Фан-техника | 22:00 / 13.06.2017
6974
2 дақиқада ўқилади

Tesla Model X илк краш-тестида энг юқори баҳоларни олди

АҚШнинг Йўл ҳаракати хавфсизлиги миллий бошқармаси (NHTSA) Tesla компаниясининг Model X кроссоверининг илк краш-тести видеосини намойиш қилди. Синовлар 2017 йилда ўтган, бироқ аниқ сана айтилмаган.

NHTSA’нинг кейинроқ маълум қилишича, автомобиль SUV (Sport Utility Vehicle ёки спорт-утилитар транспорт воситаси) синфидаги машиналар орасида энг юқори рейтингни олган. 

NHTSA кузатуви остида ўтган краш-тест ҳақиқий пешонама-пешона урилиш шароитларини назарда тутган. Model X’нинг бошқа электрокарлар каби устунлиги унинг двигатели олдида эмаслигидир, бу эса кузов деформацияси ҳудудини кенгайтиришга имкон берган.

NHTSA олд ўриндиқдаги ҳайдовчи ва йўловчи бошидан, бўйни, кўкраги ва оёқларидан жароҳат олишини баҳолаган. Ўртача бўйдаги катта ёшли эркак ва кичик бўйли аёл манекени қўлланган. Иккала манекен ҳам хавфсизлик камари билан маҳкамланган. Сўнгра кроссовер барқарор тўсиқ билан 56,3 км/соат тезликда тўқнаштирилган.

Шунингдек, моделнинг ён томондан краш-тести видеоси ҳам намойиш қилинган. Ҳайдовчи ўриндиғидаги кичик ўлчамли аёл манекени хавфсизлик камари билан маҳкамланган. Автомобилга 62 км/соат тезликда 1360 кг га яқин оғирликка эга конструкция келиб урилган. 

Electrek маълумотларига кўра, Tesla’да ҳар бир синов бўйича 5 юлдузли рейтинглар ва кроссоверлар ўртасида энг юқори баҳолар берилиши кутилмоқда. Таъкидланишича, ички синовлар вақтида машинани бирор марта томига ағдаришга муваффақ бўлинмаган. 

5 юлдуз олиш учун шикаст олиш эҳтимоли 10 фоиз ёки ундан камроқни ташкил қилиши керак. Компания раҳбарияти эса бу кўрсаткич 6,5 фоизни ташкил қилишига умид қилмоқда. 

Мавзуга оид