Light | 13:40 / 04.06.2017
169159
12 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги албатта бориш керак бўлган 20 та ажойиб жой

Ўзбекистон аҳолиси ажойиб манзаралар ва археологик ёдгорликларни фақатгина хорижда топиш мумкин, деган фикрга ўрганиб қолишган. Ҳа, хорижий туризм маҳаллийга қараганда бир неча бора яхши ривожланган. Бироқ ажойиб йўналишлар ва сирли жойларга саёҳат қилиш учун мамлакатдан чиқиш шарт эмас. Ўзбекистонда ҳам асрлар оша сақланиб келаётган ва халқ афсоналарига узвий боғланган жойлар кўп. 

1. Борса Келмас кўли (Орол денгизидаги худди шу номдаги бошқа орол билан адаштирмаслик керак)

Борса Келмас чуқур кўли Устюрт платосида жойлашган бўлиб, тахминан 30 миллион йил муқаддам Тэтис қадимий денгизининг бир қисми бўлган. Ҳозирда денгиз ўрнида Қорақум, Қизилқум, Устрюрт платоси ва ушбу кўл қолган. Кўлнинг номи ҳақиқатга мос тушади, унга яқинлашиш жуда хавфли – кўплаб жарликлар ва ингича туз қатлами билан қопланган дарёнинг музламай қолган жойларига дуч келиш мумкин. Бироқ, маҳаллий фуқароларнинг сўзларига кўра, агарда резина этиклар кийиб олиб, ботқоқликдан эсон-омон ўтиб олса, кўлнинг устки қисмигача чиқиш мумкин, у ер эса худди тош каби қаттиқ, ҳамда кўл бўйлаб сайр қилса бўлади. Ҳаттоки сувда юриш! Бироқ, жуда-жуда шўр сувда.

2. Палтов дарёси водийси

Палтов сўзи “темир тоғ” маъносини англатади. Қадимги даврлардан водийда темир рудаси қазиб олинган. Палтов дарёси водийси Тошкентдан тахминан 100 км масофада жойлашган бўлиб, ўзида ташриф учун бирданига бир неча жойни қамраб олади. Одатда туристик йўналиш 38 метрлик Палтов шаршарасидан бошланади. Ундан бироз юқорироқда қайинзор бор, у ерда эса Қизил китобга киритилган ҳайвонларни учратиш мумкин. Палтов каньони алоҳида эътиборга лойиқ, унда ажойиб манзара берувчи рельефлар бор, улар табиат ва вақтнинг нақадар буюклигини эслатиб юборади. Энг катта таассуротлардан бири эса – Палтов дарёси бўйлаб саёҳат. Бу ерда палеолит даврида қадимий кишилар яшаган бўлиб, Оби-Раҳмат сунъий ғорлари сифатида машҳурдир. У ердан бироз юқорироқда яна бир ажойиб жой бор – ғор. Бу ерда апрелда, водий бўйлаб лолалар очилган пайт келган яхшироқ. Лолалар орасида эса – Кауфман лоласи, Грейг лоласи ва бошқа турларни учратиш мумкин.

3. Варахша

Бухорога борсангиз, Варахша – Бухорода араблар истилосига қадар ҳукмронлик қилган Бухорхудотлар қароргоҳи жойлашган қадимий шаҳарни албатта бориб кўринг. Варахша Бухоро ғарбида, ярим соатлик йўлда жойлашган бўлиб, 100 га. майдонни эгаллайди. Варахша саройи фрескаларини тадқиқ қилиш, шаҳар эрамизнинг V асридан 11-асрига қадар бор бўлганини кўрсатди. Олимларнинг тахминича, Варахшадаги ҳаёт минтақада сувнинг етишмаслиги туфайли тўхтаб қолган. Қачонлардир эса бу ер Бухорога баробар жой бўлган. Бугунги кунда Варахша – бу харобалар, уларни кўриб узоқ ўтмиш ҳақида фикрлар уйғониши табиий.

4. Ситораи Моҳи-ҳоса — “Юлдузлар ва ой билан баробар сарой”

Бухоронинг сўнгги амири Саид Олимхоннинг шаҳар ташқарисидаги қароргоҳи. Амир Олимхон Бухорони Қизил армия 1920 йилда босиб олгунга қадар бошқарган. Бино икки рус муҳандиси томонидан лойиҳалаштирилган, унинг безак ишлари билан эса ўша вақтнинг энг яхши уста-ҳунармандлари шуғулланган. Архитектура услубларининг бундай ноодатий уйғунлиги бошқа ҳеч қаерда учрамайди. Айни дамда қароргоҳ биносида амалий санъат музейи жойлашган. Бироқ асосий экспонат, албатта, сарой биносининг ўзидир. Айнан шу ердан Бухоронинг сўнгги амири Афғонистонга қочиб ўтишга мажбур бўлган.

5. Фозилмон кўли (Сарбаст)

Денгиз сатҳидан 1650 метр баландликда (бу эса Эйфель минорасидан беш баробарга кўп дегани) Нурота тоғларининг марказида ажойиб Фозилмон кўли жойлашган. У битта чашмадан сув олади ҳамда баҳор охирларида айниқса жуда гўзал бўлади. Афсуски, унда чўмилиш тавсия этилмайди, бироқ осмоннинг ундаги акси (айниқса юлдузлисининг) жуда ҳам ноёб ҳолатни кўриш имконини беради.

6. Чилпиқ-қалъа

Нукусдан 43 километр жанубда, баланд тепаликда Чилпиқ-қалъа жойлашган. Зардўштийларнинг диний жойи бўлган бу ер эрамизнинг II—IV ва IX—XI асрларига тегишли. Бу ерда зардўштийлар оламдан ўтган шахсларнинг жасадини олиб чиқиб қўйишган. Жасад турли ҳайвонлар, қушлар томонидан йўқ қилингач, суяклар махсус идишга солиниб, ерга кўмилган. Чилпиқ-қалъанинг 15 метрлик деворларида ҳамон ўша суяклар сақланмоқда.

7. Зомин қўриқхонаси

Зомин – Ўзбекистон ҳудудидаги энг қадимий давлат қўриқхонаси бўлиб, 1978 йилда Ўзбекистон Халқ боғи очилган. Бугунги кунда Зомин миллий боғининг майдони 24 минг га.дан кўпроқни ташкил этади. Боғ Жиззах вилоятида жойлашган. Бу ерда жуда ҳам гўзал табиат манзаларига дуч келиш мумкин. Қўриқхона ҳудудида туризм учун махсус зона ҳам ажратилган – табиат билан бирга бўлиш ёки ажойиб селфилар қилиш имкони бор.

8. Тузкон кўли

Бу кўл Жиззах вилоятида, Жиззахдан 56 км шимоли-шарқда, Қизилқум чўлининг шарқий қисмида жойлашган. Тахминларга кўра, Тузкон кўли – Орол-Каспий давридаги сув ҳавзасининг бир қисмидир. Кўлдаги сув ҳеч қаерга оқмайди, шунингдек, у бироз шўрроқ бўлиб, шимоли-ғарбда Айдаркўл билан боғланади. Бу кўлларнинг умумий майдони – тахминан 3750 км2. Бир йилда кўллар тизимида 2000 тоннагача балиқ овланади.

9. Риштондаги кулолчилик устахоналари

Фарғона водийсидаги Риштон азалдан ажойиб кулолчилик маҳсулоти ватани саналади. Риштонда кулолчилик маҳсулотлари яратишнинг махсус технологияси, уларни пишириш ва сирлаш ишлаб чиқилган. Айни дамда Риштонда 1000 дан ортиқ кулолчилар ишламоқда, улардан 100 га яқини кулолчилик санъатининг барча технологияларини билади. Риштон усталарининг яратган маҳсулотлари дунёдаги кўплаб музейлар коллекциясидан жой олган.

10. Қанқа қўҳна шаҳри

Тошкентдан 60 км жануби-ғарбда, собиқ “Ленинизм” совхозидан унча узоқ бўлмаган ерда тепалик бор. Бу тепалик қўҳна шаҳардан қолган ягона нарса жой жуда кам инсон билса керак. Қанқа мил. ав. III аср бошларида шаклланиб, XI асрнинг охирига қадар ҳаёт узлуксиз давом этган. Бу ёдгорлик ўрта асрлар даври муаллифлари асарларида келтириб ўтилган Харашкет билан қиёсланади. Шаҳар Ер юзидан деярли бутунлай йўқ бўлиб кетганига қарамай, бу ерга келиш албатта тавсия этилади.

11. Занги ота мақбараси

Тошкент яқинидаги шаҳарчада жойлашган бу мақбара Амир Темурнинг буйруғига кўра қурилган. Занги ота турк-ислом оламидаги улуғ мутафаккир ҳамда мутасаввиф донишмандлардан бири бўлган. Занги ота Ҳимматий лақаби билан ҳам машҳур эди. У қора танли, уштурлаб (туя лаб), бақувват, барваста гавдали одам бўлган. Бу ерда унинг рафиқаси Анбар она ҳам дафн этилган. Мақбара мажмуаси бир неча зоналардан иборат: катта боғ ва XIV—XIX асрларда қурилган ҳамда масжид, мадраса, минора ва Анбар она мақбараси. 1914—1915 йилларда масжид олдида минора қурилган. 2013 йилда эса боғ ва Намозгоҳ масжидини кенгайтириш бўйича ишлар амалга оширилди.

12. Омонқўтон ғори

Омонқўтон карст ғори Самарқанд вилоятидаги Зарафшон тоғлари шимолий ёнбағрида жойлашган. Ғорни археолог Давид Лев 1947 йилда топган. Бу ердан синантроп инсоннинг сон суяги аниқланган. Омонқўтон ғори Ўзбекистондаги энг қадимги манзилгоҳлардан биридир. Ғор чуқурлиги 80 метр атрофида, у ерда бир-бири билан кичик ўтиш жойлари орқали боғланган ўзига хос заллар бор. Омонқўтонга ёзнинг иккинчи ярмида борган яхшироқ, у июнь ўрталарига қадар сув билан тўлган ҳолатда бўлади.

13. Қонбешбулоқ метеорит кўли

Ўлчами 800 метр келадиган ушбу кичик кўл Сурхондарё вилоятидаги Хомкон дарасида жойлашган. Олимларнинг фикрича, табиий йўл билан эмас, балки метеорит қулаши туфайли юзага келган. Тупроқдан эса тектитлар топилган. Бундай ажойиб метеорит кўлга ташриф буюришни унутманг. Катта эҳтимол билан, Қонбешбулоқ аслида бир метеорит кратеридир.
 
14. “Ёдгорлик” фабрикаси

1972 йилда Марғилонда Фарғона водийсидаги энг йирик фабрикага асос солинган. 2000 йилда эса бу фабрика “Ёдгорлик” хусусий корхонасига айланди. Қадимда ипак ортилган карвонлар Буюк ипак йўли бўйлаб Марғилондан Қошғар, Бағдод ва ҳаттоки Юнонистонга борган. Бу ипак гўзаллик ва сифат борасида Хитойникидан қолишмаган, сабаби фарғоналик усталар бу борада ўзларининг махсус ноёб технологияларини ўйлаб топишган. “Ёдгорлик” фабрикаси бутун дунёдан туристларни фаол жалб қилади – уларга ипак матони қўлда ишлаб чиқариш жараёни намойиш этилади.

15. Оқ Остона бобо мақбараси 

Телпакчинордаги (Сурхондарё вилояти) Оқ Остона бобо мақбараси Х аср охири, XI асрнинг бошларида бунёд этилган. Баъзи олимларнинг тахминига кўра, мақбара Муҳаммад пайғамбар с.а.в.нинг издошларидан бири, авлиё Абу Ҳурайра қабри устида барпо этилган.

16. Тешиктош 

Ғор денгиз сатҳидан 1500 километр баландликда, Сурхондарё шарқидаги Бойсун тоғ тизмасида жойлашган. 1938–1939 йилларда таниқли археолог Алексей Окладников шу ғордан мусте даврига оид неандертал қиз боланинг қолдиқларини топган. 

17. Красногорск. Ўтмишга саёҳат

Красногорск кончилар шаҳри Тошкент вилоятида 1953 йилда ташкил этилган. Бу ерда бутун собиқ Иттифоқдан мутахассислар ишга келган. 90-йилларда эса шаҳарни одамлар оммавий ташлаб кетишни бошлашди, улар квартиралари, машиналари ҳам бу ерда ташлаб кетишган. Красногорск кўчалари бўйлаб сайр қилинса, собиқ Иттифоқ 80-йилларда қандай кўринишда бўлганини аниқ тасаввур қилиш мумкин – ўша даврга хос эски буюмлар ва нарсалар сақланиб қолган. 

18. Зараутсой

Сурхондарё вилоятида, Термиздан 100-110 км ғарбда, Ҳисор тизмасининг жануби ғарбида. жойлашган бўлиб, бу ерда Ўзбекистон ҳудудидаги энг қадимий қоятош расмлари топилган. 200 дан ортиқ расмлар мезолит, неолит ва кейинги даврларга мансуб. Расмлар чизма тарзида контур ва соя услубида қизил ангоб (охра) билан чизилган. У ерда одамларнинг итлар ёрдамида ёввойи буқаларни ов қилиш манзараси тасвирланган. 

19. Қўйқирилган қалъа 

Қўйқирилган қалъа – қадимий оташпарастлар ибодатхонаси ва қишлоқ харобаси бўлиб, Тўрткўл шаҳридан 22 км шимоли-шарқда жойлашган. Қалъа атрофида хандақ (эни 15 м, чуқурлиги 3 м) бўлиб, қадимда сув билан тўлдирилган. Қўйқирилган қалъа деворида Ўрта Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқ қулдорлик даври шаҳарлар қурилиши услубига хос бўртиб чиқиб турган махсус буржлар бўлиб, уларда ўқ отиш учун нишон туйнуклари бор. Қўйқирилган қалъа марказидаги 2 қаватли бинога махсус зинапояларда чиқилган. 1-қаватда алоҳида-алоҳида 8 та гумбазли хоналар бўлиб, улар ичидан сополдан ясалган тобутлар, идиш-товоқлар, ҳар хил расмлар солинган ёғ идиш (хум ва кўзача)лар, нақшинкор сувдонлар топилган. Топилмалар ичида маъбудларнинг терракота ҳайкалчалари, деворга ишланган рангли нақшлар, осмон жисмларини кузатишга мўлжалланган буюмлар бор. 

20. Қирқ қиз қалъа

Қирқ қиз қалъа Хоразм ҳудудида 1938 йилда ўтказилган археологик қазилма ишлари вақтида, Беруний шаҳридан 30 км шимолроқда аниқланган. Олимларнинг фикрича, қалъа эрамизнинг I—VI асрларига тегишли. Қазилма ишлари давомида зардўштийлар қабрлари топилган. Афсоналардан бирига кўра, бу қалъада Гулойим исмли малика яшаган бўлиб, у ўзининг қирқ нафар сафдоши билан чегарани мустаҳкам сақлаб, рақиблари ҳужумларидан ҳимояланган. Бугунги кунгача истеҳком туйнуклари бўлган ташқи деворлар сақланиб қолган.

Мавзуга оид