Жамият | 09:21 / 08.06.2017
9877
2 дақиқада ўқилади

Имомали Раҳмоннинг етти қизидан бири дипломатик хизмат ҳақида китоб ёзди

Тожикистон ташқи ишлар вазирлигининг халқаро ташкилотлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, мамлакат президенти Имомали Раҳмоннинг қизи Руҳшона Раҳмонова ўзининг “Дипломатик хизмат асослари” китобини тақдим этди. 

Китобнинг тақдимот маросимида ташқи сиёсат идораси ходимлари, дипломатик хизмат фахрийлари, халқаро муносабатлар бўйича олимлар ва мутахассислар иштирок этди, дейилади Тожикистон ТИВ сайтида.

ТИВ сайтида таъкидланишича, маросимда сўз олганлар, президент қизининг китоби Тожикистон ташқи сиёсатини амалга ошириш бўйича сиёсий ва ҳуқуқий ёндашувлар акс эттирилган илк китоблигини қайд этишган.

Китобда Тожикистоннинг БМТ ва бошқа халқаро ҳамда минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорлиги ҳақида сўз юритилади, тожик дипломатиясининг тарихи келтирилади, шунингдек, Тожикистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ҳақида умумий маълумот берилади.

Руҳшона Раҳмонова Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг етти нафар қизидан биридир. У ўтган йилнинг ноябрида Тожикистон ТИВнинг бошқармаларидан бирига бошлиқ ўринбосари этиб тайинлади. Бунга қадар Руҳшона Раҳмонова Тожикистоннинг Британиядаги элчихонасида ишлаган.

Раҳмонованинг турмуш ўртоғи Шамсулло Соҳибов Тожикистон қишки спорт турлари миллий ассоциацияси президенти саналади.

Президентнинг катта ўғли Рустам Имомали Душанбе ҳокими бўлса, қизи Озода Раҳмон – президент девони раҳбаридир. Озоданинг турмуш ўртоғи - Жамолиддин Нуралиев Тожикистон миллий банки раиси ўринбосари сифатида ишлайди.

Мавзуга оид