Жамият | 12:03 / 14.06.2017
63356
2 дақиқада ўқилади

«Биз Пушкинни биламиз». Ўзбекистонликлар флешмоб уюштириб Навальнийга жавоб қайтаришмоқда

Россиялик мухолифатчи Алексей Навальний «Дождь» телеканалида Ксения Собчак билан суҳбатида ўзбекистонликлар Александр Пушкинни танимасликлари ҳақида гапиргач, бу ўзбекистонликларнинг эътирозларини келтириб чиқарди.

Шу кунларда Ўзбекистонда яшовчи турли миллатлар вакиллари, каттаю кичик интернет орқали Навальнийнинг сўзларига жавоб қайтаришмоқда, бу ўзига хос флешмобга айланган.

Қуйида уларнинг жавоблари ифодаланган видеороликлар келтирилган. Ўзбекистонликлар машҳур рус шоирининг ижоди билан барча — ёшу қари таниш эканлигини билдиришмоқда.

Видеоёзув муаллифларидан бири Тошкент шаҳрида Пушкин кўчаси, Пушкин майдони, шоирга атаб қўйилган ҳайкал, унинг номи билан аталувчи метро бекати борлигини эслатиб ўтган.

«Сизларнинг суҳбатингиздан тушунишимча, Ксения, Қозонга етиб келганингиздан сўнг сиз учун дунё тугайди. Сиз ноҳақсиз. Алексей Навальний, Ўзбекистонда Пушкинни билишмайди, деганингиз учун сиз ҳам ноҳақсиз. 

Менинг болалигим ва ўсмирлигим Пушкин кўчасида ўтди. Пушкин номида хиёбон ҳам бор. Тошкентда эса , дарвоқе, мен Андижон шаҳридаги Пушкин кўчасида туғилганман, пойтахтда эса Пушкин номидаги метро бекати ҳам бор!!! Бу пойтахтимиз марказида. 

Келинг, меҳмон бўлинг, одамлар қандай яшаётганлигини кўринг, маданиятимиз билан танишинг, маънавий оламингизни сал бўлса ҳам бойитинг. Ўзбекистонда Пушкинни билишмайди дея ўз саводсизлигингизни намойиш этманг. Биз Пушкинни ҳам, Блокни ҳам, Есенин ва Маяковскийни ҳам, Лермонтов ва Грибоедовни, Гоголни ҳам, ҳаммани биламиз. Болаликдан биламиз. Маршакни ҳам, Жуковскийни ҳам. Мен узоқ санашим мумкин. Сиз эса биз ҳақимизда ҳеч нарсани, ҳеч нарсани билмасликларингизни исботладингиз. Сизларга омад тилайман. Келинг, кўринг, меҳмонимиз бўлинг», — дейди муаллиф мурожаатида.

Шунингдек кўплаб болалар Пушкиннинг машҳур шеърларини ёддан ўқиб беришмоқда, катта ёшлилар Навальний ва Собчакни Ўзбекистонга таклиф этишмоқда.

Мавзуга оид