Жамият | 15:00 / 23.06.2017
38752
25 дақиқада ўқилади

«Яшил чироқ»ни кутаётган «Маҳобҳорат» (ёки ноўзбеклар иши)

Буюк итальян адиби Жованни Боккаччонинг “Декамерон” асари
ўзбек тилида нашр этилиб, шов-шув бўлган кунларда бир киши
китоб дўконига кириб сўрабди:
— Сизларда Дика Мироннинг “Пока-чего” деган китоби борми?

“Яшил чироқ”ни кутаётган “Маҳобҳорат” (ёки ноўзбеклар иши)

Бошданоқ айтай, киношуносмасман. Аксинча, ҳар қандай “шунос”лардан нарироқда ўтаётган, оддий бир “кинохўр”ман. Демоқчиманки, қуйида ёзажакларимдан илмий иборалару янги бир маълумотни тополмасангиз, ҳайрон бўлманг. Яна айтаман, таассуротимни баён этгум. Зотан, кишининг ўзи тиш ёрмагунча, кечинмасини билиш гумон. Маълумотни эса, масалан, интернетдан ҳам беармон билиб олавериш мумкин.

“Олтин давр”им, асосан, китоб устидаю ТВ тагида ўтди десам, лоф бўлмас. Бунинг учун, қайсидир маънода, куллиётга ёт бўлган домлалардан миннатдорман. Бир рассомдан, “сиз учун энг улуғ устозингиз ким?”, деб сўрашса, мактабда, дарсларини ухлаб “ўтган” ва шу тариқа ўзи ҳам ишонмайдиган сафсаталарга ўзгаларни-да ишонтиришга чиранмайдиган мафкура ўқитувчисини эслаган экан...

“Ҳаммаси кўнгилдагидек”

...“Тақа-тақ-тақа-тақ-тақа-тақ... Пў-ў-ў-ў-ў-ў-ўп!” —  поезд Римга елмоқда. Купеларнинг бирида: мўйлабигача қум оқарган, катта гардишли кўзойнак таққан, аммо нигоҳлари недир саодатдан порлаган бир қария ўтирибди. Ойнадан “лип-лип” ўтаётган манзараларни завқ-ла томошалайди, ҳамроҳларига битта-битта қарайди, томоқ қириб-ютинади... Ичига сиғмаётган шодлигини кимгадир тўкиб-солгиси бор. Шу пайт кондуктор келадию чипталарни сўрайди. Қариянинг чиптасини тешаётганда, чироқ бирровга ўчиб-ёнади. Кўришсаки, чиптага қўшилиб, чол қоронғида фарқлай олмай узатган, кафтдеккина бир сурат ҳам тешилган. У бундан қаттиқ оғринади. Титроқ қўлларида, бағридан жуфт ўйиқ очилган расмга йиғлагудек термуларкан, қаршисида кетаётган, ўзи тенгилар аёл мулойим бир сасда сўз қотади:
— Кўрсам, майлими?
— Албатта, марҳамат! — хиёл жонланади қария.
— Театр томошасиданми, дейман? — қизиқсинади аёл, суратдаги турфа ниқобларда тушмиш, бир гуруҳ кишиларга ишоратан.
— Йў-ўқ, хоним, бу — менинг оилам!, — жавоб беради қария, ошкора фахрланиб.
— Ҳа-а...
— Хоним, марҳамат қилиб, қаёққа кетаётганимни сўранг мендан?, — дейди қария, астойдил гурунг беришга шайланиб.
— Нима? Ғалати-ку жуда?
— Йўқ, сиз сўранг бир?
— Ахир...
— Сўрайқолсангиз-чи энди, хони-им?
— Хўп, яхши... Қаёққа кетяпсиз?
— Болаларимнинг олдига! — тантанали товушдаги жавобни эшитади аҳли купе. Камига суратни ҳаммага тутқаза-тутқаза, ўғил-қизларини таърифлай кетади. Инчунун, ўғилларининг бирови сенаторлигини, ҳар сайловда энг кўп овоз олишини, яна бирови эса дрижёрлигини, биргина ишорасига бутун бошли оркестр илҳақ туришини, кенжатойи ҳам пойтахтда машҳури жаҳон ҳожатбарор одамлигини, қизларининг ҳар икковиям бир-биридан ҳусндор, меҳрибон, ақллию ишбилармонлигини, набиралари-чи... э, барини жуда-жуда соғинганини тўлиб-тошиб айтади.

Римга, ундан Неаполга, ундан Туринга... бориб кўрадики: “сенатор”и сайловолди кайфиятда, “дрижёр”и репитецияда, “ҳожатбарор”и хорижда, “ишбилармон” қизлариям ўз ўзлари билан андармон. “Хорижда”ги кенжа ўғлидан ташқари барчасиникига қўноқ бўлади. Тўкин дастурхон, қувноқ қиёфалар, ҳазил-ҳузул... Қисқаси, бир қарашда, айниқса кундузлари — ҳаммаси кўнгилдагидек. Аммо, кечалари...: “сенатор”и — сенаторларга югурдаклиги, “дрижёр”и — оддий довулқоқарлиги, катта қизининг — эрига мутлақо кўнгли йўқлиги, кичиги эса — очиқ-сочиқ кийимлар рекламасида маникенлиги, ҳануз турмушга чиқмагани, лекин фарзанди борлиги... аён бўп қолади. Кенжа ўғли — Альваро ҳақида, аввалига бирортаси тайин гап айтмайди. Ахийри айтишадики, сўнгги марта олти ойча бурун кўришган: жудаям тушкун эди, ёлғизлигидан ёзғирганди, кейин... якка ўзи қайиққа ўтириб, океан ичига сузиб кетганини эшитдик, шу-шу, топилмади...

“Тақа-тақ-тақа-тақ-тақа-тақ... Пў-ў-ў-ў-ў-ў-ўп!” — поезд Римдан келмоқда. Купеларнинг бирида боз ўша қарияни кўрамиз: мўйлабигача қум оқарган, катта гардишли кўзойнак таққан, аммо нигоҳлари недир изтиробга тўла. “Лип-лип” ўтаётган манзараларга маъюс термулиб боради. Теграсига бепарво. “Ширқ” этиб нимадир тушади оёқлар остига. Қария пайқамайди ҳам. Рўпарасида ўтирмиш йўловчи энгашиб олади, қара-аб қолади — кафтдеккина сурат.
— Кечирасиз, бу... оилангизми?
— Йўқ, бу — театр томошасидан, — қуруққина жавоб беради қария...

...Италян режиссёри Жузиппе Торнаторенинг бу филмини илк даъфа “Маданият ва маърифат” телеканалида кўраётиб, обидийдамни тиёлмай шўрқилларканман, на “ҳаром қотган” дарс, на “харом қотирадиган” домлалар... келарди калламга. Тилимизга тотли ўгирилган жумлаларини талай замон такрорлаб юргандим беихтиёр. Шу режиссёр шахси ва фаолияти юзасидан “Тақдимот” тайёрлаб, бир назорат ишимни юқори баҳода ёпгандим ҳам. Уни тайёрлашда беминнат кўмагини аямаган собиқ сабоқдош-хонадошим, номиниям боплаб топганди ишнинг — “Мусаллас узумдан тайёрланади” (кинодаги Қариянинг бот-бот айтиб турадиган ҳаёт ҳақидаги хулосаси).

Шу бўлдию мен бўлдим — “Маданият ва маърифат”нинг, кунда-шунда кўрармани. Дамқисма дарсларда овунардимки, бугун кечга, “Китоб ва кино” рукнида фалон фильм кетади. Бало бўлсаям кўраман, ё насиб. Кўролмасам, эрта кундузи, такрорини кутаман. 

“Доктор Живаго”

— Иби, ака, бугун бекор бормадингизда ўқишга.
— Нима бўлди?
— Э, зўр бўлле, бутун дарс “Доктор Живаго” ҳақига бўлле. Таржима қелишипти-ку ўзбекчага.
— Романни-я? “Оқланган”и рост бўсин...
— Йоғей... Киносине айтопман, Англия ишлаганче?
— Шуям катта гап... Қачон, қайси каналдан қўйишаркан?
— “Садо” омоқчийдим, эсдан чиқипте, чёрт... Яқин орага. “Маданият...”дан-да, конечно. Аристократ канал лекин, кўз тегмасин!
— Нима гаплар бўлди, шундай қилиб?
— Ҳози(р), сув ичеб олай... Аҳ-ҳ, Худога шукур!.. Карочче, мандан Живаго чиқмасакан...
— Ана бўмасам, қайдан олдингиз бу гапни?
— Апа айтте (Иқбол Қўшшаева — “Иқбол опа” ёки “Опа” дердик. Эндиям шундай.)...
— Сабаб?
— Бундоқ бўлле, апа, кино қаҳрамонларе тўғрисига, умуман асар тўғрисига қесқача гапиргач, фалончидан Живаго чиқише мумке-ен, деб биттасини айтте. Хай, ман айттем, иби, апажон, ўша фалончи биравнинг хотинине севиб қоладиган одамме?
— Кейин-чи?
— Кейин, эшитдим-да эшитадиганимне. Бир пасга “феодал” ҳам бўллем, “инквизатор” ҳам бўллем... Э, Рим папасигаям ман суиқасд қиган бўп чиқдем-ов!
— Сизга ўхшаган қаҳрамониям бордир, кўрайликчи кинони.
— “Миша”га ўхшармишман — Живагонинг жўрасега... Уёғ-буёғини билмадим-у, даҳ-ҳшат нарсага ўхшайди, ака-а. Китобиниям топаман! Ўрисчадан хабар бо(р), Худога шукур...

Талабалигимизнинг таги кўриниб қолган кунларда, юқорироқда ёзганим, сабоқдош ҳам хонадош бир жигарим ила кечган суҳбат бу. Ширали шеваси Тошкентга келганида қандай бўлса, шундайлигича қишлоғига қайтиб кетди. Хуллас, ўшанда кинони кўролмадим “ойнаи жаҳон”дан. Аммо кўрганларни кўриб-эшитиб, ичим қизирди. Айниқса, қизларимизга Худо берганди. Кўзгиналари пориллаб, шоирона шивирлаб қўядиган одат чиқаришди: “Мен ўз кўнглимнинг таржимониман”, “Нафрат ортида ҳам муҳаббат туради”, “Биз фақат томоша қиламиз, дунё эса ёнгинамиздан ўтиб кетаверади”...

Бўлмади. Опанинг ўзидан олиб, ҳалиги ҳамхонам билан кўрдик фильмни. 1897-1922 йиллар миёнасида, Россияда рўй берган, асорати аср адоғигача, дунёю дунга бўй берган воқеаларнинг моҳирона “бадиа”си: инқилоб, митинглар, пролетариат, биринчи жаҳон уруши, қаҳатчилик, “қама-қама”, сургун, шахсга сиғиниш... Даҳшат, чинданам! “Бадиа” деганим шунгаки, асарда, ҳар қанча реаллик ёритилмасин, унга “бадиий тўқима” навлик “туз” ташланади. Мақсад — таъсирли чиқсин. Янаям ўқишли, кўришли бўлсин. Таъбир жоиз эса, эффект берсин.

Бу типдаги “жавоҳир”лар харидоргирлигининг асосий меъзонларидан бири — барча ҳодисалар азалий аксиома, “муҳаббат учлик”...лари атрофида юз беради. Ва шуниси билан мухлисни охирги нотагача тутиб туради. Аниқроғи, одамлар, давр-долғаларига эмас, бояги “учлик”ларнинг ўша долғалардан айнан қайси, қанчалик чиқиб кета олишига кўпроқ қизиқади.

Бундаям шу “ҳандаса” қалқиб турибди: “Юрий — Лара — Паша”; “Юрий — Тоня — Миша”; “Юрий — Лара — Камаровский”... Йўқ, Комаровский мустасно. Умуман, комаровскийлар учун муҳаббат ҳам, эътиқод ҳам “дастурхон бўйида бошланиб, ҳожатхонада тугайди” (Нодар Думбадзенинг “Абадият қонуни”дан). Севилиш — умрбоқийлик “элексери”. Лара, масалан, қаримайди ҳеч. Севилмаслик — руҳият “радиацияси”. Дўлворгина Пашани одамкуш “Стрильников”га, алоҳа худкушга эврилтирган нима эди?..

...Ҳамхонам топиб келди китобни. Мук тушиб, ўқий бошлади. Эллик бетча хатм қилгач, парвози пасайди. Ҳа, десам, тишим ўтмаяпти унча, деб қолди. Ваҳоланки, русчаси бинойидай, китоблар ҳам ўқиб туради. Мисол учун, ўша вақтлар ичи, Чингиз оғанинг “Плаха” (“Қиёмат”) романини ўқиб туширганди. Ўзиям ҳайрон. Кўпгина тенгқурларимиз қатори иккаламиздаям бир савол ниш урганди: “Нимага ҳалиям ўзбекчага ағдарилмаяпти, бу асар?”. Ҳақли савол. Нима, Пастернак ҳамон “қора рўйхат”дами ё? Ўйлашнинг ўзи кулгили. Ахир, ўша рўйхатни тузганлар, тузуми билан қўшилиб, қўшмозор бўлгани қачон эди? Энди муаммо нимада? Пишиқ-пухталар тутуруғли ваъж кўрсатмагач, ўзимиз хомаки хулосалар ясадик: моддий рағбатнинг йўқ ҳисобидалиги — молиявий тақчилликда, муаммо! Бор ижодий салоҳиятингни сафарбар айлаб, асар узра ойлаб, йиллаб ўтирасан, ўгирасан, амаллаб нашр ҳам этасан... Бадалига — “битбилдиқ”. Яқинда қизиқ бир нарса ўқиб қолдим. Бугунга чоғиштирсанг, ишонгинг келмайди, азбаройи Худо. Лекин, факт. Мозийимизда маърифат ўчоқлари саналган “Байт-ул ҳикма” (Академия)ларда, мутаржим-олимларга ўгирган асарининг вазни баробар олтин беришган экан. Мана, алломаларимиз-ла нега бунча фахрланамиз? Шунақа эътибор, “қалам ҳақи” ажратишсин-чи, э, ҳозир ҳам потраб чиқади алломалар...

“Қиш уйқуси”

...Чорпояда гангир-гунгур қизғин. Очиқ осмон остида каттагина оила кечки томоқни ейишмоқда. Ҳамма ўзича сархил билган неъматини, тўрда қўр тўкиб ўтирган, гуппириб гап бераётган “устидент”нинг олдига суриб қўяди: “Ур, Ташкинда соғинасан ҳали”. Иттифоқо, “устидент”, тўғрисида ёнбошлаб ётмиш амакиси билан баҳслаша кетади — ўқишнинг фойда-зиёнидан. “Мулла мирқуруқ”нинг адабий алжирашига маҳлиё бўлибми, янгаси (шу амакисининг аёли) ён босади қайнисига. Мухолифига “иттифоқдош” топилганидан тажанглашган амаки, энди ўтириб олиб мунозарага киришади. Янга, “аслаҳахона”сида неча замонларки занг-у чанг босиб ётган “ядро қуроли”ни ишга солади кутилмаганда:
— ...Бўлди қинг, сиз нимани биласиз? Ўқимаган одам, пикри пас(т) бўлийкан-да, минг қисиям!
— Хай, шу гапинг рост бўса, чойдан солчи битта, дўнгпикрли, — алланечук “қаноти қайрилган” амаки, гапнинг партавини пайровга буради...

Туркия-Германия-Франция киноусталари томонидан, Чехов ҳикоялари асосида суратга олинган “Қиш уйқуси” филмини кўраётиб (“Маданият ва маърифат” телеканали маҳсули буям), яқин ўтмишчамда ҳодис бўлган мазкур манзара жонланди хаёлимда. Онадўлининг чекка бир қишлоғида, ёлғиз опасию ёшгина хотини ила умргузаронлик қилаётган, маҳаллий нашрлар мухбири, ёзувчи Ойдинбейнинг кечинмалари шу хотиротимни қўзғади, нимагадир. Гарчи, бадавлат, қатор дўконлар-у каттагина меҳмонхонанинг хўжаси эса-да, ҳаётида нималардир етишмаётган ва бу нотўкисликлар касрига ҳатто ёзишга қўли бормаётган бир зиёли воситасида бутун миллат, йўқ, башар фожиасини кўриш мумкин. Қизиқ ҳол: йироқларда унинг ҳайрихоҳ-у ҳамдардлари талай, олис овуллардаги мухлис-муштарийлардан хатлар оптуради... бироқ яқинлари, чеврасидаги одамлардан нур излаб, аросатда.

Биргина мисол: “Гариб” деган қишлоқдан, “тикиш-бичишни ўргатадиган бир ёш қиздан”, мактуб олади. Ўша қишлоқда, камбағал аёлларнинг хат-саводини чиқариш ва уларга ҳунар ўргатиш учун бир бино қуришаётгани, аммо пул тугагани боис қурилиш битмаётгани, на маҳаллий ҳокимият, на ўз ўзини идора этиш маъмурияти ёлчитиб ёрдам бермаётгани ёритилган.  Истанбул билан боғланиб бўлса-да, арз-додларига етиши ўтиниб сўралган бу мактубни, хотини Ниҳол ҳамда ҳамсоя-биродари Суалибейга ўқиб беради. Фикрларига қизиқади.

“Очиғи, бу хат мени ишонтиролмади. Бунақа хатларни ҳар куни ўқийман. Тангадеккина қишлоқ учун таълим деб бутун бошли бино қуриш — ортиқча ҳашам!”, дейди хотини, нечукдир қизишиб. Ҳамсоясининг сўзлари бешбаттарроқ чиқади: “...Азизим Ойдин, сен мени дасти узунлардан деб ўйлайсанми? Менинг бойлигим — ҳеч кимга қарам бўлмаган қорним!”. Бироз ўтиб, хотин хонани тарк этгач, Суалибей қўшимча қилади: “...Биласанми, муҳтожлигу бахтсизлик табиий офатга ўхшайди. Яъни ҳаммаси — Парвардигор иродасидир. Хатарга қарши бориб бўлмайди”.

Ойдинбей эса оғринибгина: “...Лекин Аллоҳ, улар билан курашишимиз учун бизга ақл ато этган!”, деб қўяди. “Тўғри, — дейди ошнаси, — лекин... бу ишлар учун яратилган махсус одамлар бор, бу ишни уларга қўйиб бер. Сен — ижодкорсан, санъат одамисан. Миянгни ачитишдан не наф?”. Сўнгроқ опаси Нежла ҳам шу маънода гап қиладики, сен актёрсан — ўзинг билган ишни ёзсанг-чи?

Умуман, опасиям унинг шу хил куйиб-пишишларига нисбатан киноявий қарашига, кино ибтидосидаёқ ишора қилинади: “Неники зарур деб билсанг, ёз, лекин... марказий газета учун ёзсанг яхши бўларди. Ҳеч ким ўқимайдиган маҳаллий нашр учун эмас. Ўшанда меҳнатларинг мақсадга мувофиқ бўлармиди?”. Бу турдаги муносабатларга Ойдинбейнинг мулоҳазаси ҳам фильм бошиданоқ “михланади” — “Машҳури замон газеталарингга тупурганман. Эҳтимол, салтанатим кичикдир, аммо қирол — менман!”. Дастлаб “апоқ-чапоқ” кўринадиган опа-ука мубоҳасалари, бора-бора кескин зиддиятларга, аччиқ айтишувларга дўнади. Жумладан, одатдаги оқшомларнинг бирида, ҳар кунгидай “чиқир-чиқир” ёзиб ўтирган ука, орқасидаги диванда узала тушиб, ҳар-ҳар замонда “Уф-ф!”лаган кўйи, зерикканидан китоб варақлаб ётган опасини гапга тутади. “Даштдаги гуллар” ҳикоясига унинг фикрини  сўрайди. “...Йиғлоқи кайфиятдаги романтизм, — дейди опа, ҳафсаласиз оҳангда, — оммага ёқиш илинжида умум қабул қилган қадриятларни маъқуллайсан. Ниқобланган лирика ортида чучмалдан-чучмал туйғулар сизиб туради”. Эгачисидан буқадар беаёвликни кутмаганигами, лаҳзаларда чўкибгина қолади, шўрлик ёзувчи. Бир муддатлик таранг сукутдан сўнг, ним ўгирилиб, оҳиста гап бошлайди: “...Азиза-ам, сени танқидингда изчиллик йўқ, асос йўқ. Фикрларинг каби тарқоқ. Ўзингдан ўтказиб айтмаяпсан. Мана шуниси ёқимсиз. Ҳамма бало шундаки, сен менинг мақоламнимас — ўзимни ёмон кўрасан!”. Опа, албатта, инкор этади. Камига жуда зерикканидан зорланади. “...Зерикиш — олифталар касали, — дейди иниси, борган сари қизишиб. — Албатта, зерикасан, чунки бекорчисан. Илгари таржима билан шуғулланардинг, энди шуниям қилмай қўйдинг. Мақсадсиз одамда на виждон, на иймон бўлади...”.

Афсуски, бундай “жағ жанглари”да, бир умрлик чекига тушган боз битта “рақиба”си кун кечиради, бу хонадонда. Ҳа, хотини. Имкон қадар муроса қилиб келаётган эр, охири, пичоқ суякка етганда — доимий хархашалар кескинлашган бир кечада “ёрилади”: “...Қани, айт, гуноҳим нима? ...Менинг ёшим анча катта, шуми гуноҳим? ...Ажрашмоқчимисан, марҳамат, қарши эмасман!”. Қароқлари гирён хотин, диван суянчиғига ёнбошлаб, хонанинг ғира-шира кунжларидан кўз узмай, эрининг “гуноҳлари”ни санайди: “...Сиз зиёли, меҳнаткаш, виждонли, ҳалол одамсиз, буни инкор этмайман. Аммо, сиз, ўзингиздаги бу фазилатлардан ўзгаларни ерга уриш учун фойдаланасиз. Сизни юксак фикрларингиз дунёдан нафратланишга ундайди... Сиз халқдан шубҳаланасиз. Гуёки “ўғри-муттаҳамлар тўдаси”. Хуллас, одамларни ёмон кўрасиз. Деярли ҳаммадан нафратланасиз!”. Барча “айблов”ларни жимгина, ҳазин бир табассум-ла эшитган эр, вазмин туриб лафз очади: “...Сен тушунмайсан. Менга ўхшаб чироғи йўқ, чекка қишлоқда улғайган одамлар, бахтни кичкинагина, шинамгина уйдан ҳам топа олади. Ҳатто, хотини юзига тик боқиб “Сен — ёмон одамсан!” деган тақдирда ҳам. Бизни ёшлигимиз рангсиз, оғир ўтган. Шунинг учун ҳам ўзгаларни бахтли қилиш бизнинг қўлимиздан келмас?..”. Гапининг якунида, эрта Истанбулга кетаётганини, ёзмоқчи бўлаётган китобига материал тўплаши зарурлигини, ёзгача қайтмаслигини айтаркан, илова қиладики, ишласанг, виждонли, ҳалол одамлар билан ишла, қачондир мени албатта тушунасан.

Бироқ... бормайди Истанбулга: тўғри, қорли, изғирин ҳавога қарамай, чиқади йўлга, вокзалга дориқади, рейсларни суриштиради, озроқ ўтиради, исинади, ташқарилайди ва бирдан... қайтишни амр этади шофёрига. Йўл устида “Гариб” қишлоғига (ҳа, ўша, мактаб қуришларига кўмак ўтиниб, хат юборган қишлоққа) дуч келишади. Катта йўл узра, машинани тўхтаттириб, бирров сер солади. Айлантириб ураётган қор ичра базўр кўринаётган, номига уйқаш ғарибгина уйларга тикилиб, ўйга толади. Кетдик, дейди кейин, бетоқат ўтирган ҳайдовчисига.

Ҳовлига кириб, жамадонларини дастёр аёлга узатаркан, тепа қаватга, зич ёпиқ ойнадан термулиб турмиш хотинига қарайди. Жилмаяди. Ва айни фурсат, фильм хотимаси ўрнида, сўзлар янграйди кадр ортидан: “Ниҳол, мен кетмадим — кетолмадим. Эҳтимол, қариётгандирман? Ё ақлдан озаётгандирман? Ёки бошқа одамга айландимми?.. Нима деб ўйласанг ўйла, ўзимни билмайман. Лекин бу “янги одам” ортга қайтишга мажбур қилди. Мени айблама. Англадимки, Истанбулда мен учун ҳеч нарса йўқ, у ерда ҳамма нарса бегона. Бил, мени сендан бошқа ҳеч кимим йўқ... Сени тарк этиш, мен учун — чидаб бўлмас азоб. Яна шуниям биламанки, сен мени бошқа севмайсан... Гарчи, айро ҳолда бўлса-да, қолган умримни сени ёнингда ўтказай? Мени кечир...”.

...Ўша чорпоя. Ярим тун. “Устидент” кетишга чоғланаркан, амакиси, ёнбошлаган жойидан узрли сўз қотди: “Энди, хапа бўмийсан, ука, кузатиб қўялмийман. Кўриб турибсан-ку, чарчаган жуда. Бунгаям қийин...”. Амакисининг меҳрли боқаётган томонига юз буриб, серрайди-қолди “устидент”. Янгаси, эрининг қавариқ оёқларига бош қўйганча, гўдакдек мизғирди.

...P.S: “Маҳобҳорат”.
— Ошна, биласиз, сериал кўрмасдим ҳеч. Аши, “Маҳобҳорат”ни қолдирмай кўряпман, ома-чи. Дубляжни ҳам боплашибди бор-у, — деганди 2016 йилнинг баҳорида, “анжан”лик бир дўстим. Ўша маҳаллар, мен, газетада ишлардим. Навбатчилик кунларим кеч қайтарканман, сабрим чидамай, хонадошимга сим қоқардим. У эса, ўз лаҳжасида, ажабтовур “онлайн”ни бошларди дарров: “...ана, қўтирэчке Дурёдхон, шунноқ-шунноқ деёпте пандузодаларга. Унга Бҳим “...епсан, шу гапингга!” деб ответ қилопте... Шўхлашинг-ей, ака, қизиқ бўлопте вапши-то!”.

Таассуф ва таажжубки, ушбу қувончимизни, уч-тўрт ой ўтиб, ёз ўртасига етиб, “кўп кўришди”. “Маданият ва маърифат” каналининг навбатдаги туҳфасини, “Маҳобҳорат”нинг янги талқини таржимасини... узиб қўйишди эфирдан. Суриштирсак, эмиш-мемиш гаплар чалинди қулоққа: каналларимизда сериаллар кўпайиб кетганмиш, минталитетимизга мос эмасмиш, халқнинг хулқини бузармиш... Катталарда майда баҳонаю “майда”ларда катта ваҳималар қўпганди, шуйтиб. “Ўргимчак тўри”да висир-висирлар болалади, етмагандай. Бирови ундай дейди, бошқаси бундай... Билгич бир аёлгина (исмини эслолмадим), барининг оғзига ургилик раддиясини эълон қилганди. Авваламбор, “сериал”мас бу — буюк бир эпоснинг, кўп қисмли экранлашмаси, сўғин, қаери мосмасакан минталитетимизга, шоҳ қизи Драупаденинг беш оға-инига бирдай хотин бўлишими? “Алпомиш”да Барчинга талабгор 90 алп(!)нинг сардори, Кўкалдош, ўзбакнинг қизини биримиз ё баримиз олайлик, қабилида сўз демасмиди? Бойсариям шундайчикин гап қилади: “...ўзига борингизлар, ўзидан сўрангизлар, бирингизга тиями, барингизга тиями, ўзидан сўраб билингизлар”, маънисидаги жойлари бориди. Кўлга тушган кесакдай беиз, бетаъсир кетди лекин.

Жиззахнинг “Аршли” қишлоғидан (ҳозирги Шароф Рашидов туманида) бир қадрдоним телефон қилувди шу паллалар:
— ...“Маданият-маърифат” (“Маданият ва маърифат” телеканали)да ишлийдиган биранта тонишингизди нўмирини берасизма, ака?, — деганди, салом-аликдан сўнг ҳовлиқиб.
— Ийе, ҳа, ука, тинчликми?
— Ануви, китобхон холам бор-ку, сўриятувди-да...
— Нимагалигини билсак бўладими?
— Э, сўраманг, ака, шу холамди уллари, бир ҳоптадан бери жанжал қилади, “Маҳобҳорат”ти қочан қўяди, деб. Қишлоғимиз номидан хот ёзмақчи, холам.
— Кимга?
— А, шуни билиш-чун телипон қиляппан-да сизга, ака. Кимга, нима ёзиш керак? Каналди катталаригама, вазирликкама?.. “Билдириш хати”ма, “Шикоят хати”ма?..

Тайинли бир жавоб қилмагандим. Қайдам, энди ҳам кечмасдир? Кеч бўлса-да “ҳеч”дан кўра...
Болалик бир манзара балқди ҳофизамда. Қора хуфтонда молларни судраб қайтардик уйга. Билъакс, моллар бизни судраб қайтарди, десам ўнгғай бўлар, асли. Йўл гирдидаги одамларнинг маккапоясига урарди ўзларини. Биз, муштдай нарса, кучимиз етмай, тилимизга зўр берардик, йиғламсираб: “Чи-иқ, ичингни еги-ир, “Маҳобҳорат” ўтиб кетади-и!”. Молга “Маҳобҳорат” нимаю, “Ясон ва аргонавтлар” нимаю, “Кунгфу-Панда” нима? Қорнига киргани — ҳисоб. Йиғлаб-сиқтаб, ювиниб-қоқиниб, жон ҳалпида келсак, адо бўлган бўларди “Маҳобҳорат”.

У маккапоялар ҳам, улар экилган қўшимча томорқалар ҳам йўқ, эндиликда. Не тонгки, барибир, кўролмаяпмиз “Маҳобҳорат”ни? 
Айбга буюрмайсиз, гапим чўзилди анча. Инсоф билан айтгандаку, “Маданият ва маърифат” ўзанида узатилаётган дурдоналар борасида, умумий олганда, икки оғизлик тафсир бўлди ёзилганлар. “Маданият...”да кино эмас, ўзимни кўраман, кузатаман, қалқиб уйғонаман, дейди маданиятпарвар-у маърифатсевар бир мухлисаси каналнинг. Сўнгсўз сифатида:

Ўзгани тутдилар “Исо” деб шаксиз,
Руҳи маҳфузимда асл Исо бор.
Ҳали ҳам тавҳидда эски ақоид,
Ҳар бир фиръавнга битта Мусо бор.

Шербек Бобонор ўғли

Мавзуга оид