Жаҳон | 09:22 / 02.07.2017
11282
2 дақиқада ўқилади

Times: Британия махсус кучлари Афғонистондаги жиноятларини яширган

Буюк Британия махсус кучларининг SAS бўлими ўз ходимларининг Афғонистонда 2010 йилдан 2013 йилгача қуролсиз одамларни ўлдирганини яширган. Бу ҳақда ҳарбий полициядаги манбаларга иқтибос келтирган ҳолда The Times нашри хабар бермоқда.

Нашр маълумотларига кўра, SAS’нинг камида битта отряди "Толибон" гуруҳи билан алоқадорликда гумон қилинган тинч аҳолининг уйларига уюштирилган тунги рейдлардан бирида бу гумонланувчиларни қўлга олиш ўрнига уларни совуққонлик билан ўлдирган. Бу орада британ махсус кучлари ўз ҳисоботларида биргаликдаги операция вақтида отишмани асосан Афғонистон махсус кучлари ходимлари олиб борганларини кўрсатишган ва гўёки ўлган афғонлар қўлига жангарилар қўмондонлари кўпинча ишлатадиган Макаров тўппончасини тутқазиб, саҳналаштирилган фотосуратлар тайёрлашган. Бироқ қурбонлардан баъзиларининг таналарида британ армияси томондан ишлатиладиган ўқлар излари қолган ва ҳисоботларда бир неча маротаба ўлганларга тегишли бўлган бир рақамдаги қурол такрор кўрсатилган.  

2014 йилда бошланган тергов Nortmoore код номланиши олиб, у британ махсус кучларининг Афғонистонда 2010 йилдан 2013 йилгача содир этган ноқонуний ҳаракатлари билан боғлиқ 675 та ҳолатни ўз ичига олган. Буюк Британия мудофаа вазирлигида айтилишича, 90 фоиздан кўпроқ ҳолат бўйича текширувлар тўхтатилган ва фақатгина 10 дан камроқ ҳолатгина ўрганилмоқда.  "Қироллик ҳарбий полицияси қуролли кучларнинг Афғонистонда жиноий хатти-ҳаракатлар амалга оширганининг исботини топмаган", дейилган мудофаа вазирлигида. 

Тергов 2021 йилгача давом этиши мумкин, бироқ мудофаа вазирлиги ушбу ҳолатлар бўйича ёзгача хулоса берилишини талаб қилган. Маълум қилинишича, бу терговчиларда ҳолатларни батафсил ўрганиш учун етарлича вақт бўлмаслиги учун қилинган.

Мавзуга оид