиқада ўқилади

Америкалик муслим чўчқа гўштидан тайёрланган пицца учун 100 миллион доллар талаб қилди

Фото: Fotolia / elnariz

Мичиган штатида яшовчи Муҳаммад Баззий уни алдаб икки марта чўчқа гўштидан тайёрланган колбаса қўшилган пицца сотган пиццерияга қарши даъво иши очди ва компенсация сифатида 100 миллион доллар талаб қилди. Гап шундаки, у пиццерия ходимларидан таомни тайёрлашда чўчқа гўштидан фойдаланмасликни сўраган. Detroit Free Press шу ҳақида хабар берди

Даъвогар Little Caesars пиццериялар тармоғига икки марта пицца буюртма қилган. Март ойида у "ҳалол" белгиси қўшилган таом харид қилган. Манбада маълум қилинишича, Баззий ва унинг турмуш ўртоғи фақат уни тотиб кўргачгина чўчқа гўштидан тайёрланган пепперони тановул қилаётганликларини англаб етишган. Баззийнинг ўзи илгари пиццерияда ишлагани ва шу боис айнан чўчқа гўштидан тайёрланган пепперонини яхши фарқлай олишини айтган. Ғазабланган эркак полицияга ариза билан мурожаат қилган.

Баззий иккинчи марта пиццага буюртма берганида унда яна чўчқа гўшти таъми бўлган. Ресторан менежери Баззийнинг эътирозига жавобан гўёки харидорнинг ўзи "ҳалол" белгисини ёпиштиришни талаб қилганини айтган, бироқ Баззийнинг адвокати Мажид Муғний бу айбловларни рад этган.

"Ҳалол чўчқа деган тушунча йўқ. У исломда умуман тақиқланган", - дейди адвокат. 

Адвокат даъво ишини гуруҳ даражасига кўтармоқчи. Манбада таъкидланишича, 2011 йилда ана шундай даъво иши McDonald's тармоғига 700 минг долларга тушган эди. Ресторан мижозларга ноҳалол товуқни тақдим этган. 

Мавзуга оид