Спорт | 15:30 / 12.07.2017
20161
2 дақиқада ўқилади

Дуэль олдидан дуэль: Мэйуэзер ва Макгрегор илк бор юзма-юз

Америкалик боксчи Флойд Мэйуэзер ва ММА жангчиси Конор Макгрегор ўртасидаги жангга бир ойдан сал кўпроқ вақт қолганда Лос-Анжелес шаҳрида илк бор матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Конор МакГрегор ўзини анча эркин тутди ҳамда бўлажак рақибини 4 раунддаёқ таслим қилмоқчилигини билдириб ўтди.

«Мен ундан, унинг рингдаги чекланган усулларидан қўрқмайман. Агар бу ҳақиқий жанг бўлганда, бир раунд ҳам талаб қилинмасди. Кимнингдир кўрсаткичларидан «0» сонини йўқотиш вақти келди. У тамом бўлди. Сўзларимни эслаб қолинг, мен уни тўрт раунддаёқ нокаутга учратаман», — деган ирландиялик спортчи.

Кейинроқ сўз олган Флойд Мэйуэзер рақибидан қанчалик устун эканини ундан кўра бойроқлиги билан исботламоқчи бўлди. У Макгрегорнинг барча «жўжахўрозликлари»га рақиби жанги учун 7 ва 8 рақамли суммалар оладиган жангчи учун жуда яхши кўринишда эканлигини айтган.

«Бироқ мен 9 рақамли суммалар оладиган жангчиман. 100 миллионлик жангчи қандай аҳволда қолишини кўрсатишга ижозат беринг. Умуман олганда менда 100 миллион бор (шундай деб у сумкасидан чек чиқарган). У эса бундай суммаларни тушида ҳам кўрмаган. Мен ҳеч кимнинг олдида тиз чўкмайман. Ким шуни истаса, навбатда турсин, мен уларни бирин-кетин таслим этаман. 26 август куни мен мана бу олифтани ҳам нокаут қиламан», — деган америкалик спортчи.

Флойд Мэйуэзер ва Конор МакГрегор ўртасидаги жанг 26 август куни Лас-Вегасда бўлиб ўтади.

Мавзуга оид