Жамият | 18:57 / 31.05.2017
40191
6 дақиқада ўқилади

Бозор оралаб: Балиқчи туманида нима гаплар?

Ҳар бир жамиятнинг ўзига хос муаммоси, ечимини кутаётган масаласи бўлади. Ўз вақтида аниқланган муаммо жойида ва тезкорлик билан ҳал этилиши шу жамиятнинг такомиллашганидан, демократияга юз тутганидан далолатдир. Аксинча, муаммо ўз ҳолича қолаверса ёки уни ҳал этиш йўлида кўзбўямачиликка таянилса бу жамиятни ич-ичидан емирувчи омил бўлиб хизмат қилади.

Сайтимиз орқали Андижон вилояти Балиқчи туманидаги бозор фаолиятига боғлиқ муаммо қаламга олинган эди. Унда туман ҳудудида қурилган янги бозорда савдо қилувчи тадбиркорларнинг эски, шароити йўқ бозорга қувилаётгани ва бу ишларга ҳеч бир изоҳ келтирилмагани тилга олинади. Ушбу ҳолатни ўрганиш учун мазкур туманга бориб, ҳолат билан яқиндан танишдик.   

Балиқчи туман марказида учта бозор мавжуд:

1. “Деҳқон бозори”

2. “АZIM DAVRON” жамиятига қарашли буюм бозори

3.“BO’STON NIHOL BOG’I” боғдорчилик фермер ҳўжалигига қарашли Янги бозор.

Мақолада айтиб ўтилган муаммоли ҳолат Янги бозорда содир этилган бўлиб, бу савдо мажмуаси “BO’STON NIHOL BOG’I” боғдорчилик фермер хўжалигига қарашлидир.

Фермер хўжалиги тасарруфидаги Янги бозор туман ҳокимининг 2014 йилги қарорига асосан 2016 йилда қуриб битказилган бўлиб, ҳудудида 60 ўринли ёзги павильон ва 43та турғун савдо шохобчаси бор.

Мурожаатда солиқ ходимлари Янги бозордаги тадбиркорларни Эски бозорга мажбуран чиқараётгани айтилган эди. Воқеага аниқлик киритиш учун, биринчи навбатда, туман ДСИ бошлиғи Одилжон Нурдиновга учрашдик. Назорат қилувчи давлат органи бошлиғи томонидан берилган жавоблардан қониқмагач, туман ҳокими ўринбосари Давронбек Саидқуловга юзландик.

Ҳоким ўринбосари ўз хонасига туман марказидаги барча бозор раҳбарлари ва тегишли мутасаддиларни тўплади. Ушбу йиғилишда “Янги бозор” раҳбари Фарохиддин Аҳмедов ташкилотида мавжуд муаммоли ҳолатларни ўртага ташлади.

Маълумотларга кўра, “Янги бозор” савдо мажмуаси “Микрокредитбанк” Балиқчи тумани филиали томонидан ажратилган имтиёзли кредит асосида қурилган. Кредит маблағини қайтариш учун асосий манба сифатида қуриб битказилган дўконлар ва савдо павильонини тадбиркорларга ижарага беришдан тушадиган даромад кўзда тутилган. “Янги бозор” билан ҳудуди чегара бўлган “Деҳқон бозори”да ўтган йили реконструкция ишлари бошланган бўлиб, ўша ерда савдо қилаётган тадбиркорларни “Янги бозор” ҳудудига ўтиши белгиланган эди. Туман мутасадди ташкилотлари аввалига эски “Деҳқон бозори” ҳудудидаги тадбиркорларни “Янги бозор” томонга ўтиб, савдо қилдиришга ҳаракат қилишган бўлса, сўнгги ойда эса тескари ҳолатнинг гувоҳи бўлиш мумкин.

“Янги бозор” ҳудудида якшанба кунлари кўчаларда ноқулай ҳолатда савдо қилиб келаётган савдогарларга бўш турган савдо ўринларида савдо қилишлари учун шароит қилиб берилаётган эди. Лекин негадир туман солиқ инспекцияси ходимлари бунга қаршилик қилиб, тадбиркорларни бозордан чиқариб юборган.

Бозорда ўтирган савдогарнинг энг нозик нуқтаси – текширувчи. Ҳужжатлари жойида бўлса ҳам савдогар халқи тинч савдо қилишни ҳоҳлайди. Агар қайси бозорда бўлишидан қатъи назар уни камроқ текширишса, тадбиркор ўша жойда муқим ўрнашади. Яхши товарларга эга сотувчилар бор масканга харидор талпинади. Харидор ўргангач эса бозорга файз киради. Бозор эгасининг ҳам талаби шу. Солиқ идораси ходимларига: “Нега бундай бўляпти?” деган саволни бердик. Улар “Қонуний ҳужжатга эга бўлмаган ва ташқарида ёйма тарзда савдо қилаётганларни тегишли тартибга асосан текшириб чиқдик”, деган жавобни беришди. Бу ҳақ гап! Барча бозорлар  ҳудудида очиқ павильонда деҳқончилик ва мева-сабзавот маҳсулотлари билан савдо қилиш мумкин. Ноозиқ-овқат товарлари билан эса фақат ёпиқ хоналар, яъни турғун савдо нуқталарида тегишли тартибдаги меъёрий ҳужжатлар бўлгандагина фаолият юритиш белгиланган.     

Фарохиддин Аҳмедовнинг: “Тартиб ва қоида фақат бизнинг бозорга нисбатан қўлланилиши ғалати, ўша кўчага чиқариб юборилаётган тадбиркорларга бозорда савдо қилишга рухсат бериб турсаларинг, аста-секин турғун дўконларга олиб кириб олардим. Улар барибир бошқа савдо мажмуалари ва кўчада ёйиб савдо қилишаяптику?”, деган саволи эса ўйга толдиради.

Унинг куюнишида жон бор. Бозорни қуриш учун кредит олган тадбиркор ўзини ўтга-чўққа урмоқда. Замон талабларига жавоб берадиган савдо ўринларларини тадбиркорларга ижарага бера олмаяпти, қонуний ижара шартнома билан ишлаётган тадбиркорларни эса йўқотмоқда. Натижада кредит маблағлари вақтида қайтарилмаяпти, муддати ўтган қарздорлик, жарималар юзага келяпти.

Туман ҳокимлиги ва Янги бозорда бўлиб ўтган йиғилиш якунида бозорни ривожлантириш учун барча ташкилотлар яқиндан ёрдам берадиган бўлди. Ўзи олий маълумотли маркетолог бўлган Фарохиддин бир ҳафта ичида бозорда тадбиркорларни ўз ҳудудига тортиш учун қулайликлар яратиши ҳақида гапирди.

Дарҳақиқат, Шарқда қадимдан бозорларнинг гавжум ва чиройли бўлишига қараб юртга баҳо беришган. Балиқчи туман бозорлари фаолиятига мутасадди ташкилотлар ҳалақит бериш ўрнига яқиндан кўмак берса, фойдадан ҳоли бўлмасди. Тадбиркор туманда СОҒЛОМ РАҚОБАТ МУҲИТИ яратилишини сўрамоқда. Ҳақли ва бугунги кун талаби бу.

 

Мавзуга оид