Фан-техника | 11:28 / 26.05.2017
37228
4 дақиқада ўқилади

TOP-7: Энг қимматбаҳо мобил телефонлар

Бугунги кунда ҳаётимизни мобил телефонларсиз тасаввур қилиш қийин. Ҳар бир инсон ўз эҳтиёжлари ва молиявий имкониятларидан келиб чиқиб, ўзига муносиб қурилмани танлайди. Бироқ шундай телефон аппаратлари борки, уларни ҳамма ҳам қўлга кирита олмайди - улар алоқа воситаси эмас, энг аввало ҳашамат воситасидир. Trendymen дунёнинг энг қимматбаҳо телефонлари ва уларнинг нархига оид маълумотлар билан бўлишди.

 

Diamond Crypto Smartphone

Россиянинг Ancort компанияси томонидан йиғилган телефон дизайни билан австриялик Петер Алойссон шуғулланган. Бироқ қурилмани бошқаларидан ажратиб турувчи хусусияти 50 та олмос билан безатилган платина корпуси эмас, балки замонавий шифрлаш технологиялари самараси бўлган юқори хавфсизлигидир. Нархи - 1,3 миллион доллар.

 

GoldVish Le Million

Швейцариялик заргар Эммануэль Гюйтнинг оригинал ижод намунаси - GoldVish Le Million смартфони - 2006 йилда дунёдаги энг қимматбаҳо телефон ҳисобланган. Корпуси - олтиндан, олмослар билан қопланган, орқа панели - тимсоҳ терисидан ва ажойиб шакл. 1,45 миллион доллар ва у сизники!

 

iPhone 3G King´s Button

iPhone 3G King´s Button модели 1998 йилдан бери элита телефонларни жиҳозлашга ихтисослашган австриялик заргар Петер Алойссоннинг ижод тожи бўлди. Телефон ҳақиқатда қироллик ҳашамати билан ажралиб туради - 138 қимматбаҳо тош билан безалган оқ, пушти ва сариқ олтиндан ишланган корпус, бошқару тугмасида 6 каратли ҳашаматли олмос жойланган. Нархи - 2,4 миллион доллар.

 

Goldstriker iPhone 3GS Supreme

2012 йилда 3,2 миллион долларлик ушбу қурилма дунёдаги энг қимматбаҳо телефон ҳисобланган. Бугунги кунда у ўз ўрнини янги моделларга бўшатиб берган. У 136 та олмос билан безалган 22 каратли олтиндан ишланган корпусга эга, асосий тугмада ҳам 761 каратли олмос мавжуд.

 

iPhone 4 Diamond Rose

Apple'нинг яна бир маҳсулоти  – iPhone 4 Diamond Rose бозорга чиқиши биланоқ Гиннеснинг Рекордлар китобидан жой олган. Бунга мукаммал ишлов берилган 500 олмос, бежирим лого ва Home тугмасидаги 7,4 каратли пушти олмос сабаб бўлган. Агар бу кимгадир камдек туюлса, қимматбаҳо  тошни 8 каратлисига алмаштириш имкони мавжуд. Бундай телефон соҳибига махсус аксессуар керак бўлиши шубҳасиз. Ички томонидан нубук билан ишланган пушти гранитли ғилоф оғирлиги - 7 килограмм ва у смартфон нархи ичига киради - 8 миллион доллар. Телефон атиги икки нусхада чиқарилган.

 

iPhone 5 Black Diamond

Тилладан ишланган орқа панель, ҳимояли кўкиш ёқут шиша, 600 та олмос билан безатилган корпус, 53 та қимматбаҳо тош билан ишланган Apple логоси ва 26 карат оғирлик ҳамда 12 миллион қийматга эга қора олмосли асосий тугма - буларнинг барчасини бирда йиғадиган бўлсак, 2016 йилнинг энг қимматбаҳо телефони - iPhone 5 Black Diamond ҳосил бўлади. Ҳозир унинг нархи 15,3 миллион доллар атрофида бўлиб, янги моделларга ўз ўрнини бўшатиб берган. Бироқ уни харид қилишнинг иложи йўқ - бу телефон заргар Стьюарт Хьюз томонидан ягона нусхада, хитойлик ишбилармон учун махсус яратилган.

 

Falcon Supernova iPhone 6

Falcon бренди ҳамманинг ҳам қурби етавермайдиган элита мобил телефонларини ишлаб чиқаради. Шу боис бу компаниянинг Falcon Supernova iPhone 6 телефони бугунги кунда дунёнинг энг қимматбаҳо қурилмаси ҳисобланади. Унинг баҳоси моделга ҳам боғлиқ бўлиб, 45 миллиондан 95 миллион долларгача бўлиши мумкин. Харидор бу пуллар эвазига нимага эга бўлади? 128 Гб хотира, платина корпус, 18 каратли пушти ёки сариқ олтин, шунингдек ноёб пушти олмос билан безатилган панель. Истаган харидор уни ҳаворанг олмосга алмаштириб олиши мумкин, шунда телефон икки баробар арзонга тушади. Қўшимча сифатида махсус аксессуарларни қўлга киритиш мумкин - масалан, олтин ёки платинадан ишланган люкс тоифали қулоқчинлар 300 минг долларга сотилади.

Мавзуга оид