Ўзбекистон | 11:14 / 13.06.2017
80777
5 дақиқада ўқилади

Мирзиёев: Банклар ишламаяпти, «Ўзбекнефтгаз» корхоналарида газ қазиб чиқарилмаяпти, ҳокимлар ҳаракатсиз

Тошкент шаҳрида 12 июнь куни видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги бўйича кутилаётган натижаларни олдиндан таҳлил қилиш, мавжуд камчиликларни тезкорлик билан бартараф этган ҳолда, барча соҳа ва тармоқларда белгиланган прогноз кўрсаткичлари ва мақсадли параметрларга эришишни таъминлаш борасидаги вазифалар муҳокама қилинди.

ЎзА берган хабарга кўра, йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва унинг ўринбосарлари, Президентнинг Давлат маслаҳатчилари, вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари иштирок этди. Видеоконференция алоқаси орқали йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши раислари, вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлари, вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бўлинмалари, жойлардаги корхоналарнинг раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари ва тадбиркорлар қатнашди.

Йиғилишда мамлакат тараққиётини янги босқичга кўтариш бўйича белгилаб олинган стратегик вазифаларни амалга ошириш юзасидан жорий йилнинг ўтган даврида эришилган ижобий натижалар эътироф этилиб, бугунги ислоҳотлар жараёнидаги камчилик ва муаммолар, уларни ҳал этиш йўллари, ижро интизомини мустаҳкамлаш масалалари атрофлича таҳлил қилинди. Жумладан, давлат бошқаруви органлари тизимида тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этиш, ушбу тизимни тубдан такомиллаштириш ва самарасини ошириш бўйича кейинги пайтда кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Бу борада, айниқса, 22 вазирлик, давлат қўмитаси, компания, уюшма ва бошқа тузилмалар янгидан ёки қайта ташкил этилгани, Вазирлар Маҳкамаси комплекслари таркибидаги ўнлаб идоралар тузилмаси ўзгартирилиб, уларнинг асосий вазифа ва функцияларига аниқликлар киритилгани муҳим амалий қадам сифатида қайд этилди.

Президент йиғилиш давомида бир қатор амалдорларни танқид қилди.

Айни пайтда мазкур ўзгаришлар ҳамма соҳада ҳам кутилган натижаларни бермаётгани, баъзи янги вазирлик ва идоралар ўз фаолиятини ҳанузгача самарали йўлга қўймагани, бу эса 2017 йил учун белгиланган дастурлар ижросини таъминлашга салбий таъсир кўрсатаётгани танқид қилинди. Жумладан, ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинганига бир неча ой ўтганига қарамасдан, «Ўзагроэкспортбанк» ва «Пойтахтбанк»нинг муассислари томонидан ушбу банкларнинг фаолиятини йўлга қўйиш ҳалигача таъминланмагани сабаблари чуқур таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича аниқ топшириқлар берилди.

Йиғилишда, айниқса, иқтисодиётни бошқариш соҳасида эски қолипдаги, реал ҳаётдан узоқ, юзаки ёндашувларга йўл қўйиб бўлмаслиги, бугунги шиддатли тараққиёт ҳамма соҳаларда вазиятни танқидий баҳолаб, уларни ривожлантиришда янгича усул ва самарали тизимларни, замонавий бошқарув усулларини жорий этишни, юксак масъулият ва ташаббускорликни талаб этишига алоҳида эътибор қаратилди. 

Давлат раҳбари Ҳукуматнинг шу даврдаги фаолиятини таҳлил қилиб, ҳудудлар билан ишлаш, ҳар бир муаммони жойларга борган ҳолда, чуқур ва пухта ўрганиб, изчил ҳал этиш, самара ва натижадорлик Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари фаолиятини баҳолашда муҳим мезон бўлишини таъкидлади.

Президент Шавкат Мирзиёев иқтисодиётнинг айрим соҳа ва тармоқларида биринчи ярим йиллик якуни бўйича кутилаётган натижалар ҳақида сўз юритиб, бу борада қатор комплекслар, вазирлик ва тармоқлар раҳбарларига жиддий эътирозлар борлигини қайд этди. Масалан, «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компаниясининг қўшма корхоналарида газ қазиб чиқаришда қолоқликка йўл қўйилмоқда. Енгил, озиқ-овқат, чарм-пойабзал саноатининг айрим корхоналарида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш етарли даражада таъминланмаган.

Йиғилишда таъкидланганидек, жойларга бориб, ҳар бир вилоятнинг ўзида қўшимча резерв ва имкониятлар излаб топиш, шу асосда истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқиш амалиёти ижобий натижа бермоқда. Бугунги кунгача умумий қиймати 23 триллион сўмдан ортиқ 1260 лойиҳани ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича янги имкониятлар мавжудлиги аниқланди. Шу билан бирга, ҳудудларни ривожлантириш, ички бозорни маҳсулотлар билан тўлдириш, экспорт ҳажмини кўпайтиришга, энг муҳими, одамларни иш билан таъминлаш, уларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини оширишга йўналтирилган ушбу муҳим лойиҳаларни амалга оширишда ҳам, афсуски, оқсоқлик ва камчиликларга йўл қўйилмоқда.

Самарқанд вилояти ҳокими нега ишдан олинди?

Эслатиб ўтамиз, президент йиғилиш давомида Самарқанд вилояти ҳокими Ҳиммат Оқбўтаевни «ўз фаолиятида жиддий камчиликларга йўл қўйгани» учун эгаллаб турган лавозимидан озод қилганди.

Мавзуга оид