Ўзбекистон | 01:42 / 01.07.2017
36614
7 дақиқада ўқилади

Ёшлар иттифоқи раҳбари - Президентнинг ёшлар сиёсати бўйича давлат маслаҳатчиси ҳамда Сенат аъзоси этиб тайинланади

"Маълумки, ҳар қандай ислоҳот, хусусан, миллионлаб ёшларнинг ҳаёти ва келажагига бевосита дахлдор бўлган ўзгаришлар ҳар томонлама чуқур ўйлаб иш тутишни, етти ўлчаб, бир кесишни талаб этади. Шу нуқтаи назардан биз бугун янги ёшлар ташкилотини тузмоқчи эканмиз, шошилмасдан, вазминлик билан иш кўришимиз, бу масаланинг барча ижобий ва салбий томонларини ўзимизга яққол тасаввур қилиб, шундан кейин бир хулоса ва қарорга келишимиз лозим", - деди Ўзбекистон Президенти 30 июнь куни бўлиб ўтган “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойида.

Бу борада аввало бўлғуси ташкилот - Ёшлар иттифоқининг ҳуқуқий мақоми, асосий мақсад ва вазифалари, унинг ижтимоий ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузини, обрў-эътиборини оширишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.

"Шу мақсадда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи раҳбари айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар сиёсати бўйича давлат маслаҳатчиси лавозимида фаолият олиб боришини ҳуқуқий асосда белгилаб қўйиш даркор. Шу билан бирга, у Президент фармонига биноан Олий Мажлис Сенати аъзоси этиб тайинланади.

Ташкилотнинг Қорақалпоғистондаги кенгаши раиси Республика Жўқорғи Кенгеси раисининг, вилоят, туман ва шаҳар бўлинмаларининг раҳбарлари эса тегишли ҳокимларнинг ёшлар сиёсати бўйича маслаҳатчилари этиб тайинланиши мақсадга мувофиқ, - деди давлат раҳбари. - Мана, кўриб турибсизлар, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг раҳбарларига қандай катта мақом ва ваколат бериляпти. Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг таркибий тузилиши ҳақида гапирганда, бир масалага алоҳида аҳамият бериш керак.

Ҳозирги вақтда умумтаълим мактабларидаги бошланғич синф ўқувчилари билан ишлаш учун “Камалак” болалар ташкилоти мавжуд. Шунингдек, ёш тадбиркор ва фермерлар билан иш олиб борадиган Ёшлар тадбиркорлиги ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази, истеъдодли ва ижодкор ёшлар билан ишлаш учун Ёшлар ташаббуслари маркази каби тузилмалар ҳам ташкил этилган. Лекин тан олиш керакки, бугун уларнинг аксарияти талаб даражасида иш олиб бормаяпти. Бу тузилмаларнинг фаолиятини жонлантириш, уларга янги мазмун ва руҳ бағишлаш керак.

Шу муносабат билан умумтаълим, ўрта махсус ва олий таълим тизимида “Камолот” нисбатан самарали фаолият олиб борганини ҳисобга олган ҳолда, ушбу тизимдаги “Камолот” ташкилотлари негизида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бўлимларини ташкил этиш мумкин.

Келгусида эса ёшларнинг хоҳиши ва интилишларига кўра, Ёш олимлар уюшмаси, Ёшларга ижтимоий-психологик ёрдам кўрсатиш маркази, Ёшлар туризми уюшмаси, Спорт клублари ва фитнес марказлари уюшмаси, Имконияти чекланган ёшлар уюшмаси ва бошқа ташкилотлар ҳам тузилиши мумкин.

Албатта, бу тузилмаларни қандай номлаш, уларнинг вазифаларини белгилаш бўйича аввало сизлар барча тенгдошларингиз билан фикрлашиб, шу асосда бир қарорга келишингиз табиий.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳозир мавжуд бўлган ва келажакда тузиладиган бу уюшмаларнинг барчасини бирлаштириб, уларга нафақат молиявий, моддий-техник нуқтаи назардан, аввало, ғоявий-услубий, маънавий жиҳатдан амалий ёрдам кўрсатадиган, уларнинг ишини мувофиқлаштирадиган асосий ташкилот сифатида фаолият олиб боради.

Айни вақтда ҳаммамиз тушунамизки, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини дастлабки пайтда ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш, унинг оёққа туриб олиши учун давлат томонидан зарур кўмак ва ёрдам берилиши лозим.

Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш наинки Президент девони, балки барча бўғиндаги давлат органлари раҳбарларининг доимий ишига айланиши зарур. Бундан буён бу соҳада аниқ тизим асосида иш олиб борамиз.

Қонунчилик палатаси Спикери ва Сенат Раисидан бошлаб, Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, Бош прокурор, вазирлик ва идоралар, компания ва хўжалик бирлашмаларининг раҳбарларигача марказда ва жойларда ҳар бир соҳа бўйича ёшлар билан учрашиб, доимий мулоқот олиб борадиган тартиб жорий этишимиз керак.

Шу муносабат билан аввало ҳозирги кунда фаолият кўрсатаётган тузилмалар билан, жумладан, таълим тизимидаги ёшлар ташкилотлари билан – Бош вазир А.Арипов ҳамда олий ва ўрта махсус таълим вазири И.Мажидов, халқ таълими вазири У.Иноятов, ҳамма соҳада Ёшлар тадбиркорлиги ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази билан – Бош вазирнинг биринчи ўринбосари А.Раматов, Бош вазир ўринбосари З.Мирзаев ва Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов, Ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази билан – Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов ва маданият вазири М.Муратов доимий иш олиб бориши керак.

Шунингдек, келгусида ташкил этиладиган Ёшлар туризми уюшмаси билан – Бош вазир ўринбосари Ж.Қўчқоров ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.Шарапов, Ёш олимлар уюшмаси билан – Бош вазир ўринбосари У.Розиқулов ва Фанлар академияси президенти Б.Йўлдошев, Спорт клублари ва фитнес марказлари уюшмаси билан – Бош вазир ўринбосари Ғ.Ибрагимов ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Р.Қурбонов, Имконияти чекланган ёшлар уюшмаси билан – Бош вазир ўринбосари Т.Норбоева ва соғлиқни сақлаш вазири А.Шодмонов, Ёшларга ижтимоий-психологик ёрдам кўрсатиш маркази билан – Бош прокурор И.Абдуллаев ва адлия вазири М.Икромов тизимли асосда иш олиб бориши, бошқача айтганда, уларни оталиққа олиши мақсадга мувофиқдир.

Шу билан бирга, жойларда вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, суд, прокуратура, ички ишлар органлари, соғлиқни сақлаш, халқ таълими ташкилотлари ёшлар билан доимий мулоқотни йўлга қўйиши, уларнинг олдида мунтазам равишда ҳисобот бериб бориши зарур.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг жойлардаги кенгашлари раислари ва фаоллари албатта сайловларда иштирок этиб, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига, керак бўлса, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланиши ҳам муҳим аҳамиятга эга".

Мавзуга оид