Жамият | 23:26 / 01.06.2017
159530
7 дақиқада ўқилади

Намунавий уйдаги «намунавий» нуқсонлар

Таҳририятимизга Саидаҳмад Мўминов номидан Зангиота тумани, «Туркистон» ҚФЙ, А.Икромов массиви 37-намунавий уй қурилишининг боришидаги камчиликлар ҳақида изтиробли мактуб келиб тушди. Албатта, суратларга қараб, банкларнинг ва шу уйни харид қилган инсоннинг сарфлаган маблағларига ичингиз ачийди.

«Мен 2015 йил 23 июлда Зангиота тумани, Туркистон ҚФЙ, А.Икромов массивида қурилиши режалаштирилган намунавий уй учун бошланғич тўлов амалга оширганман. Бу массивда учта пудратчи фирма қурилишда иштирок этиб, иккита фирма 2016 йил ноябрларида уйларни эгаларига топширишди, айримлари кўчиб ҳам киришган. Бизнинг уйларни қураётган пудратчи «Рангли Олам» фирмаси қурилиш ишлари эса ҳанузгача тугалланмаяпти, қурилиш эса мутлақо сифатсиз ва жуда кўп жойларида тасдиқланган лойиҳадан четлашиш, қурилиш материалларидан уриб қолиш ҳолатлари мавжуд», — деб бошлайди С.Мўминов ўз мактубини.

Деярли бир йилдан бери банк тўловларини кечиктирмай, ўз вақтида тўлаб келаман. Пудратчи ҳазм қилиб юбораётган бу пулларни мен ҳали яна 15 йил мобайнида маошимдан, оиламнинг ризқидан орттириб тўлашим керак бўлади.

Қуйида қурилишдаги айрим камчиликлар келтирилган:

  • Пойдевор «ёстиқчаси» энидан 5–6 см, бўйидан 4–5 см урилган жойлари бор. «Ҳам бўйидан, ҳам энидан урди» деганлари шу бўлса керак. Устунда лойиҳага кўра 16 мм диаметрлик арматуралари фойдаланиши белгилаб қўйилган бўлса-да, «ёстиқчадан» 12 ммлик арматура чиқарилган. Лентали пойдеворга каркасли арматура тўқиш ўрнига сеткали ташланган. 30 см қалинликдаги «ёстиқча» ўрнига 25–26 см қуйилган.

Ғишт териш қонун қоидаларига умуман риоя қилинмаган. Қинғир-қийшиқ терилган. Деворнинг бир бурчаги, Пиза минорасига ўхшаб, юқоридан, ёнга 12 см оғган.

Лойиҳада 24 та том ёпиш плитаси белгиланган, пудратчи 22 та плита қўйган. Плиталар ораси бетон аралашмаси билан тўлдирилмаган.

Лўмбоздан олдин изолондан қилинган 3 смлик паро-теплоизоляция ташланмаган. Ўз ҳисобимдан қамиш ташлатиб юбордим. Лўмбоз қалинлиги 8 см бўлиши керак, 3–4 см қилинган. Лўмбозга лойни эса пиширмасдан тўғридан-тўғри қилиб юборилган.

Томга ишлатилган ёғочлар умуман лойиҳа талабига жавоб бермайди.

Лойиҳада «Стропила тизими 50Х150 мм тўсинларга, ташқи бўйлама деворларга ўрнатилган кесими 100Х100 мм бўлган маурлатларга ва кесими 100Х150 мм конёк ва оралиқ прогонларга стропилаларнинг таяниш йўли билан ҳосил қилинади», деб кўрсатиб ўтилган.

Аслида 50х150 ммли стропила ўрнига 40x130мм, 100х150 мм конёк ва оралиқ прогон ўрнига 70 мм терак ходаси қўйилган.

Лойиҳага кўра, оралиқ қадами 300–350 мм бўлган 50Х50 мм кесимли бруслар ишлатилиши белгилаб қўйилган эса-да, 40х40мм брусларни 380–400 мм қадам билан жойлаштиришган.

Сувоқ умуман лойиҳага тўғри келмайди. Сувоқ таркиби ҳам, текислиги ҳам мутлақо сифатсиз

Лойиҳада: «Сувоқ маякларга кўра амалга оширилиши керак», деб белгилаб қўйилган. Аслида эса: Дераза четининг пастки қисми 23см бўлса, юқори қисми 18см, дераза четининг ўзида 5см фарқ бор. Девор бўйлаб эса 10 см га тенг оғиш бор.

Ёзги ҳожатхона остида бўлиши керак бўлган 16-17м3 ҳажмли арматуралар ёрдамида билан жиҳозланиши керак бўлган ҳандақ қилинмасдан, ҳожатхона ва омборхона қуриб юборилган.

Пойдевор қуйилгандан сўнг, бошқа ишлардан олдин, фундаментни тупроқ билан ёпилиб турадиган қисмини битум (қора сақич) билан 2 марта суриб гидроизоляция қилиб чиқиш керак.

Аслида эса, ҳали ҳануз пойдевор ости таги очиқ турибти. Қиши билан тагига сув сизиб, охири ўзим тарновдан тушаётган сув, фундамент тагига кетмаслиги учун, пластик қувурлар билан четга кетадиган қилишга мажбур бўлдим.

Уй ҳали битмасдан нураб, тўкилиб бўляпти...

Уйнинг айни вақтдаги аҳволи — ариққа сув келса, тўғри пойдевор остига кетади:

Ёмғир ёғганда тарновдан тошиб, яна очиқ пойдевор ости сувга тўлади:

Уйнинг ҳозирги ички кўриниши: электр симлари деворларга сувоқдан олдин монтаж қилиниши керак эди, вақтида қилинмаганидан сўнг ҳамма ёқни қайтадан ўйишга тўғри келган. «Бир қадам олдинга, икки қадам орқага!»

Таҳририятдан: Мурожаат қилган фуқаро С.Мўминовни нима деб юпатишни ҳам билмайсан, киши. У энди техник экспертиза тайинлаб, судга мурожаат қилиши керакми? Агар суд барча харажатларни — жумладан, уйни қайта бузиб қуришни «Рангли олам» фирмаси зиммасига юкласа, нўноқ қурилиш фирмаси у кўрган зарарларни қоплаб, уйни бузиб бошқатдан барпо этиб бера оладими? Шунга қудрати, маблағи, қолаверса, виждони дош берадими?

Барчамизга маълум ҳолат, бошқа ресурсларда ҳам турли вилоятларда барпо этилаётган намунали уйларнинг сифатсизлиги ҳақида бонг урилган чиқишларни олдин ҳам ўқиганмиз, юқоридагилар таҳририятга келаётган биринчи шикоят ҳам эмас. Одамлар уйли-жойли бўламан деб, ўз оиласи бюджетидан қирқиб 15 йиллаб пул тўлашади-ку, ахир?! Нега энди ҳалигача «мендан кетгунча — эгасига етгунча» қабилида иш тутишдан қутила олмаяпмиз?

Фирма қурилиш ишларини бажартириш учун малакали кадрлар ва усталар ёллаганида, ўзига берилган топшириққа сидқидилдан, виждонан ёндашганида шундай бўлмас эди, албатта. Давлат ва ҳукуматимиз ана шундай тадбиркорларга кенг шароит яратиб, уларда тендерда тенг шартларда иштирок этиб, ўзини кўрсатиб келгусида янада катта буюртмалар қабул қилиш учун имконият берганда, бундай инсонлар ажратилган маблағни ўзлаштириб, мижознинг ҳақини «туя» қилишнигина ўйлашгани кишини ўйга толдиради.

Эсиз маблағ, эсиз вақт, эсиз меҳнат, эсиз ишонч...

Бугун сайтимизда Осиё тараққиёт банки қишлоқларда арзон намунали уй-жойлар барпо этиш учун яна маблағ ажратгани ҳақида хабар бердик. Ўйлаймизки, бу соҳада ҳам ишларни тартибга солиб, маблағларнинг хўжасизларча фойдаланишига, ўзлаштирилишига чек қўйиб, буюртмани фақат ўз ишининг устаси бўлган профессионал кишиларгагина бериш учун фурсат етиб келган.

Мавзуга оид