Ўзбекистон | 19:54 / 20.07.2017
55417
5 дақиқада ўқилади

Фоторепортаж: Сурхондарёдаги чорак асрдан буён таъмирталаб йўл ҳақида

Борганлар билади — Сурхондарёга кираверишдаги «Дарбанд» йўл-патрул хизмати масканидан ўтибоқ катта йўл иккига бўлинади: тўғрига юрсангиз — Шеробод, Ангор орқали вилоят маркази — Термизга борасиз. Чап томонга бурилсангиз — Бойсун, Олтинсой, Денов, Сариосиё ва Узун тумани аҳолиси юрадиган йўлдан юрасиз.

Тўғри, Сурхон воҳасига элтувчи йўлларни таъмирлаш борасида кейинги йиллар жуда катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилмоқда. Ҳаттоки, бир неча йиллар давомида ўта абгор ҳолатдаги Бойсун – Тангимуш йўли ҳам бинойидек таъмирдан чиқарилди. Ҳайдовчиларнинг узоғи яқин бўлмоқда.

Лекин ана шу Бойсун туманидаги Тангимуш аҳоли пунктидан Олтинсойнинг Миршоди қишлоғигача бўлган оралиқдаги 18 км йўл эсимни таниганимдан буён — қарийб 25 йиллар чамаси, ўта таъмирталаб. Баъзи ўринлар собиқ иттифоқ давридан бери асфальт кўрмаган, деб бемалол айта оламан. Мана шу 18–20 км йўлни босиб ўтиш учун сиз камида 1,5 соат вақтингизни сарфлайсиз. Тасаввур қиляпсизми? Қачон шу йўлдан ўтган бўлсам, албатта йўлнинг носозлиги туфайли машинасига шикаст етган камида битта ҳайдовчини йўлимда учратаман.

Бунга сабаб нима? Олтинсой ва Бойсун туманларининг чегарасида жойлашган участка бўлгани учун ҳар икки туман мутасаддилари ўз зиммасидан соқит қилганими? Ёки қачонлардир режага киритилгану, ажратилган воситалар ва пуллар «туя» қилингани сабабли йўлнинг шугина қисми йиллар оша таъмирланмай келмоқдами?

Суратларга эътибор берсангиз, айниқса, Денов ва Шўрчига буриладиган чорраҳа аввалида учрайдиган бир кўприкнинг аҳволи жуда аянчли кўринишда. Бу қайси бир қишлоқнинг ёки маҳалланинг кўприги эмас, вилоятнинг аҳоли зич жойлашган 5-6 та туманига элтувчи республика аҳамиятидаги, яккаю ягона йўлнинг бугунги кундаги аҳволи!

Ростини  тан олиш керак, йўлдаги майда-чуйда «ўра»ларни суратга олиб ўтирмадим. 70 фоиз жой фотоаппаратим нигоҳидан четда қолди. Чиндан ҳам даҳшатли, машиналарнинг равон юришига халақит берадиган ўринларни суратга олдим, холос.

Ёзнинг жазирама кунларида чанг-тўзон, баҳору кузнинг ёмғирли, қишнинг яхмалакли кунларида бу йўллар қандай бўлишини тасаввур ҳам қилиш қийин эмас.

Тан олишим керак, йўлнинг ҳар йили сел ювиб кетадиган бир сойликда жойлашган қисмида кўприк барпо этилаётганига, бетон қозиқлар қоқилиб, техникалар ишлаётганига кўзим тушди. Балким, йўл тез орада биз истагандек қилиб, таъмирланар. Билмадим, билмадим...

Мабодо мутасаддиларнинг назаридан қолган шу йўл таъмирлангудек бўлса ҳам, ундан узоқ йиллар фойдаланиш учун баъзи чораларни ҳам кўриш керак, деб ўйлайман.

Ҳаммамизга маълумки, водийга элтувчи Қамчиқ довонида «КамАЗ» ва бошқа оғир юк автомашиналари қатнови тақиқлаб қўйилди. Йўллардаги бор асфальтнинг ҳам бундай аҳволга тушишида 10 тоннага мўлжалланган «КамАЗ» юк автомашиналарига 20-25 тонналаб меъёрдан ортиқча юк ортилгани сабабчи, деб ўйлайман. Сурхон воҳасининг ёзги жазирамасида меъёридан ортиқча юк ортилган «КамАЗ» баландликка чиқишда ва тушишда йўл сиртидаги қайнаб ётган асфальтни «ғижимлаб» қўяди. Йўлнинг асфальт бор қисмидаги баландликка чиқишларда «КамАЗ» ғилдиракларига мос ариқ ва йўл ўртасида мини-тоғ пайдо бўлган.

Мутасадди раҳбарлар таъмирлаш қийин бўлган, миллиардлаб пул сарфланган тоғли йўлларда бундай эски машиналар чекловини жорий этиши керакмикан, деган фикрга келдим. Ахир юртимизда 5-10 тоннали ихчам, янги, замонавий «Исузу» юк машиналари ишлаб чиқарилаяпти-ку?

Олтинсой туманидаги ва Бойсунга кираверишдаги ЙПХ постларидан ана шундай ҳолатларни назорат қилишда фойдаланиш лозим. Ҳозирча бу постлар нима учун ўрнатилгани мен учун қоронғу. Чунки бироз олдинда жойлашган «Дарбанд» постидагидек текширув республикамизда фақат Тошкент халқаро аэропортида бўлса керак.

Шуҳрат Шокиржонов,
журналист.

Мавзуга оид