Жамият | 13:58 / 29.05.2017
51098
3 дақиқада ўқилади

Наманганнинг бир кўчаси: ҳужжатсиз уйлар ва рўйхатда йўқ одамлар

Кун.uz’нинг Наманганга ташрифи турли мавзуларда бўлди. Ижодий сафар давомида турли манзилларга ташриф буюрилди. Ана шундай жойлардан бири Наманган шаҳри, Гулистон кўчаси бўлди.

Гап шундаки, бу ерда 24 та хўжалик истиқомат қилади. Маҳаллий аҳоли билан бўлиб ўтган суҳбатимиз чоғида аён бўлдики, бу ерда табиий газнинг бўлмаганлигига анча йиллар бўлган. Электр энергияси ва тоза ичимлик суви ҳам доимий равишда берилмайди. Уйларнинг томидан ёғингарчилик вақтида чакки ўтади. Подъездларнинг кўриниши расво ҳолатда, кўчада бир уюм чиқинди сочилиб ётибди. Аммо муаммонинг энг каттаси бу эмас...

Гап шундаки, бу ерда истиқомат қилиб келаётган 24 хўжаликнинг ҳеч бирида хонадоннинг шахсий мулк эканлигини тасдиқловчи бирорта ҳужжат мавжуд эмас. Бу ерда яшовчилар ўзларидан олдинги уй эгаларидан бу хонадонларни сотиб олишган. Олди-сотди жараёнида ҳеч қандай қонуний амаллар бажарилмаган. Шунчаки “Мен сотяпман, мен оляпман ва мен гувоҳман”, деган тилхат бор холос. Шу сабаб бўлса керак, бу ҳудуднинг ширкати ҳам мавжуд эмас. Одамлар қаерга боришни, кимга мурожаат қилишни-да билишмайди.

Хонадонлар ичи кириб кўрилганида, уларнинг айримлари яхши таъмирланган, айримлари эса ҳаминқадар эди. Аммо уйнинг ташқи томони ўта аянчли. Ширкат бўлмаса, биргалашиб таъмирлаш, чиқиндилардан тозалаш ишлари ҳам олиб борилмаган.

Ушбу ҳолат билан Наманган шаҳар ҳокими ўринбосари Саидаҳмад Султонов яқиндан танишди. Унинг айтишича, бу ерда биринчи истиқомат қилган кишилар хонадонларга шунчаки кириб, жойлашиб, яшайверишган. Ҳеч қандай ҳужжат ва қонуний ҳаракатларсиз бу ишни амалга оширишган. Ҳозирги яшаётган аҳоли эса улардан бу уйларни сотиб олишган. Яна ўша ҳужжатсиз ва қонуний ҳаракатларсиз. Ҳоким ўринбосари вазият билан танишгач, барчани уюшқоқ бўлишга, шу ерда истиқомат қилувчилар орасидан ширкат тузишга ва атрофни биргаликда ободонлаштиришга чақирди. Одамларни рўйхатга қўйишга ҳам ваъда берди.

Орадан маълум бир вақт ўтиб, бизга етиб келган маълумотларга кўра, Гулистон кўчасида жойлашган икки қаватли иккита уйнинг ташқи кўриниши оқланган, атроф ободонлаштирилган ва чиқиндилардан тозаланган. Аммо бу ерда яшовчи инсонларнинг асл дарди бу эмас, уларнинг ҳуқуқларини тиклаб, қўлларига қонуний ҳужжат тақдим этишдир. Зеро ҳуқуқий демократик давлатда яшовчи ҳар бир фуқаро ўз ҳуқуқига эгадир.

 

Мавзуга оид