Спорт | 12:25 / 13.07.2017
33524
6 дақиқада ўқилади

Мэйвезер-МакГрегор жанги: таниқли спорт шарҳловчиси Даврон Файзиев нигоҳи билан

26 август куни бокс ихлосмандлари Конор МакГрегор ва Флойд Мэйвезернинг бокс рингидаги жангига гувоҳ бўлишади. Кеча икки спортчи иштирокидаги илк матбуот анжумани ўтказилди. Таниқли спорт шарҳловчиси Даврон Файзиев ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида ушбу матбуот анжумани ва кутилаётган жанг ҳақидаги фикрлари баён этилган пост жойлаштирди.

* * *

Бошланди! Кеча биринчи матбуот анжумани ўтказилди ва биринчи рекорд қайд этилди. Жанг расман эълон қилингандан кейин улар илк марта юзма-юз учрашишди. Интернетда эса онлайн трансляция рекорди ўрнатилди. Ҳали яна бир неча матбуот анжуманлари бўлиб ўтади. Улардан бири Лондондаги «Уэмбли» стадионида.

Шунчаки тасаввур қилинг: МАТБУОТ АНЖУМАНИни томоша қилиш учун интернетда сотувга чиқарилган чипталар 2 ДАҚИҚАДАЁҚ СОТИЛДИ! СТАДИОНГА! Бу фақат матбуот анжуманининг чипталари ҳали. Жангга чиқарилган чипталарнинг расмий нархи 90.000 долларгача.

Чунки, бунақа воқеа спорт тарихида бўлмаган. Бир бирига рақобатчи икки йўналиш — профессионал бокс ва ММАнинг мутлақ биринчи рақамлари учрашишади. Иккаласи ўз йўналишида жанглар орқали қўлга киритилган маблағлар ва трансляциялар сотуви бўйича рекордчилар ҳисобланишади.

Конор МакГрегорга қойил қолиш керак. У шер бўла туриб, акуланинг ҳудудига ўтиб курашади. Жанг тўлиқлигича бокс қоидалари бўйича ўтказилади. Расман Конор профессионал боксчи сифатида рингга чиқади. Шу сабабли, бокс олами бир овоздан «Конорнинг рингдаги ҳаётини 1 раунддан иборат», дея тахмин қилди.

Менимча, шошмаслик керак. UFC октагони бу — спортнинг энг оғир ҳудуди. У ерда ростдан ҳам инсоннинг жисмоний имкониятлари йўл қўядиган максимум даражадаги атлетлар курашади. У ердан соғ чиқиб кетишнинг ўзи бир катта натижа. Ана ўша ҳудуддан Number one, Қирол унвони билан келаётгани жангчини жиддий қабул қилмаслик — катта хато.

Тўғри, Конор фаворит эмас, бу фикрга қўшиламан. У андердог бўлиб келади. Мэйвезер — фаворит, у — машина. Флойд Мэйвезернинг фаолиятини тахминан 15 йилдан бери кузатаман ва бирор жангини ўтказиб юбормаганман. Шу вақт ичида у ютқазиш у ёқда турсин, ҳатто тиззасини ерга теккизмаган, бирор марта гандиракламаган. Энг зўрлар билан учрашган. Бунга у, шубҳасиз, ноёб қобилияти ва оғир меҳнати билан эришган.

Яна бир томони, у — ҳимоя қироли. Реакция ва тана ҳаракати билан рақиблар ҳужумини йўққа чиқаради. Зарбани кўтара олади ҳам. Лекин, унинг ёши... Кеча матбуот анжуманида ўзи ҳам тан олди: «10 йил, 5 йил олдинги ва ҳатто 2 йил аввалги Флойд эмасман, лекин Конорни нокаутга учратиш учун шунинг ўзи етади».

Бу кечаги гапларнинг энг камтаронаси. Бир неча иқтибос келтираман:

ФЛОЙД: «У етти хонали сонга лойиқ жангчи (пул, сумма ичидаги рақамлар сони назарда тутилган), хўп, майли, у саккиз хонали сонга арзийди. Лекин, у ўтган жангида атиги 3 миллион ишлади. Менинг машғулот лагеримнинг харажати бу».

«21 йилдан буён рақиблар менга қарши чиқади ва бузилиб кетади».

«У Мистер Tapout». (ММАда услуб ишлатилганда ютқазганини тан оладиган)

«Сумкамни обкел, мана 100.000.000 долларлик чек».

КОНОР: «Бу солиқ идоралари учунми?» ))

«Флойд кичик, танаси, оёқлари, боши, ҳаммаси кичик. Уни узоғи 4-раундда нокаутга учратаман. Шунчаки, эслаб қолинг!»

«У ҳамма рақиблари билан бекинмачоқ ўйнаган. Бокс қоидалари бу ҳақиқий жангнинг ярми, йўқ, ҳаттоки чораги. Ҳақиқий жанг эмас. Ҳақиқий жанг ўтказсак, у биринчи раунддан уёғига ўта олмайди».

«У 20 йилдан бери ҳеч кимни тоза нокаутга учрата олмаган».

«У матубот анжуманига спорт формасида келибди, ҳозир тузукроқ костюм олишга ҳам пули йўқ...»

Шунақа гаплар бўлди... Айримларини ёздим. Айтганча, Конор ўша куни 50.000 долларга буюртма берилган костюмда келди. Майда чизиқлидек туюлган костюмга агар яхшилаб қаралса, ҳар бир чизиғи бу жуда майда ёзувлар билан туширилган «F**k you» сўзлари эди. Албатта, Флойдга аталган. Провокациянинг энг юқори даражаси!

Бу энди биринчи пресс-тур. Бошланиши. Биринчи трэш-баҳсда Конор устунлик қилди. Лекин, жанг бу трэш-токинг эмас.

26 август куни Лас Вегасда спорт тарихидаги энг катта воқеалардан бири бўлади. Унинг қизиқарли томони, натижа нима бўлишини умуман тасаввур этиб бўлмайди. Чунки бунақаси бўлмаган. Яқин йиллар ичида бўлмаса ҳам керак.

Ярим миллиард доллар бюджетга эга жанг! Мутлақ рекорд ўрнатган Флойд Мэйвезер - Мэнни Пакиао жанги PPV кўрсаткичлариям ортда қолиб кетиши ҳозирданоқ аниқ.

Бунақа супер-ивентларнинг бир жиҳати зўр: Ҳали жанггача анча вақт бўлса ҳам мана шундай превью ва турлар орқали ана шу вақт мобайнида ўша жанг кайфиятини ҳис қиласиз. Ҳар бир янгилик, видео, хабарни катта қизиқиш билан кузатиб борасиз.

Шахсан мен бу тортишувлардан бир нарсани кутаман: Иккаласи ўз машғулот лагерида тўсатдан сирпаниб, йиқилиб тушмаслиги, вазн ташлашда мазаси қочиб қолмаслиги, спаррингда қўли лат емаслиги ва шу 26 август кунига эсон-омон етиб олиб, гонг чалиниб, шу жанг бошланишини!

Даврон Файзиев,
спорт шарҳловчиси

Мавзуга оид