Спорт | 18:00 / 09.06.2017
123874
7 дақиқада ўқилади

«Бизга бундай футбол керак эмас!»

Журналист Элмурод Эрматов Сурхондарёда рўй берган, «Сурхон» ва «Андижон» жамоалари ўртасидаги учрашув вақтидаги оммавий муштлашувга ўз муносабатини билдирди.

Таниш ибора, тўғрими? Аслида сарлавҳадаги сўзлар футболга эмас, балки хоккейга тегишли. 1972 йили Собиқ Иттифоқ ва Канада термалари ўртасидаги тарихий учрашувда машҳур Валерий Харламовни қувиб ета олмаган океанортилик хоккейчи - Фил Эспозито ва унинг шериклари рақибнинг маҳоратига тан бериш ўрнига майдон бўйлаб ҳужумчига жароҳат етказиш учун ҳаракатлана бошлайди. Шарҳловчи Николай Озеров муштлашувларга тўла ва шармандали ўйинга бир оғиз сўз билан якун ясайди: «Нам не нужен такой хоккей!» («Бундай хоккей бизга керак эмас!»)

4 июнь куни Ўзбекистон биринчилиги 13 туридан ўрин олган «Сурхон» – «Андижон» учрашуви оммавий муштлашув билан тугагани ҳақидаги хабарни ўқиб, нохуш воқеага жиддий эътибор қаратмаган эдик. Барчамизга маълум, биринчи лига дея аталмуш чемпионат баҳслари телевидение орқали трансляция қилинмайди. Бироқ ҳар икки клуб ўйинни тўлалигича видеога ёзиб олади. Орадан тўрт кун ўтгач, шармандали ҳолат видеоёзувидан кенг омма «баҳраманд» бўлди.

Спорт бу - инсонлар учун ҳалоллик, мардлик ва кучлилар беллашувидир. Ҳар бир спорт мусобақаси, айниқса футбол учрашуви ишқибозлар учун байрамдек гап. Стадионга ташриф буюрган мухлис ҳар икки жамоанинг қай бири маҳорат бобида бир-биридан устун эканлигини кўргани, тоза ўйин, чиройли финтлар, ўйланган комбинациялар ҳосиласи бўлган голларни томоша қилгани келади.

Айни пайтда ҳар икки - «Сурхон» ва «Андижон» клублари олдига жамоа раҳбарлари томонидан биринчиликни муваффақиятли тамомлаб, кейинги мавсумда олий лигага чиқиш топшириғи қўйилган. Улар учун ҳар бир очко сув ва ҳаводек зарур. Лекин, бу дегани, майдонда ўзини ваҳшийларча тутиб, ҳар қандай йўл билан эмас, балки ҳалол ўйинларда баҳслашиб, ўзингни намоён эт деганидир.

Аянчли видеоёзувни кўргач, биринчи навбатда ётган жойида рақиб жамоа футболчилари ва врачи томонидан боши ва танасига зарбалар еган «Андижон» футболчиси Фарҳод Бекмуродовни изладим. Фарҳодга  айни пайтда – «Андижон футболини келажаги» дея ном беришган. Тўғриси ҳам шундай. Мен ёш ва бўйдор футболчининг ўйинларини яқин 3 йилдан буён кузатиб келаман. Майдон марказида диспетчерлик ва рақиб жамоа тактикасини бузишни қойилмақом тарзда уддалайдиган футболчи.

«Ўша куни стадиондан тўғри касалхонага олиб кетишиб, рентген қилишди, соғлигим ёмон эмас», дейди Фарҳод.

Унинг овозини эшитиб, ҳайтовур кўнгил жойига тушди.

«Андижон» клубининг энг тажрибали ўйинчиси Анвар Бердиев билан эса  ўйин тафсилотлари ҳақида гаплашдик.

«Ўйин жанговар руҳда бошланди. Биринчи бўлимда 1:1 дуранг қайд этилиб, иккинчи бўлимда рақибларимиз пенальтидан гол киритишди. Учрашув якунланиши арафасида биз иккинчи тўпни киритдик. Ҳаммаси шундан сўнг бошланди. Баҳс давомида майдон марказида Фарҳод жуда яхши ўйин намойиш этиб, кўп бора рақиблардан тўпни олиб  қўйди. Унинг вазифаси рақиб тактикасини бузишдан иборат. Бу эса уларга ёқмаслиги тайин. Тўп учун кураш давомида футболчилар ўртасида елкама-елка тортишувлар бўлади. Шундай вазиятлардан бирида «Сурхон» футболчиси қизишиб кетиб, ҳужумга тўпни узатган ўйинчимизга қўли билан зарба берди. Майдонда тартибсизлик юзага келганида рақибларимиз ўйинчилари ва массажчиси ерда ётган футболчимизга оёғи билан зарбалар беришди», дейди Анвар Бердиев.

Ўзбек футболида ўзига яраша ном қозонган Бердиев ҳамиятли экан. Унинг: «Ака, бу гапларни ёзиш шарт эмас, чунки ўйиндан сўнг «Сурхон» клуби футболчилари ўзларини боса олмаганликлари учун олдимизга келиб, кечирим сўрашди» дейиши бунга яққол мисол.

Клуб мутасаддилар ҳам ўйиндан сўнг «Сурхон» футболчиларининг барчаси кўрсатилган «меҳмоннавозлик» учун кечирим сўраганини айтиб, шов-шув кўтариш шарт эмаслигига урғу бердилар. 

Воқеадан сўнг ҳар икки жамоага қандай чоралар қўлланганидан ўқувчилар хабардор. Ерда ётган рақибни тепиш бўйича «Шарқ яккакурашлари устаси» бўлган врач футболдан кетибди. Фарҳод Бекмуродов ётволиб зарбалар қабул қилгани учун жазолангани ҳам бор гап.

Алқисса, воқеа - кечирим сўраш ва ПФЛ томонидан ҳар икки жамоа ўйинчиларига берилган интизомий чоралар билан якунига етгандек.

Фикри ожизимизча эса ундай эмас. Элитар биринчилигимиз бўлган олий лигада бу даражадаги нохуш ҳолатлар учрамайди. Биринчи лиганинг асосий вазифаси эса олий лигага ёш ўйинчиларни тайёрлаш. Мана  «Сурхон» қандай кадрлар тайёрлаяпти?».

Дунё тан олган ўзбек ҳаками Равшан Эрматов ўйинда ҳали ўрнидан турмаган футболчига «сариқ» карточка бермаганини гувоҳимиз. Олимпиада чемпиони Ҳасанбой Дўстматов ҳар раунддан сўнг МУШТЛАШГАН РАҚИБИГА чиройли ўйин учун миннатдорчилик билдиради. Чунки, улар  ўз касбини усталари, спорт принципларини тўла тушунган инсонлар. Шунинг учун бу инсонларга омад ҳамиша ёр.

Ҳар бир спорт мусобақасини ёш авлод учун маънавият дарси деб билмоқ керак. Чунки, ёшлар спортчиларни доим ўзларига ўрнак деб билганлар. Эл таниган спортчилар улар учун – эталон. Ёшлар ўзини худди улардек тутишни, спортчилардек кийинишни, ҳатто соч турмагини ҳам суюклиларидек бўлишини ҳоҳлашади.

Рўзаи Рамазон кунларида меҳмонга келган спортчини жароҳат олиб, ерда ётганида тепкилаб ташлаган жамоага ПФЛ бунданда оғирроқ жазо қўллаши лозим. Яна барча жамоаларда спортчилар билан олиб борилаётган маънавий-маърифий  ишлар савиясини ошириш керак. 

Видеоёзувни кўргач, туни билан кўзга уйқу келмади. Футболчи дегани ҳам шундай бўладими?  Майдонга тушганингда рақибингдан маҳорат бобида панд есанг, бор кучингни машғулотларга бер! Жаҳл ва шижоатнингни рақиб дарвозасига голлар қалаштириб кўрсат! Қўлингдан келмаса, ўзингни шарманда қилмай, футболдан кет! Чунки, ринг, татами, арена ва футбол майдони сингари жой мардларга ярашади.

Бизга эса бундай футбол керак эмас!

Мавзуга оид