Фан-техника | 14:08 / 29.06.2017
15178
3 дақиқада ўқилади

Атроф-муҳитга энг кўп зиён етказувчи смартфонлар номи маълум қилинди

Greenpeace ташкилоти iFixit билан ҳамкорликда ўтказган тадқиқотига кўра, Apple, Samsung ва Microsoft компаниялари маҳсулотлари таъмирлаш имкони энг кам бўлган гаджетлардир. Greenpeace сайтида маълум қилинишича, таъмирлашнинг иложсизлиги гаджетнинг аккумулятор каби элементлари утилизацияси жараёнини қийинлаштиради. Бу эса, ўз ўрнида, электрон чиқиндиларнинг кўпайишига олиб келади. 

Тадқиқот давомида Greenpeace ва iFixit 17 IT-компания маҳсулотлари таҳлилини ўтказди - Apple, Dell, Fairphone, Samsung ҳамда Microsoft каби гигантлар шулар жумласидандир. Унда 40 тадан ортиқ қурилмалар моделлари, жумладан Samsung Galaxy S8 ва Apple Retina MacBook ҳам ўрганиб чиқилди. Қурилмаларнинг 70 фоизида ё батареяни чиқаришнинг ҳаддан зиёд қийинлиги, ёки дизайннинг ўзига хослиги таъмирга тўсқинлик қилади.

"Бу гаджетнинг хизмат муддати қисқаришига олиб келади ва улар шунчаки навбатдаги электрон чиқиндига айланади, - дейди Greenpeace'нинг IT-сектори таҳлилчиси Ҳарри Кук. - Apple, Samsung ва Microsoft компанияларининг фойдаланувчи томонидан таъмирлаши жуда қийин бўлган маҳсулотлари сони сезиларли даражада ошиб бормоқда".

Кўпинча замонавий қурилмаларни таъмирлашга ностандарт ва ноёб жиҳозлар керак бўлади, бу iPhone, Oppo R9m ва  Huawei's P9 каби қурилмалар таъмирини қийинлаштиради. Буларнинг барчаси охир-оқибат гаджет муддатининг қисқаришига олиб келади. Смартфон эгаси уни ташлаб юбориб, янгисини харид қилади. Электроникани ишлаб чиқариш ва утилизация қилиш эса жуда кўп энергия талаб қилади. 

"Ишлаб чиқарувчилар ҳар йили миллиардлаб гаджетларни тақдим этишади, истеъмолчилар эса улардан атиги бир неча йилгина фойдаланишади. Электрон чиқинди - сайёрамизда энг тез ўсаётган чиқинди оқимларидан бири", - деди iFixit бош директори Кайл Винес. 

Шунингдек маълумотда таъкидланишича, ўрганилган моделлар орасида таъмирлаш қийинчилик туғдирмайдиган қурилмалар ҳам мавжуд. Хусусан, бунга мисол сифатида HP, Dell ва Fairphone компаниялари смартфонлари келтирилган - бу компаниялар таъмир бўйича қўлланмаларни тақдим этади ҳамда эҳтиёт қисмларини очиқ сотади. Энг таъмирлаш осон бўлган гаджетлар сифатида Fairphone 2, LG G4 ва G5 ҳамда HP Elite x2 1012 G1 қайд этилди. 

Мавзуга оид