Спорт | 18:35 / 21.06.2017
13176
9 дақиқада ўқилади

Азамат Абдураимов: «Саралашнинг энг муҳим ўйинини бой бердик»

«Интерфутбол» нашри Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ футболчиси Азамат Абдураимовдан терма жамоанинг сўнгги натижалар ҳақидаги фикрларини сўраб, интервью олди.

- Азамат ака, шахсан сизда Теҳрондаги ўйиндан олдин ижобий натижага умид бормиди?

- Албатта, мен ҳам барча мухлислар сингари ғалабага умид қилгандим. Ишонган эдим, демоқчи эмасман. Ишонч ва умид ўртасида фарқ бор. Бунгача Эронни Миржалол Қосимов мураббийлигида «Озоди» стадионида мағлуб этишни уддалаган эдик. Очиғини айтсам, мен мураббийларга эмас, кўпроқ футболчиларга ишонгандим. Айниқса, терма жамоамиз етакчилари Одил Аҳмедов, Азиз Ҳайдаров ва Сервер Жепаровни саралашнинг энг муҳим ўйинида жамоадошларини ўз ортларидан эргаштира олади, деб ўйлагандим. Сабаби, ЖЧ-2018 финал босқичига чиқиш учун бизни фақат ва фақат ғалаба қониқтирарди. Шунинг учун, бу ўйинга «майдонда жон бер, лекин ғалаба қозон», деган шиор берган бўлардим. Қолаверса, терма жамоанинг аксарият футболчилари ўйиндан олдин берган интервьюларида Эронни мағлуб этишларини, мураббийимиз эса мезбонларга «сюрприз» тайёрлаб қўйилганини айтганди. Мана шу омиллар терма жамоамизнинг саралашдаги энг зўр ўйинини кўрсатиши ва ғалаба қозониши учун умид уйғотганди. Афсуски, амалда бундай бўлмади. Рақибга аталган «сюрприз»ни ҳам кўрмадик. Энг ёмони, ғалабага бўлган ҳаракат ҳам кўзга ташланмади. Футболда мўъжизалар учрайди. Буни ҳеч ким инкор эта олмайди. Ўз мисолимизда айтсак, 1994 йилги Осиё ўйинлари фикримга яққол исбот бўлади. Ўша мусобақанинг ярим финалида Жанубий Корея термасини мўъжиза эвазига мағлуб этгандик. Тан оламиз, кореяликлар биздан яққол устун ва кучли эдилар. Дарвозабонимиз Юрий Шейкин бўлмаганида биз аниқ ютқазардик. Қолаверса, ҳимоячиларимиз ҳам ўйинга жонларини тиккандилар. Агар омад бизга кулиб боқмаганида, ўша учрашувда дарвозамиздан аниқ 5-6та тўп ўтказиб юборардик. Омадга ҳам кўп нарса боғлиқ. Лекин омад ғалабага иштиёқи жуда кучли жамоаларга кулиб боқади. Яна бир бор айтаман, бизнинг йигитларда иштиёқ йўқ эди. Ўтган йилги Европа чемпионатини эсга оламиз. Уэльс ва Исландия термалари ҳар бир учрашувда сўнгги сонияларгача кураш олиб боришди. Бу икки жамоа маҳорат ва тажриба бобида рақибларидан яққол кучсиз эдилар. Аммо ўша иштиёқ эвазига ҳеч ким кутмаган ғалабаларга эришдилар. Ўз навбатида, мураббийлар штабига ҳам кўп нарса боғлиқ. Эътибор бердингизми, мен мураббийлар штаби жумласини ишлатдим. Ҳали ўйиннинг тактик томондан шакллантирилиши ҳақида гапирмаяпман. Футболчиларнинг оддий руҳий ҳолати ҳам маромида эмасди. Биз шу кунгача Бабаяннинг яхшигина психолог, кучли мотиватор экани ҳақида кўп эшитганмиз. Унинг бу маҳорати Филиппин ёки Яман терма жамоасига қарши кечадиган баҳсга тайёрлашга етади, ундан кўпига эмас. Масалан, Сурия билан бўлган ўйинда ҳам футболчилар мураббийлари ва энг муҳими, Ватан учун жон фидо қилишга тайёр эканликларини кўрмадим.

- Нима деб ўйлайсиз, бош мураббий ўйинга таркиб танлашда адашдими? Бабаяннинг ўрнида сиз бўлганингизда, танловингиз қандай бўларди?

- Ўйин ўтиб бўлганидан кейин таркибнинг тўғри танлангани ёки аксинча эканлигини муҳокама қилиш осон. Бундай вазиятда мен ҳамиша мураббий томон бўлганман. Жамоадаги ҳозирги муҳит, футболчиларнинг ҳолатини ҳеч ким мураббийдан яхшироқ билмайди. Аввалги ўйинлар ва Бабаяннинг тактикасидан келиб чиққан ҳолда, Эронга қарши учрашувга танланган таркибдан ҳайратга тушмадим. Бош мураббий натижага жавоб беради, демакки, таркиб танлашга ҳам у масъул. Агар мен бош мураббий бўлганимда, майдонга бошқа таркибни туширардим. Бу ерда гап маълум бир футболчи ҳақида кетмаяпти. Гап шундаки, мураббий танлаган тактик схемага ўша футболчи жавоб бериши керак. Бошқа томондан олиб қарасак, футболда шундай қонун-қоидалар борки, уларни бузиб бўлмайди. Яъни, ўз клубида деярли ўйин амалиётига эга бўлмаган футболчининг майдонга тушишига йўл қўймаслик лозим.

- Шундай қилиб, мағлубиятда ким айбдор?

- Ғалаба футболчиники, мағлубият эса мураббийники бўлиб келган. Натижага ҳамиша бош мураббий жавоб берган. Бу менинг гапим эмас, балки тарихий ҳақиқат. Ҳозир мағлубиятга бир нечта сабабларни келтириб ўтиш мумкин. Ўйлайманки, ҳали бу ўйин яхшигина муҳокама қилинади. Кейинги учрашувгача етарлича вақт бор. Хатоларимизни кўриб чиқиш учун етарли муддат. Ҳамма гап тўғри хулоса чиқаришда. Ўтган йили Сеулда Жанубий Кореяга қарши кечган ўйиннинг биринчи бўлимида олдиндан ўйланган тактикага гувоҳ бўлгандик. Футболчиларимиз мезбонларнинг майдонда эркин ҳаракат қилишига йўл беришмаган эди. Кучли прессинг эвазига кореяликларнинг тўп билан эркин муомала қилишини чегаралаб қўйишганди. Босим остида қолган майдон эгалари хато қилишга мажбур бўлгандилар. Бикмаев эса бу «совға»дан унумли фойдаланиб, мезбонларни жазолаганди. Ўша учрашувнинг биринчи бўлимида мураббийлар штабининг иши кўринган эди. Эрон билан ўйинда худди шундай олдиндан ўйланган комбинацион, тактик футболни кўрмадик. Ҳимоячиларнинг қўпол хатоси сабаб Азмун майдон марказидан қочиб кетиб, Лобановни ожиз қолдирди. Дарвозабон иккала вазиятда ҳам бизни қутқармади.

- Ҳозир айниқса, ижтимоий тармоқларда Самвел Бабаянни Александр Лобанов, Игорь Сергеев ва Станислав Андреевга катта ишонч билдираётганликда айблашяпти. Ушбу футболчилар мураббийнинг ишончини оқламаётгани эътирозларни яна ҳам кучайтиряпти. Бу борада фикрингиз қандай?

- Албатта, Андреевнинг эрта алмаштирилиши мураббийларнинг режаларини бузиб юборди. Лекин чап қанот ҳимоячисининг жароҳат олишини катта йўқотиш сифатида қабул қилиш керакми? Нима, бизнинг ўйинимиз чап қанот ҳимоячиси орқали қурилиб, ҳужумларимиз у томонидан ривожлантириладими? Йўқ, албатта! Энг кутилмаган ҳолат Андреевнинг ўрнига Ҳошимовнинг майдонга туширилиши бўлди. Ваҳоланки, захира ўриндиғида Сайфиев ўтирган эди. Боз устига, Бабаян Денисовнинг ўйнай олмаслигини бир неча ҳафта олдин билганди. Нега ўртоқлик ўйинида чап қанот ҳимоячиси бўлган Фаррух Сайфиев синаб кўрилмади? Нимага назорат баҳсида ҳам, расмий ўйинда ҳам фақат Лобанов майдонга тушиши керак? Мабодо, Саша жароҳат олса нима бўлади? Терма жамоада ўйин амалиёти бўлмаган дарвозабонга мурожаат қилинадими? Энди Бабаян наздида бугунги кундаги биринчи рақамли ҳужумчимиз ҳақида. Тан олиш керак, Игорь Сергеев ҳозирда ўзининг бир пайтлардаги юқори спорт формасидан анча йироқда. У жароҳатидан эндигина фориғ бўляпти. Нимага шундай муаммоси бор футболчига иккинчи бўлимда ҳам имконият берилди? Энг муҳими нима, биласизми? Бабаянга жамоани қийин вазиятдан олиб чиқиб кетиш етишмайди. Ҳисобда ортда бораётган вазиятда қандай йўл тутишни билмайди. Иккинчи бўлимда мезбонлар ҳисобда олдинда бораётганларига қарамай, футболчиларимизга ҳужум уюштириш учун имконият беришди. Улар ҳужумга ўтиб, таваккал қилишмади. Ҳисобни сақлаб қолиш учун эҳтиёткорлик билан ўйнашди. Бизникилар эса бундай имкониятдан фойдаланиб қола билишмади. Мураббийларимиз ўйин аввалида учрашувга қандай тактика танланган бўлса, ўша услуб асосида ўйнашда давом этишни афзал билишди. Бизнинг мураббийларда тактикани ўйиннинг боришига қараб ўзгартириш керак, деган тушунча йўқ. Қанотлардаги футболчилар алмаштирилди. Абдухолиқов захирага олингач, унинг ўрнида, яъни марказий ҳужум позициясида Сергеев ҳаракат қила бошлади. Яна ўша эски - 4-2-3-1 схемасига ўтилди. Бутун ўйин давомида дарвоза томон биттагина зарба йўллай олдик. Шу ҳам ноаниқ чиқди. Хуллас, ижобий натижа ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Дарвозага аниқ тўп йўллай олмаяпмизу, қандай қилиб ғалаба қозонамиз? Ҳимоядан ҳужумга ўтиш жуда секин амалга ошди. Табиийки, майдон эгалари ортга қайтиб, барча зоналарни ёпишга улгуришди. Эронлик ҳимоячиларнинг бўйдор эканлигини била туриб, қанотлардан ҳужумлар ташкил қилдик. Темурхўжада битта имконият бўлди. Ўша дарвоза томон берилган ягона зарба муаллифи ҳам Абдухолиқов эди. Сергеев эса умуман кўринмади. Хуллас, мураббийларга ўйин ва таркиб юзасидан саволлар бисёр. Ўйлайманки, улар бу саволларга жавоб беришади.

Мавзуга оид