Light | 22:58 / 11.06.2017
30091
3 дақиқада ўқилади

Чайқалиш касаллиги - белгилари ва олдини олиш йўллари

Фото: Getty Images

Денгиз, автомобиль, вагон, ҳавода чайқалиш - бу касалликни қандай аташмайди дейсиз! Бу ҳолатнинг моҳияти бир - ёқимсиз белгилар билан кузатилувчи чайқалиш. Катта ёшдагиларнинг 30 фоизи ва болаларнинг 60 фоизига бу касаллик таниш. Бироқ "душман"ни билиб туриб, унга қаршилик қилиш ҳам осон эмас. "Ортодокс" тиббий порталида шу мавзудаги қизиқ мақола тақдим этилди. 

Аслида кинетоз ёки ҳаракат касаллиги - бу организмнинг ноодатий ҳаракатларга нормал реакцияси. Бироқ бу ҳаммада ҳам чайқалиш касаллигини юзага келтирмайди, белгилар фақатгина шунга мойиллиги бўлган инсонларда кузатилади. Чайқалиш вақтида ва тана ҳолати ўзгарганда вестибуляр аппарат ҳамда кўриш таҳлилининг мувофиқлашуви рўй беради, бу эса ёқимсиз белгиларнинг пайдо бўлишига олиб келади. 

Юзага келган белгиларга қараб ҳаракат касаллигининг бир неча шакли фарқланади.

Асабий. Унинг асосий белгилари - бош айланиши, бошдаги оғирлик ҳисси, бош оғриғи, ҳолсизланиш, уйқу келиши.

Ошқозон-ичак. Унга таъм билишдаги ўзгаришлар, кўнгил айниши ва қайд қилиш хос.

Юрак-қон томир. Бундай ҳолатларда юракнинг тез уриши, артериал қон босимнинг кўтарилиши, юрак ритмининг бузилиши кузатилиши мумкин.

Аралаш. Энг кўп учрайдиган тури, кўпична турли белгилар аралаш ҳолатда кузатилади. Чора кўриш вақти келди!

Денгиз касаллигининг қурбони бўлишни истамайсизми? Унда саёҳатга олдиндан тайёрланинг.

Саёҳатга чиқишдан олдин қуйидаги қоидаларга амал қилинг:

- тўйиб ухлашга ҳаракат қилинг. Парвозга бир неча кун қолганда уйқу давомийлигини 15 дақиқага узайтиринг;

- тўйиб овқатланишдан тийилинг. Энг яхши вариант - енгил тамадди қилиш;

- холонолитик ва антигистамин препаратларни қабул қилинг. Бироқ уларни қабул қилишдан олдин қўлланмасини яхшилаб ўқинг.

Саёҳат вақтида:

- кўпроқ суюқлик ичинг - сувсизланган организм чайқалиш синдромини қийинроқ ўтказади. Яхшиси шарбат, лимонли чой ёки газсиз минерал сувини ичиш тавсия этилади;

- имкон қадар тунги рейсларни танланг - тунги парвоз ёки тунги денгиз саёҳати, қоидага кўра, кундузгисидан енгилроқ кечади;

- тўғри жой топинг. Имкон қадар машинанинг олд ўриндиғида, кема ёки самолётнинг эса ўрта қисмидаги жойларни эгалланг;

- ойна ортига кўп қараманг, у ерда нималар бўлаётганини фаол кузатиш тавсия этилмайди.

Айтганча...

Баъзи кишиларнинг кинетозларнинг турли шаклларига мойиллиги мувозанат органи хусусиятларига боғлиқ. Ҳаракат касаллиги шунингдек бир қатор касалликларга ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Уларнинг орасида Меньер касаллиги, мигреннинг вестибуляр шакли, мия қон айланишидаги ўткир бузилишлар, марказий асаб тизимининг инфекцион зарарланиши кабилар бор.

Кинетоз аёлларнинг ҳомиладорлик даврида кучлироқ сезилади. 

Мавзуга оид