Жаҳон | 08:06 / 28.05.2017
5564
2 дақиқада ўқилади

British Airways’да компьютер тизими билан боғлиқ муаммолар сабаби маълум қилинди

Фото: AP Photo / Gareth Fuller

British Airways компаниясининг Лондондаги Хитроу ва Гатвик аэропортларидан амалга оширилиши керак бўлган барча парвозларнинг бекор қилинишига олиб келган компьютер тизимидаги носозликлар электр таъминотидаги узилишлар сабаб юзага келган. Бу ҳақда авиакомпаниянинг бош директори Алекс Круз маълум қилди. 

27 май куни авиакомпания маҳаллий вақт билан соат 18.00 дан бошлаб ва сўнгра кун охиригача Лондондаги икки аэропортдан барча парвозларни бекор қилди. Маълум қилинишича, шу сабабли Хитроуда юзлаб йўловчилар қолиб кетган. Лондондаги рейслардан ташқари, британ авиакомпаниясининг дунёнинг бошқа шаҳарларидаги рейслари ҳам бекор қилинган.  

"Бугун бизда компьютер тизимининг йирик носозлиги юз берди ва у бутун дунё бўйлаб операцияларимизга жиддий путур етказди. Техникларимиз жамоаси муаммоларни ҳал қилиш устида тинмасдан ишламоқда. Фикримизча, носозликка асосий сабаб электр энергия узатишдаги муаммо бўлди ва бизда хакерлик ҳужуми амалга оширилганини кўрсатувчи бирор далил йўқ", деб айтди Круз.

Круз етказилган ноқулайликлар учун компания мижозларидан узр сўради ва уларга сабр қилганлари учун миннатдорчилик билдирди.

Мавзуга оид