Жаҳон | 15:59 / 13.06.2017
14327
2 дақиқада ўқилади

Москва вилоятида 4 кишини отиб ташлаган шахснинг уйидан Биринчи жаҳон уруши қуроллари топилди

Фото: РИА "Новости"

Россия тергов қўмитаси Москва вилоятининг Кратовосида тўрт кишини ўлдирган Игорь Зенковнинг уйи омборхонасидан топилган эски қурол-яроғлар ҳақида маълумот берди.

Омборхонадан Мосин сойли милтиғи, Вальтер тўппончаси, Пибоди-Мартини милтиғи ва Арисака сойли милтиғини топишган. Шунингдек, терговчилар Шпагин пулемёт-тўппончаси, қирқма қўшоғиз милтиқ, иккита сойли милтиқ стволи, РГД-33, М39 ва М24 гранаталари, миномёт миналари, тутунли мина, пилта, ўқдонлар ва 150 миллиметрли артиллерия снарядларидан бўлган икки гильзани аниқлашди.

Бундан ташқари, Зенковнинг уйидан иккита видолашув мактуби ҳам топилган, уларда нима ёзилгани номаълум. Шу билан бирга, маҳаллий аҳолининг билдиришича, Зенков билан зиддиятлар келиб чиқмаган, унинг устидан полицияга ариза билан боришмаган.

Аввалроқ Зенковнинг ёнидан Иж-18 милтиғи ва Маузер тўппончаси топилгани хабар қилинганди. Маълумотларга кўра, ФВВда чилангар бўлиб ишлаган Зенков қуролларнинг бир қисмини Чеченистонга бўлган иш сафаридан олиб келган, қолганларни эса қазилма ишларида топган ёки ўзи ясаган.

10 июнь куни Зенков ўз уйи ёнида ўткинчиларга қарата ўқ уза бошлади, у тўрт кишини ўлдирди. Воқеа жойига полиция ва Росгвардия ходимлари етиб келишгач, Зенков уларни ҳам ўққа тута бошлади ҳамда гранаталарни улоқтирди. Росгвардиянинг тўрт нафар ходими жароҳат олди. Зенков бир неча соатдан сўнг ўлдирилди.

 

Мавзуга оид